23:28 / 03.03.2015
6 113

Сергей Лушан: Пенальти ҳаммасини ҳал қилди

Сергей Лушан: Пенальти ҳаммасини ҳал қилди

Осиё Чемпионлар лигаси доирасида "Бунёдкор" ва "Персеполис" клублари ўртасида кечган учрашувдан сўнг (0:1) ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида "қалдирғочлар" бош мураббийи Сергей Лушан иштирок этди. Аввало мураббийдан ўйин ҳақидаги фикрини билдириш сўралди.

- Бу ўйин ҳақида қандай фикр билдириш мумкин? Биз кучли жамоага мағлуб бўлдик. Футболда шунақаси ҳам учраб туради. Мен кеча ҳам энг кучли жамоага қарши ўйнашимизни айтган эдим. Шундай бўлиб чиқди ҳам.

- Жамоа ўйинига тезкорлик етишмади...
- Футболда 90 дақиқа тўлиқ тезкор ўйин кўрсатиш мумкин эмас. Қайсидир вазиятларда жамоа ўйинига нимадир етмай қолди. Керак бўлмаган жойда пеналти ишлаб бердик. Охирги дақиқаларда эса босим уюштиришни уддалай олмадик. Футболчилар ғалаба қозонишни жуда истаган эдилар. Афтидан ҳаддан ортиқ истак уларга панд берди, шекилли. Биз охиригача курашамиз. Футболчиларга ҳеч қандай эътирозим йўқ.

- Элдор Шомуродов яхши ўйнай олмади. Нима учун Шодиев асосий таркибда ўйнамади?
- Шомуродов ўз олдига қўйилган вазифани 90 фоизга бажарди. У ўз ишини қила олди. Шодиевга келсак, у 90 дақиқа ўйнай олмас эди. Шу сабабли захирада олиб қолдик. У жарима майдончаси футболчиси. Агарда майдонга тушгани захоти гол урганида, ҳаммаси жойида бўларди.

- Нима учун Сардор Рашидов юқоридан келадиган тўплар учун курашмайди?
- Бу саволни Сардорнинг ўзига бериш керак. У машғулотларда ўзини яхши кўрсатади. Балки ўйин вақтида буни уддалай олмас. Аслида мукаммал футболчининг ўзи бўлмайди. Сардор бошқа томонлама кучли.

- Шомуродов 90 фоизга ўз олдига қўйилган вазифани бажарганини айтдингиз. Аммо у тўп йўқотиш билан машғул бўлдику?
- Сиз ўйинни кўрдингизми? Элдор бор йўғи тўрт марта тўп йўқотди. Биз рақибдан келиб чиқиб унинг олдинда рақибга босим уюштиришни айтган эдик. У бу вазифани бажара олди. Шодиев эса фақат жарима майдончасида ўйнай оларди. У ҳам вақти келгани заҳоти ўйинга қўшилди ва яхши ўйнади. Шомуродов эса ҳали ёш бола ва бу болакай қўлидан келган барча ишни қилишга интилди. Агарда у гол урганида, қаҳрамон бўларди. Биз ишлашда давом этмоқдамиз. Жамоамиз энди шаклланиб келмоқда. Биз келажак учун интиляпмиз.

- Кейинги ўйинда қандай таркибни туширишни режалаштирмоқдасиз. Ўзгаришлар бўладими?
- Бу ҳақида ҳозир ҳеч нарса дея олмайман. Буни фақат кейинги ўйин олдидан ҳал қиламиз.

- Рақиб жамоа бош мураббийи "Бунёдкор" ўйинини тўлиқ ўрганганини айтди. Аммо сизда ҳам рақибни ўрганиш учун имконият бўлган. Бундан фойдалана олдим, деб ўйлайсизми?
- Биз ўйинга яхши тайёрланган эдик. Аммо ўз хатомиз эвазига уни бой бердик. Пенальти ҳаммасини ҳал қилди. Биз учун бу аламли мағлубият албатта. Аммо бунга боғланиб қолмасдан, кейинги ўйинларда ғалаба қозониш учун ҳаракат қилишимиз керак.

Манба: www.uff.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Сергей Лушан: Пенальти ҳаммасини ҳал қилди