18:38 / 20.10.2016
12 049

Бойларнинг фойдали одатлари

Бойларнинг фойдали одатлари

“Бойларнинг ўз одатлари бор” деб ўйлайди оддий одамлар. Ва улар ҳақ. Айнан ана шу одатлар уларни бойларга айлантиради.

Америкалик Томас Корли яқинда “Rich Habits: The Daily Success Habits Of Wealthy Individuals” деб номланган китобини нашр эттирди. Ушбу китоб кўп йиллик тадқиқотлар асосидаги хулосалар асосида ёзилган.

Беш йил давомида ўтказилган тадқиқотлар жараёнида 200 нафардан ортиқ пулдор инсонлар кузатувда бўлган. Кузатув остидагиларни танлашда йилига 160 минг доллардан кўпроқ пул топадиганлар тоифасига эътибор қаратилган. Таққослаш учун иккинчи гуруҳ ҳам танлаб олинган: уларнинг йиллик даромади 35 минг доллардан кам эди. Ушбу икки тоифадаги кишиларнинг ҳаёт тарзини солиштириш асносида уларнинг кундалик одатларида сезиларли фарқ борлиги аниқланди.

Корли ўз китобида пулдорлар гуруҳида учрайдиган ва кам пул топадиганлар орасида деярли учрамайдиган қатор хусусиятларни қайд этади. Мана, уларнинг айримлари.

Бойлар ҳамиша ўз мақсадларини ёдда тутишади
Пулни кўп топадиганлар ҳеч қачон ўз олдиларига қўйган мақсадларини унутишмайди ва бу мақсадга эришиш учун ҳар куни ҳаракат қилишади. Улар ҳаттоки бир неча йилга режа тузишлари ва ҳаёт тарзини шу режа асосида олиб боришлари мумкин. Бойларнинг 62 фоизи ҳеч қачон ўз мақсадларини унутмасликларини таъкидлашган бўлса, иккинчи гуруҳда бундай кишилар 6 фоизни ташкил этган.

Улар бугун нима иш билан машғул бўлишларини доимо билишади
Молиявий таъминланган кишиларнинг 81 фоизи ўз вақтини самарали ташкил этиш учун рўйхатлар тузишади. Улар кунлик машғулотларини ёзиб қўйишади ва шу асосда ҳаракат қилишади. Кам пул топадиганларнинг эса атиги 19 фоизигина режалаштиришнинг аҳамиятини тушунади.

Бойлар телевизор кўришмайди
Пулдорларнинг 67 фоизи кун давомида телевизор кўриш учун бир соатдан кам вақт сарфлайди. Камбағаллар орасида эса бу рақам 23 фоизни ташкил этади.

Улар китоб ўқишади, лекин вақт ўтказиш учун эмас
Бойларнинг 86 фоизи китоб ўқишни яхши кўришини таъкидлайди ва кам таъминланганларнинг 26 фоизи ҳам мана шундай фикрда. Фақат гап уларнинг қандай мавзудаги китобларни ўқишида. Пулдорларнинг 88 фоизи кунига камида ярим соат ўз малакаларини оширадиган адабиётларни ўқишади. Пулсизларнинг эса атиги 2 фоизигина шундай йўл тутишади.

Улар ўзларини тўлалигича ишга бағишлашади
Биринчи гуруҳдагилар ҳаётда кўп нарсага эришган бўлишса-да, ишлашдан чарчамайдилар. Уларнинг 81 фоизи иш вақтидан ташқари ҳам ишлашларини билдиришган. Кам пул топувчиларнинг 17 фоиздан озроғи иш вақтидан кейин ҳам ишлар экан.

Улар омадга кўп ҳам умид қилишмайди
Кам таъминланганларнинг 77 фоизи баъзан турли лотерея ва ютуқли ўйинларда омадларини синаб кўришади. Бойларнинг атиги 6 фоизи омадларини шарча ва рақамлардан қидиришади.

Бойлар ўз соғликларига эътибор беришади
Тадқиқотларда иштирок этган бойларнинг 57 фоизи ейдиган таомларидаги калорияга эътибор беришларини айтишган бўлса, бу савол иккинчи гуруҳдагиларнинг 5 фоизинигина қизиқтириши маълум бўлди.

Санаб ўтилган одатлар сизнинг бойишингизга кафолат бермайди. Лекин шуниси аниқки, бу одатлар сизни муваффақият сари етаклайди. Бу одатларга ўрганиш ҳар кимнинг қўлидан келади.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бойларнинг фойдали одатлари