Йўл ҳаракати қоидаларида қандай ўзгаришлар юз берди? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
19-11-2016 | 15:21 ZAMIN.UZ / Авто / 19 Ноябр 2016 года
1 162

Йўл ҳаракати қоидаларида қандай ўзгаришлар юз берди?

Йўл ҳаракати қоидаларида қандай ўзгаришлар юз берди?

Мамлакатимизда 2016 йилнинг 1 март кунидан бошлаб янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари амал қилмоқда. Унда эса ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи бир қатор янги меъёрлар жорий этилган. Шу боис Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати юзага келди. Натижада янги ўзгаришлар ва қўшимчалар ишлаб чиқилиб, 2016 йил 24 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан амалга жорий этилди. Ушбу янги ўзгаришлар ва қўшимчалар тўғрисида ва унга сабаб бўлган Йўл ҳаракати қоидаларидаги янги меъёрлар тўғрисида ўқувчиларимиз учун батафсилроқ тушунтириш беришларини сўраб Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ бошлиғи, полковник Холматжон САЙДАЛИЕВга мурожаат қилдик.

— Холматжон Аҳмедович, аввало, Йўл ҳаракати қоидаларига киритилган янги меъёрлар йўл ҳаракати хавфсизлигида қанчалик аҳамиятга эга эканлиги тўғрисида маълумот берсангиз.

— Ҳозирги кунда бутун дунёда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб муаммолардан бирига айланган. Чунки йўл-транспорт ҳодисалари натижасида мамлакатлар иқтисодиёти жуда катта зарар кўрмоқда. Шунингдек, бундай кўнгилсизликлар маънавий жиҳатдан инсонларга ҳам ўнглаб бўлмас даражада зиён етказяпти. Машина уриб кетиши оқибатида ҳаётдан бевақт кўз юмаётган бегуноҳ инсонлар орасида кимнингдир отаси, онаси, яна кимнингдир жондан азиз фарзандлари борлигини тасаввур қиладиган бўлсак, бу ҳодисаларнинг аянчли кўриниши кўз олдимизда яққол намоён бўлади.

Олдимизда ана шундай муаммо турган экан, унинг ечимини топиш устида ҳамма бирдек бош қотирмоғи лозим. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 370-сонли қарори билан кучга кирган ҳамда мамлакатимизда 2016 йилнинг 1 мартидан бошлаб амалда қўлланилаётган бир қатор ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз ичига олган янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари айнан ана шу муаммолар ечимига тўғри ва оқилона йўл топиш мақсадига хизмат қилади.

— “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга кўра қайси ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилди?

— Шу йилнинг 24 сентябь кунидан бошлаб расман кучга кирган ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг (Бундан кейин — МЖТК) 125-, 128-, 138- ва 248-моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

— Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларида автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига автомобилдаги бошқа йўловчиларнинг қилмишлари учун ҳам жавобгарлик белгиланган, шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Биласиз, сўнгги вақтларда, айниқса, тўй-тантаналарда танасини ташқарига чиқариб видео тасвирга олаётганлар тез-тез учраб турибди. Бу эса ҳаракатланиш хавфсизлигига жиддий раҳна солади. Эндиликда ҳайдовчи ҳаракатни бошлашдан олдин йўловчиларни ҳаракат вақтида танани (қўлни чиқариш бунга кирмайди) автомобиль салонидан ташқарига чиқариш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантириши шарт. Агар ЙПХ инспекторлари томонидан шундай қоидабузарлик аниқланадиган бўлса, ҳайдовчига нисбатан МЖТКнинг 1285-моддаси 2-қисми асосида чора кўрилади. Яъни бу ҳайдовчи республикамизда жорий этилган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баробарида жарима тўлайди.

Худди шу талаб Йўл ҳаракати қоидаларининг йўловчиларга тегишли 24-бандига ҳам қўшимча қилинди. Демакки, шундай қоидабузарлик содир этган йўловчиларга нисбатан ҳам МЖТКнинг 138-моддаси 4-қисмига асосан жавобгарлик белгиланди. Яъни йўловчиларнинг бу қоидабузарлиги уларга энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида жарима солинишига асос бўлади.

— Автотранспорт воситасида бўлиши шарт қилиб қўйилган жиҳозларнинг муҳимлик жиҳати нималарда акс этади?

— Ҳа, бундай қўшимча талаблар ҳам кимлар учун ортиқча харажатдек. Кераксиз даҳмазадек туюлаётган бўлиши мумкин. Аммо бу талаблар зарурий эҳтиёждан келиб чиқиб, хавфсизликни таъминлаш мақсадида киритилди. Битта мисол, куннинг қоронғи вақтларида, айниқса, ёритилмаган жойларда транспорт воситаси бирон-бир сабаб билан, масалан, носозлик туфайли тўхтаб қолиши мумкинми? Шундай вақтда ҳайдовчи машинасини таъмирлаш учун ташқарига чиқади. Натижада хавфли ҳолат юзага келади. Йўлдан ўтаётган транспорт воситалари ҳайдовчилари таъмирлаш ишлари билан банд бўлган ҳайдовчини кўрмай қолишлари мумкин. Айниқса ёғингарчиликли тунларда бунинг эҳтимоли ниҳоятда кучаяди. Мана шуларни эътиборга олиб, тунги вақтларда ҳайдовчиларга нур қайтарувчи махсус нимчаларни кийиб олиш мажбурияти юклатилди. Эндиликда ҳар бир транспорт воситасида тиббиёт қутичаси, ёнғин ўчиргич, мажбурий тўхтаганни билдирувчи белги билан биргаликда нур қайтарувчи махсус нимчалар ҳам бўлиши, шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларининг 3-иловасига кўра фавқулотда ҳолатларда ойнани синдириш учун фойдаланиладиган болғача (болғача фақатгина М2 ва М3 тоифадаги йўловчи ташувчи транспорт воситалари учун) билан жиҳозланиши шарт.

Шу ўринда маълумот сифатида айтиб кетишимиз керак, М2 тоифага йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган, ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ ва энг катта вазни 5 т гача бўлган автотранспорт воситалари, М3 тоифага эса йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган, ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ ва энг катта вазни 5 т дан кўп бўлган автотранспорт воситалари киради.

Фойдаланишда бўлган автотранспорт воситасида ушбу жиҳозлар бўлмаганида МЖТКнинг 125-моддаси 2-қисмига кўра энг кам ойлик иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима жазоси қўлланилади.

— Сўнгги вақтларда йўлда ҳаракатланаётган пиёдалар, айниқса, ёшларни уяли телефондан, планшетлардан фойдаланишлари, қулоқларига турли мосламаларни тақиб олиб гаплашиб кетишлари оқибатида юзага келаётган турли кўнгилсизликлар ҳақида эшитамиз. Бундай ҳолатларни олдини олиш йўлида нима ишлар қилиняпти?

— Кундалик маълумотларимиз орасида айнан шу ҳолат сабабли транспорт ғилдираклари остида қолиб, ҳаётдан кўз юмганлар тўғрисидаги маълумотлар талайгина. Йўл ҳаракати қоида­ларининг 19-бандида пиёдаларга йўлда юрганда, пиёдалар учун ажратилган жойлардан ўтаётганда хаёлни чалғитувчи нарсалардан, жумладан, телефон, планшетлардан фойдаланиш, видео кўриш, газета, журнал ва китоб ўқиш ман этилди. Эндиликда ушбу турдаги қоидабузарлик учун МЖТКнинг 138–моддаси 1–қисмига асосан чора кўрилади ва энг кам ойлик иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жарима қўлланилади.

— Йўловчи ташувчи транспортларга қўйилган янги талаблар ҳақида ҳам маълумот берсангиз?

— Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларида ташкилий равишда одам олиб кетаётган, йўловчиларни ташиётган автобуслар, микроавтобуслар, шунингдек, мотоцикл ва мопедлар хавфсизликни таъминлаш чораларини кучайтириш учун куннинг ёруғ пайтида ҳаракатланаётганда ҳам яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб юришлари шарт, деб белгиланди. Ушбу тартиб Йўл ҳаракати қоидаларининг 128-бандига қўшимча қилиб киритилди. Бу турдаги қоидабузарлик аниқланса, ҳайдовчига нисбатан МЖТКнинг 128-моддаси 1–қисмига асосан жазо чораси қўлланилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солинади.

“Avto plyus” газетаси махсус мухбири
Ирода АЗИМОВА суҳбатлашди.

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru