Севинч Мўминова: “Севги масаласида ҳафсалам пир бўлган…” » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
10-06-2016 | 23:12 ZAMIN.UZ / Маданият / 10 Июн 2016 года
2 402

Севинч Мўминова: “Севги масаласида ҳафсалам пир бўлган…”

 Севинч Мўминова: “Севги масаласида ҳафсалам пир бўлган…”

Вақт ўтгани сайин одамнинг нафақат ташқи кўриниши, балки унинг ҳаётга бўлган қизиқишлари, қарашлари ва хоҳишлари ҳам ҳам ўзгариб бораркан. Ўзида турли маъноларни қамраган ушбу сўзлар сайтимизнинг бу галги меҳмони – Севинч Мўминовага тегишли, дейилади "Кун" нашрида. Зеро суҳбат давомида айтилган бу гапларнинг ростлигига хонанда билан суҳбатлашиш жараёнида ўзимиз ҳам амин бўлдик.

Севинч Мўминова илгаригидек шўх-шодон кулса-да, бу кулгу ортида ажиб маъюсликлар бордек туюлди. Аммо бугун унинг ўзига бўлган ишончи, ижодга бўлган иштиёқи нафақат ўша-ўша, балки Севинч аввалгидан ҳам кучлироқ “ёнаётганлигини” пайқаш қийин бўлмади.

Бунга суҳбат давомида ўзингиз ҳам қисман гувоҳ бўлишингиз мумкин.

- Севинч опа, оилали бўлганингиздан сўнг деярли ижод қилмай қўйдингиз.

- Янги қўшиқ ва клипларни, албатта, яратяпман. Охирги ижод қилган “Кўйлагим”, “Ёлғончи ёр”, “Тақдир”, “Дўқи-дўқи”, “Кўлган гадар” қўшиқларимни клиплари билан тақдим этдим. Ҳозир яна иккита қўшиғим тайёр ва бу қўшиқларни яқин кунларда клип билан тақдим этишни режалаштирганман. Қўшиқ мавзуси ва клип ғояси ҳақидаги сирларни ҳозирча очолмайман. Ўйлайманки, бу гал ҳам қўшиқларим мухлисларимизга манзур бўлади.

Биласизми, санъаткор аёл барибир оилам дейди, боласига, ўзига вақт ажратади... Оддий, санъаткор бўлмаган аёлларни мисол қилиб олсак, улар ҳам ҳозирги кунда боласини энагага беряпти. Масалан, мен боламни энагага топширгим келмади, қизимга ўзим қарашни афзал кўрдим. Чунки ҳеч бир энага болага ўз онасидек меҳр беролмайди. Шу боис ижодимга кўпроқ вақт ажратолмадим. Лекин бундан афсусланмайман. Сабаби, унутилмас ва бахтли дамларни фарзандим билан ўтказдим, деб айтишим мумкин. Сентябрь ойида қизим беш ёшга киради насиб бўлса.

- “Ёлғончи ёр” қўшиғингиз клипи билан айни шахсий ҳаётингиз билан боғлиқ миш-мишлар тарқалган пайтда экранда тақдим этилди. Шу боис мухлислар бу қўшиқ сизнинг ҳаётингиздан олинган бўлса керак, деб тахмин қилишди...

- Биласизми, севги бу жуда маъсулиятли, покиза туйғу. Айрим эркаклар севаман, ўлдим, куйдим деб бир икки қадам юргач “кўзи олма кесак теради”. Бунақа ҳолатларга атрофда кузатиб жуда кўп гувоҳ бўлганлигим учун менда шу мавзуда қўшиқ куйлаш истаги пайдо бўлди. Севган одамнинг кўзи бошқасини кўриши, бошқаси ҳақида ўйлаши мумкин эмас. Тўғри, “эркак киши етти қадам юргач бўйдоқ”, эркак кишига бўлаверади, дейишади. Лекин бўлавермайди-да! Шу боис “Ёлғончи ёр” қўшиғини куйладим. Аммо бу қўшиқда менинг шахсий ҳаётим, кечинмаларим ифодаланган, дегани эмас. Ҳар бир одамнинг виждони бўлиши керак. Севдими, садоқат қилиши, севгисини қадрига етиши керак...
 Севинч Мўминова: “Севги масаласида ҳафсалам пир бўлган…”

- Севги борасида қарашларингиз жуда жиддийку? Аммо шу туйғу сизнинг қалбингизда қандай ўрин қолдирганлиги биз учун қизиқ...

- (Узоқ ўйланиб) Очиғи, севги борасида ҳафсалам пир бўлган. Бу тўғрисида бошқа ҳеч нарса дея олмайман.

- Бугунги кунда турмуш ўртоғингиз билан яшамаётганингиз ҳақида тарқалган миш-мишларга ҳам изоҳ бермайсизми?

- Йўқ, мутлақо ҳеч нарса дейишни хоҳламайман. Майли, кимдир билар шахсий ҳаётим ҳақида, кимдир йўқ. Лекин нима бўлганда ҳам, айтишим мумкинки, мен яхши рафиқа ва яхши она бўлишга ҳаракат қилдим. Ўзимни оқлаб, ундоқ эди, бундоқ эди, деб айтмайман. Чунки бўрининг еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон дейишади. Ҳақиқатни Оллоҳ билса бўлди, бошқалар олдида ҳисоб беришга мажбур эмасман.

- Ҳозирги санъаткор устоз санъаткорларнинг қўшиқларини куйлаяпти. Лекин сизнинг ижодингизда бирорта ҳам устоз санъаткорнинг репертуаридан куйланган қўшиқ йўқ, тўғрими?

- Очиғи, бу ният менда ҳам бўлди. Мен қўшиқларини севиб тинглайдиган хонанданинг бир қўшиғи ёқади-ю, аммо уни аёл хонанда ижро этолмайди-да. Масалан, менга Муҳриддин Ҳолиқовнинг (ҳиргойи қилиб):

Кечагина қишлоқдаги қизларнинг бари,

Менга зимдан қиё боқиб қарашарди,

Қарамаса уйларига тунда бориб,

Тошлар отиб қочар эдим ярашарди.

Энди... тасаввур қилинг, мана шу қўшиғини мен куйласам, эшитганлар нима дейди? Ёки сўзларини ўзгартириб,

Қарамаса уйларига тунда бориб,

Тошлар отиб қочар эдим, ярашарди десам... (тасаввур қилиб, қаттиқ кулиб юборди).

Кўрамиз, балки архивлардан мен ижро этсам бўладиган бирор қўшиқ чиқиб қолар?
 Севинч Мўминова: “Севги масаласида ҳафсалам пир бўлган…”

- Халқимиз орасида “Иккита қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамайди”, деган ибора бор. Илгари аксарият санъаткорлар “иккита санъаткор бирга турмуш қуриб яшаши мумкин эмас”, деган фикрда бўлишарди. Нега шундай фикрда бўлишган экан? Бугун эса санъаткорларнинг турмуш қуриши урфга кириб қолди. Сиз санъакор билан турмуш қурдингиз. Бу борадаги фикрларингиз қандай?

- Биласизми, буни ҳам яхши ҳам ёмон томони бор. Яхши томони шундаки, турмуш ўртоғингиз санъаткор бўлса сизни яхши тушунади, керакли маслаҳатларни беради. Ижод борасида истаганча суҳбатлашиб ўтиради. Ёмон томони эса... билмадим, гапирсам ғалати бўлиб қолар. Шу боис келинг, бу тўғрисида гапирмай қўя қолайлик.... Иложи бўлса санъаткор билан санъаткор турмуш қурса ҳам, хонанда билан хонанда турмуш қурмагани маъқулроқмикан деб ўйлайман. Масалан, бизнинг оиламизда иккимизнинг дидимиз ҳам, йўналишимиз ҳам бошқа-бошқа эди. Шу боис ижод борасида, албатта, фикрларимиз келишмай қолиши табиий ҳол.

- Турмушга чиқишингиздан аввал ижодингиз ҳам сермаҳсул эди. Фильм, клиплар дегандек... Яқинда бир фильмда Шароф Муқимов билан биргаликда суратга тушдингиз халос.

- Кинода суратга тушмай қўйганлигим сабаби, бу борада турмуш ўртоғим томонидан қаршилик бўлиб, “Кинога тушсанг, фақат мен билан тушасан. Бошқаси билан эмас”, деган талаблар бўлди. Шу боис кинолардан келган таклифларни ҳам рад этиб келаётгандим. Биласизми, шахсий ҳаётим ҳақида гапиришни умуман истамайман. Бу бошқа журналистларга ҳам тегишли.

Аммо энди фильмларда ҳам суратга тушаман, ижодга ҳам жиддий бел боғлайман. Сабаби, яқинда катта стадионларнинг бирида концертда қатнашиб, мухлисларим мени нақадар соғинганлигини ҳис этдим. Уларнинг мени илгаригидек шовқин-сурон билан, олқишлар билан кутиб олгани менинг руҳимни кўтариб юборди. Ижод қилишга бўлган иштиёқимни оширди.

- Ижодингиздаги шунча “пауза”дан сўнг сизни мухлисларингиз яна илгаригидек кутиб олишларига сабаб нима, деб ўйлайсиз?

- Сабаби, мени мухлисларим юракдан севган экан... Юракдан севган ва севилган хонанда бўлганлигимни ҳис қилдим. Баъзи бир санъаткорларга ўхшаб рекламанинг кучи билан рейтингни ушлаб турмаган бўлсам ҳам, мени яхши кутиб олишди. Бу мен учун катта бахт! Баъзи мухлисларим қўшиқларимни ўзлари топиб эшитаётганликларига гувоҳ бўлиб, хурсанд бўламан. Демак, мен уларнинг кўнглига етиб борадиган қўшиқлар куйлай олибман. Демак мен уларнинг қалбини ўқий олибман.

- Агар 20 йил ортга назар ташлаб, ижодингизни сарҳисоб қилсангиз, нималарга амин бўласиз?

- Ижодда жуда кўп иш қилган эканман. Чарчамаган эканман. Баъзи мухлислар мени шунча энергияни қаердан оласиз, - сиз “редбул”сиз дея хазиллашишарди. Шу билан биргаликда ортга боқиб, ижодимга йўл қўйган хатоларимни, соддаликларимни кўраман. Камчиликларимни кўриб, ўчиринглар ёки олиб ташланглар бу клипни ёки қўшиқни деб туриб оламан (кулади). Бугунга келиб, овозим ўзгарганини кўраман. Вақтлар ўтиб, санъаткорнинг овозида ҳам ўзгаришлар пайдо бўлади. Мана, ҳозирги овозим ўзимни қониқтиради.
 Севинч Мўминова: “Севги масаласида ҳафсалам пир бўлган…”

- Энди 20 йил олдинга қадам ташлаб, ижодингиз қандай шаклланишини тасаввур қилиб кўрамиз...

- Йўғ-е, шу умр ўтаётганини эслатманг, юрагимни эзманг (кулади). Лекин шуни айтишим мумкинки, вақт давомида инсоннинг нафақат ташқи кўриниши, балки характери ҳам ўзгариб, фикрлашлари ҳам аввалгисидан фарқлана бораркан. Шундай экан, 20 йилдан сўнг ёшимга яна 20 ёш қўшилса, ўшанда қанақа фикрлайман билмадим-у, лекин ёшимдан келиб чиқиб қўшиқлар куйлашим мумкин. Келажакни ҳеч ким олдиндан айтиб беролмайди. Бунисини эса вақт кўрсатади.

- Санъаткорларнинг ҳар йили “Истиқлол” саройида концерт бериши ҳам анъанага айланиб бормоқда. Сиз бу ҳақда ўйлаб кўрмаяпсизми ёки бунга руҳан тайёрмасмисиз?

- Ие, нега энди? Бунга юз фоиз, керак бўлса икки юз фоиз тайёрман. Мен ҳам концерт бериб, мухлисларимга янада яқин бўлишни, улар меҳрини ҳис қилишни истайман. Боя айтганимдек, энди ижодга жиддий ёндошарканман, албатта, концерт беришга ҳам астойдил ҳаракат қиламан. Балки бу йил концерт берарман. Ўзи ҳисоблаб кўрсам, ижодимни бошлаб, катта саҳналарда чиқа бошлаганимга ҳам 20 йил бўлипти. Энди шунча йилдан сўнг мен концерт беришга тайёр эмасман, десам жуда кулгули бўладику?

Айтишим мумкинки, ҳозир ҳам бемалол икки ярим соат давомида мухлисларимни зериктирмай, кайфиятини кўтаришга, қўшиқларим билан уларнинг қалбига кириб боришга ўзимга юз фоиз ишонаман. Очиғи, бу саволингиз менга ғалати таъсир қилди(кулади). Шу йил концерт бермасам-ми? (кулади).

- Кутиб қоламиз. Ижодингизга эса омад тилаймиз! Kun.uz сайти мухлисларига тилакларингиз.

- Раҳмат! Албатта, бунга ҳаракат қиламан. Kun.uz сайтида шоу-бизнес мақолалари ёритилиб борилаётганидан хурсандман. Чунки Kun.uz сайти ҳам санъаткорлар билан мухлислар ўртасида бевосита кўприк бўлишга аҳд қилибди. Ижодингизга омад тилайман. Мухлисларимизга эса инсонга ҳамиша керак бўлган соғлиқ, омад, бахт ва оилавий хотиржамлик тилайман.
 Севинч Мўминова: “Севги масаласида ҳафсалам пир бўлган…”

Суҳбат якунидан сўнг, хонанда билан хайрлашгач, ҳаёлларга берилдим. Мағрур, ўзига жудаям ишонган, қатъиятли, кучли ва меҳрибон она...

Севинч Мўминова ўзига яраша сермаҳсул ижод қилди, ўзбек миллий эстрада қўшиқчилиги санъатига ўзининг муносиб ҳиссасини қўша олди. Лекин ҳали бу билан унинг ижоди тугади демоқчи эмасмиз. Бунга унинг мухлислари ҳам рухсат бермайди. Шуларни ҳис қилган ҳолда энди Севинч мақтовлардан баланд бўлиб, илгаригидан-да самарали ижод қилса бас.

Тилагимиз, бу йўлда унинг барча йўллари очиқ бўлсин.

Моҳичеҳра Эшмирзаева суҳбатлашди

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • +1
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru