“Агробанк”нинг “Фаровонлик” лотереяси натижалари эълон қилинди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

“Агробанк”нинг “Фаровонлик” лотереяси натижалари эълон қилинди

“Агробанк”нинг “Фаровонлик” лотереяси натижалари эълон қилинди

“Агробанк” ўзи ўтказган “Фаровонлик” (“Farovonlik”) пул-буюм ютуқли, тиражли лотереяси ютуқлар тиражи расмий жадвалини эълон қилди. Бу ҳақда 29 декабрь, душанба куни банк матбуот хизмати хабар берди, дея ёзади kun.uz.

Лотерея тиражи 2014 йилнинг 26-27 декабрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтди. Унда 5та разряд бўйича умумий суммаси 22,5 милилард сўмдан ортиқ бўлган 1,118 миллионта пул-буюм ютуқлари ўйналди.

“Агробанк”нинг қайд этишича, серия рақами 001128, билет рақами -178 бўлган лотерея билетига Malibu (3-позиция) автомобиль ютуғи чиққан. Серия ва рақами худди шундай лотерея билетининг қолган разрядлари бўйича ҳам шундай ютуқ чиққан ҳисобланади.

Ютуқ чиққан билетларнинг серия ва рақамлари билан қуйидаги ҳаволада жойлашган pdf-файл орқали танишиш мумкин. Ютуқлар жадвали серия рақами олдига * (юлдузча) белгиси қўйилган бўлса, шу сериянинг қолган 199та билет рақамига 10 минг сўмдагн ютуқ чиққанини билдиради.

“Фаровонлик” лотереяси тиражи ютуқлар жадвали (pdf)

“Агробанк”нинг маълум қилишича, барча турдаги буюм ҳамда 100 минг сўмдан юқори пул ютуқли лотерея билетлари “Агробанк” АТБ Марказий аппаратига банк филиаллари томонидан экспертизага топширилади ва экспертиза хулосаси олинган кундан бошлаб 1 ой ичида тўланади.

100 минг сўмгача ва 100 минг сўмлик ютуқли билетлар “Агробанк” АТБ филиаллари томонидан ютуқлар тиражининг расмий жадвалига асосан қабул қилинади ва ютуқ эгаларига 1 (бир) банк иш куни мобайнида тўлаб берилади.

Ютуқли билетлар ютуқлар тиражи ўтказилган кундан бошлаб 100 (бир юз) кун муддат ичида тўловга қабул қилинади. Ушбу муддат ўтганидан сўнг ютуқли лотерея билетлари ўз кучини йўқотади ва тўловга қабул қилинмайди.

Ҳозирча лотерея натижаларини банк сайтида эълон қилинган pdf-файл орқали текшириш мумкин. “Агробанк”дан маълум қилишларича, унинг сайтидаги “Лотерея ютуғини текшириш” саҳифасида 30 декабрь оқшомдан натижаларни автоматик равишда, қулай кўринишда текшириш мумкин бўлади.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru