16:28 / 09.06.2015
9 373

Ўзбекистондан валюта олиб чиқиш тартиби ўзгартирилди

Ўзбекистондан валюта олиб чиқиш тартиби ўзгартирилди

Марказий банк бошқарувининг қарори билан регуляторнинг жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон ҳудудидан чет эл валютаси олиб чиқилишига рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги янги Низом тасдиқланди. Бундан буён 2003 йили қабул қилинган Низом кучини йўқотган деб ҳисобланади.
Ҳужжатга кўра, 5 минг АҚШ доллар эквивалентидаги чет эл валютасини Ўзбекистондан олиб чиқиш учун Марказий банкдан рухсатнома олиш талаб қилинади, деб хабар бермоқда Kun.uz.

Аниқланишича, рухсатнома Вазирлар Маҳкамаси фармойиши билан чет элга чиқаётган ҳукумат делегациялари таркибида, доимий яшаш мақсадида, командировкага, ўқиш мақсадида, туризм, даволаниш, қариндошларни кўриш, спорт мусобақалари ва ҳ.к.лар учун чиқаётган шахсларга тақдим этилади.

Бундай рухсатномани олиш учун жисмоний шахслар Марказий банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:
- белгиланган шакл бўйича мурожаатнома, унда исм-шариф, паспорт маълумотлари, давлат ва шаҳар номи, чет эл валютасининг шакли ва ҳажми, чет элга чиқиш мақсади ва муддатлари кўрсатилган бўлиши керак – илгариги низомда аниқ шакл белгилаб берилмаган эди;
- паспорт нусхаси, унда қуйидаги маълумотлар акс этиши керак: серия, рақам ва берилган вақти; паспортни берган орган; Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқини берувчи муҳр (агар талаб қилинса); чет эл давлатига кириш визаси (агар виза тартиби жорий қилинган бўлса); Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтганлик ҳақидаги муҳр;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқини берувчи рухсатнома нусхаси (агар талаб қилинса) – илгариги Низомда бундай ҳужжат рўйхатдан ўрин олмаган эди;
- нақд хорижий валютасининг манбасини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;
- ҳукумат делегацияси таркибида чиқаётган шахслар учун – Вазирлар Маҳкамаси фармойишидан нусха;
- чет элга чиқиш мақсадини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар.
Мурожаатнома келиб тушганидан бошлаб 10 кун ичида кўриб чиқилиб, унга жавоб берилади, яъни мурожаат этувчига рухсат берилади ёки, аксинча, мурожаат қайтариб юборилади. Эски Низомга мувофиқ, кўрсатилган муддатда мурожаатнома фақатгина кўриб чиқилиши талаб этилар эди.
Банк томонидан рухсат берилиши учун асос бўлиб Низомда кўрсатилган мақсадларда чет элга чиқиш ва барча сўралган ҳужжатларни тақдим этиш хизмат қилади. Бу асослардан бирортаси бажарилмаган тақдирда, рухсатнома тақдим этилмайди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистондан валюта олиб чиқиш тартиби ўзгартирилди