16:49 / 18.09.2016
5 621

Стадионларда мухлисларнинг камайиб кетишига нима сабаб бўлмоқда?

Стадионларда мухлисларнинг камайиб кетишига нима сабаб бўлмоқда?

Ўзбек футболида, айниқса, олий лигада ечилмай ётган бир муаммо бор - стадионларга мухлислар ташрифи. Тушунарли қилиб айтганда, ташриф буюрмаслиги. Хўш, стадионларга мухлисларнинг келмаётганига нималар сабаб бўлмоқда?

Биласизми, Тошкент жамоалари иштирокидаги ўйинларга қизиқиш шу даражада паст шекилли, стадионда 1000 нафар мухлисни ҳам кўриш қийин. Чунончи, Ўзбекистон Олий Лигасининг 22-туридан ўрин олган "Пахтакор" ва "Бунёдкор" ўртасидаги учрашув ҳам каттакон ўйингоҳни бўш ҳолатда турганлигини кўриш мумкин. Зеро, учрашувнинг аҳамияти, унинг қиймати юқори бўлишига қарамай, мухлисларни қизиқтирмаганлиги тушунарсиз бўлди. Аввалги йилларда "Пахтакор" стадионида бу икки жамоа учрашувига 3000дан ортиқ ишқибозларнинг ташрифини кузатиш мумкин бўларди. Бу кўрсаткич олий лига учун кўнгилдагидек бўлмасада, йўқдан кўра, бор деб қўйиларди. Кечаги ўйин эса ҳаммасидан ошиб тушди. Бевосита ўйинни кузатар эканмиз, стадионда 1000дан бироз ошироқ мухлисларнинг борлигини кузатдик. Бир томонда 100га яқин "Пахтакор" фан-клуби, яна бир бошқа секторда 100дан камроқ бўлган "Бунёдкор" фан-клуби жой олди. Ўрта секторда эса асосан камчилик бўлган ахл ишқибозлар. Лекин, учрашув сухандони баҳсни 2000дан ортиқ ишқибоз кузатаётганлигини баррала айтиб ўтди. Ҳар тугул, у милиция ходимларини ҳам ҳисобга олган бўлса ажабмас. Ваҳоланки, тартиб-интизомга маъсул бўлган ходимлар анчани ташкил қиларди. Хўш, турнинг марказий ўйини, Тошкент дербиси баҳсини нега камчилик мухлис кузатмоқда? Бунга етарлича сабаблар келтириш мумкин.

Биринчидан, сўнгги йилларда олий лига ўйинлари нуфузини анча йўқотиб қўйди. Бу ҳеч кимга сир эмас. Келишилган ўйинлар билан боғлиқ гап-сўзлар ортиши ҳам мухлисларнинг кўнглига ғулғула солгандир. Ёки бўлмасам, олий лига ўйинларининг етарлича тарғибот қилинмаслиги ҳам сабаб бўлиши мумкин. Учрашувлар реклама деярли йўқ. Бу эса олий лигани безаб турмаётганлиги рост. "Пахтакор", "Бунёдкор", қўйингки "Локомотив"нинг асли ишқибозлари бўлган мухлислар жамоасини қачон ва қайси стадионда тўп суришини олдиндан билади. Шундан келиб чиқиб, стадионга келишди.

Лекин оддий футбол мухлиси марказий ўйиннинг рекламаси, тарғиботи бўлмаганидан кейин, уни қачон ва қайси стадионда бўлишини билмаслиги табиий. Қолаверса, "Бунёдкор"нинг ТТЙМИ стадионида ўйин ўтказганлиги ҳаттоки биз журналистлар ҳам баҳсга бир неча кун қолганидан хабар топиб турибмиз. Ахир, олий лига ҳаваскорлар лигаси эмаску. Биласиз, иккинчи лига ўйинларида шундай ҳолат кузатилади. Мезбон жамоа стадиони ўйинга тайёр бўлмаса, рақибникига йўл олишади. Ёки стадионда қандайдир муаммо юзага келган бўлса, ўйин бошқа ўйингоҳга кўчирилади. Лекин, Олий Лигада бундай ҳолат бўлмаслиги керак. Ахир, бежизга Профессионал лига эмаску? Хуллас, шундай жиҳатлар ҳам мухлисларнинг муҳим ўйинлардан хабарсиз қолиб кетаётганига сабаб бўлмоқда.

Нақадар аччиқ бўлмасин, олий лига ўйинлари футболчиларнинг ҳам жон куйдириб ўйнамаслиги мухлисларнинг ташрифига сабаб бўляпти. Тошкентда бўладиган ўйинларга кам мухлис келиши одатий холга айланган. Вилоятлардаги аҳвол ҳам кўнгилдагидек эмас. Навоий, Бухоро, водий жамоалари иштирокидаги ўйинларга кўп мухлислар ташриф буюришини барчамиз яхши биламиз. Лекин охирги пайтларда уларда ҳам ҳолат анча пастлаган. Стадионга тушган ҳар қандай мухлис билан мулоқат қилиб кўринг, улар майдонда тўп сураётган футболчиларнинг ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилмаганлигини айтишади. Суст футболдан кўра, уйда дам олган яхши қабилидаги иш тутиш шарт бўлиб қолмоқда.

Яна бир жиҳат бу - тақвим билан боғлиқдир. Ёзнинг қоқ марказида бўлган вақтда олий лига ўйинлари давом этди. Бу вақтда Европа ва Жанубий Америкада ҳам йирик спорт турнирлари старт олди. Европа чемпионати ва Америка Кубоги билан бир вақтда олий лига ўйинлари ҳам ўтказилди. Дўппини бошдан олиб обдон ўйлаб кўринг: ким олий лига ўйинларини стадиондан кузатиб туриб, кейин уйга бориб Германия - Франция ўртасидаги учрашувни телевизор орқали кузатишни истайди? Албатта, ҳеч ким. Холбуки, оддий ишқибоз ҳам олий лиганинг тур ўйинларини стадиондан туриб кузатишдан кўра, уйда ҳордиқ чиқарган ҳолда Европа ёки Америка Кубогини кузатишни истарди.

Хуллас, ПФЛ мухлисларни стадионга қайтариш учун янги режим асосида иш бошлаши лозим. Аввало, тур баҳсларини дам олиш кунларига ўтказиш, реклама ва тарғибот ишларини фаол олиб бориш. Ўйин вақтини мухлисларга маъқул келадиган вақтга қўйиш устида бошқотириши керак. Энг муҳими, майдонда тўп сураётган иккала жамоа мухлисларни ўйлаган ҳолда чиройли футбол намойиш қилишни шарт. Шунда ҳозиргидек муаммолар борасида сўз юритишни бас қиламиз!


Манба: Tribuna.Uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Стадионларда мухлисларнинг камайиб кетишига нима сабаб бўлмоқда?