10:05 / 17.02.2015
15 398

Футбол тарихидаги энг тезкор голлар ҳақида

Футбол тарихидаги энг тезкор голлар ҳақида

Дамьен Морининг энг тезкор гол муаллифи сифатида Гиннесс рекордлари китобига кирганига деярли 20 йил бўлди. Биз "Интерфутбол" газетасидаги маълумотлар асосида футбол тарихида кузатилган энг тезкор голларни эсга оламиз.

1,2,3... ва гол!
Австралиянинг «Эделаид Сити» клуби ҳужумчиси Дамь¬ен Мори 1995 йили Гиннесс рекордлари китобидан энг тез урилгани сифатида жой олган голга муаллифлик қилди. Асли словениялик бўлган австралиялик ҳужумчи ҳакам старт ҳуштагини чалгани ҳамоно жамоадошидан тўпни қабул қилиб, тўғри дарвозани нишонга олди. Унинг зарбаси ўта кучли чиқди ва дарвозага аниқ борди. Табиийки, ҳакам голни 1-дақиқага қайд этди. Ўйиндан сўнг эса махсус мутахассислар видеоёзувни таҳлил қилиб, тўпнинг атиги 3,68 сония ичида дарвоза чизиғини кесиб ўтганини аниқлашди. Табиийки, бу рўйхатга олинган мутлақ рекорддир!

Рекордни бўйсиндирганлар
Дамьен Мори шундан кейин Европада ҳам ўйнади, хусусан, Менхенгладбахнинг «Боруссия» клуби шарафини ҳимоя қилди. Австралия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси ҳозир ортга қайтган ва ўша клуби - «Эделаид»да фаолиятининг охирги босқичини ўтказ-япти. Бироқ унинг шуҳрати кўплаб футболчиларга сира тинчлик бермаяпти. Ҳарқалай, ҳар йили Морининг рекорди янгилангани ҳақида хабарлар чиқади. Тўғри, бунга ҳар доим ҳам реал исбот кўрсатилмайди. Бироқ айрим далиллар йўқ эмас. Мисол учун, бразилиялик Фреднинг Сан-Паулу ёшлар чемпионатида ўйин бошланганидан кейин 3,17-сонияда гол урганини тасдиқловчи видеоёзув бор. Уругвайлик Рикардо Оливейранинг голи хусусида ҳам худди шундай дейиш мумкин. У 1998 йили «Сориано» клубига қарши баҳсда дарвозабон ўз жойини эгаллаб улгурмаганини пайқаб, тўпни дарҳол унинг устидан ошириб, тўрга йўллаганди. Лекин бу натижалар рекордлар китобига киритилмаган. Демак, расмий рекорд ҳамон Морига тегишли.

Ҳаваскорлар доирасида
Тезкор голларга боғлиқ аксарият фактлар ҳаваскорлар ёки яримпрофессионаллар турнирига боғлиқ. Бироқ буларда тўпнинг айнан неча сонияда дарвоза тўридан жой олганлигини аниқлаш имкони йўқ ишдир. Ёрқин мисол тариқасида Англия лигасида ёшлар ўртасидаги «Коус Спортс»-«Истлайн» ўйини бошида урилган голни келтириш мумкин. Рефери Жон Соррелл томонидан тўлдирилган ўйин қайдномасига кўра, гол 2-сонияда урилган. Бироқ Марк Барроузнинг амалдаги рекордни 1 сониядан кўпроққа яхшилаганига ишониш қийин. Кўпчилик бу борада бир хил фикрда: «Ҳакам шунчаки, футболчини қўллаб, у билан бирга тарихга киришни истаган...» Ҳа, Гиннесс рекордлар китоби қўмитаси Барроузнинг натижасини тан олган, аммо рекордни «Ҳаваскорлар футболи» бўлимида қайд этган.

Қримча натижа
Собиқ иттифоқ ҳудудида қайд этилган энг тезкор гол анча «ёш». Аниқроқ айтсак, бир неча йил олдин Украина биринчи лигаси иштирокчиси - «Кримтеплица» клуби вакили Роман Войнаровский «Ремикс-Ильичевец» билан ўйинга старт берилганидан атиги 3 сония ўтиб, дарвозани ишғол қилган. Бунда унга дарвозабоннинг қўпол хатоси қўл келганди.

Русча рекорд
Россия чемпионатидаги энг юқори натижа нисбатан камтарроқ. Табиийки, бунда ажабланадиган томони йўқ: турнир даражаси қанчалик баланд бўлса, унда антиқа кўрсаткичлар, ақл бовар қилмас воқеалар шунчалик кам кузатилади. Демак, Россия чемпионатидаги энг тезкор гол муаллифи - Алексей Бичков. У 1999 йили «Ротор» дарвозасини 9-сонияда ишғол қилган ва «Шинник»нинг ғалаба қозонишига ёрдам берган. Бичков шу билан келажак авлод учун рекордни 1 сония юқорига кўтариб қўйган. Чунончи, собиқ иттифоқ футболида энг тезкор гол ўйиннинг 10-сониясида кузатилганди. Унга «Қайрат» ва Киев «Динамо»си ўртасидаги учрашувда машҳур ҳужумчи Евгений Пехлеваниди муаллифлик қилган. Охирги йилларда эса Россия чемпионатида тезкор голлар кам учраяпти. Тўғри, Эменикенинг 2012 йили «Алания» дарвозасига йўллаган тўпини айтиш мумкин. Аммо унинг рекорддан анча йироқ эканлигини таъкидлаш жоиз.

Энг янги мисол
Жорий мавсум «Байер» ярим ҳимоя¬чиси Карим Белараби бундеслига тарихидаги энг тезкор гол муаллифига айланди. 24 ёшли футболчи жамоадоши Себастьян Бёнишнинг тўп узатишидан унумли фойдаланиб, 7-сониядаёқ ўз номини таблога ёздириб қўйди. Эътиборлиси, бу воқеа бундеслиганинг 1-тури доирасида Дортмунд «Боруссия»си майдонида содир бўлди. Митчелл Ланжерак дарвозасининг яқин бурчагига тушган тўп «Боруссия»га шу қадар салбий таъсир қилдики, жамоа ҳалигача ўзини ўнглаб олгани йўқ.
Макаайни эслаб...
Албатта, жиддий турнирларда рекорд ўрнатиш осон эмас. Хусусан, ЧЛ ёки жаҳон чемпионатида оний лаҳзаларда ҳисобни очиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бунинг учун қандайдир мўъжиза ёки ўта кулгули хато зарур. ЧЛ тарихидаги энг тезкор гол ҳам шундай ҳолда қайд этилган. Майдон марказидан таваккалига дарвоза томон кучли зарба ва голкипернинг сира тушуниб бўлмас хатоси. Қисқаси, 2007 йили «Бавария» старт ҳуштаги чалиниши билан қанотдан кескин ҳужумга ўтган ва голландиялик Рой Макаай «Рома» дарвозасига 11-сониядаёқ йўл топган.

Шукурнинг 11 сонияси
ЖЧлар тарихидаги энг тезкор гол эса 2002 йили қайд этилди. Туркия терма жамоаси Жанубий кореяликларга қарши учрашув (3-ўрин учун) бошланиши билан марказ бўйлаб ҳужум ташкил қилди ва унга Ҳоқон Шукур самарали нуқта қўйди. Бу лаҳзада ўйиннинг 11-сонияси ўтиб бораётганди. Аввалги юқори натижа Вацлав Машекка тегишли эди. Унинг 15-сонияда мексикаликлар дарвозасига йўллаган голи нақ 40 йил рекорд мақомида бўлиб келди. Шуни инобатга олиб айтсак, яқин орада Шукурнинг рекорди янгиланмаса керак. Умуман олганда, бу борада баралла гапириш ҳам нотўғри. Ахир футбол турли мўъжизаларга бой. Бундай мўъжизалар ҳар қандай турнирда ва ҳар қадамда юз бериши ҳеч гап эмас.

Манба: www.furkat.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Футбол тарихидаги энг тезкор голлар ҳақида