18:29 / 25.09.2016
6 928

Кинотақриз: Хотирани-да хуруж қилдирадиган ишқ қиссаси…

Кинотақриз: Хотирани-да хуруж қилдирадиган ишқ қиссаси…

Журналист Ўткир Жалолхонов ўз кинотақризида ўзбек киноихлосмандига жаҳон киноси намуналаридан бирини тавсия этади.

Иш куни охирлаганда одам шунчалик чарчаб кетдики… Иш чарчатмади, қаёққа қарасанг, портлаган, ёнган, ўлдирилган. Ёмон хабарлардан одамнинг мияси портлаб кетай дейди. Тун ярмига яқинлашиб қолган, ҳамон ишхонада эдим. Ҳаёт гўзалликларини унутаёзган хаёлимга ёрдам берар деб Google’га мурожаат қилдим. Янгиликлар бўлимини танлаб, қидирув майдонига қадрдон исмни ёздим: Жузеппе Торнаторе. Google шундай катта хушхабар бердики, ҳамма ёмон нарсалар ёддан кўтарилди: Жузеппе Торнаторе янги фильм ишлади. Асар (бу ижодкорнинг ҳар бир киноси асар дегулик) бир ойча илгари рус тилига ўгирилган экан. У ҳақида ёзилган икки қатор гапнинг ўзи қанчалик ажойиб эканини кўрсатиб турарди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Ахир уни “Жузеппе ака” ишлаган-ку! Шу кундан ҳаловат қочди. На ишда унум бўлди, на юриш-туришда. Фильм хаёлдан кетмади. Русча номи “Двое во вселленних” (La Corrispondenza). Икки-уч кундан кейин топдим. Ҳаяжон билан экранга тикилдим ва … Анчадан бери яхши кино нима эканини унутиб қўйганим учун қалбим ором топди. Шундай ижодкорлар борлигига шукур. Ҳар қандай асари санъатни безаб турадиган киночилар бор экани неъматдир-да?! “Пианиночи ҳақида афсона” (Бош ролда Тим Рот ўйнаган), “Ҳаммаси кўнгилдагидек” (Бош ролда Марчело Мастрояни), “Малена” (Бош ролда Моника Белуччи), “Янги Парадизо кинотеатри” ва “Энг яхши таклиф” каби ажойиб фильмлари кўнгилларга кириб борган Жузеппе Торнаторенинг бу галги фильми хаёл, муҳаббат ва хотиранинг ёқимли хуружи ҳақида…

Кимнидир соғинсагиз‑да, уни кўришга имкон бўлмаса, ёлғизликни хоҳлайсиз. Иложи бўлса, сув жилдираб турган ёки машиналарнинг шовқини узоқдан эшитилиб турган қоп-қоронғу дарахтзор. Юрак фақат бир нарсани хоҳлайди: ўйлашни, хаёл суришни. Соғинган инсонингиз ҳақида кулиб, йиғлаб, ер тепиниб, осмонга, юлдузларга қараб ўйлагингиз келади. Хуруж қилади… Хаёл хуруж қилади, хотиралар, инсонни кул қилиб юборадиган қарашлар хуруж қилади. Мана шу хотиралардан ажралиб қолишни тасаввур эта оласизми? Доим ёнингизда бўлишини истаганингиз, севганингиз, кўз очиб кўрганингизга айланмаса‑ю, уни фақат кўзларни юмиб кўрсангиз, хотиралардан бўлак у билан боғлайдиган ҳеч нарсангиз бўлмаса… Охир-оқибат, мана шу хотиротлардан ҳам айрилишни тасаввур эта оласизми? Бу жуда оғирку?!..

Фильминг бош қаҳрамони ёшгина, чиройли қиз (Жузеппе аканинг фильмларида узоқдан кўриниб кетадиган аёл ҳам чиройли бўлишига алоҳида эътибор берилади). У фильмларда мураккаб саҳналарни ижро этади. Хуллас, каскадёр. Қизнинг севгилиси ёши ундан анча катта бўлган физик олим. Доим сафарларда, конференцияларда юради, лекин қизни бир сония ҳам ёдидан кўтармайди. Унга ҳар куни видеохабар юбориб туради. Қизни шунчалик яхши биладики, у қачон нима қилиши‑ю, уйғонганда қандай қилиқлар қилишигача ёддан билади. Ҳар куни кутилмаган сюрпризлар қилиб, қизни хурсанд қилади.

Бир куни қиз университетда, физика дарсида ўтирган бўлади ва ўқитувчи барчадан машҳур физик олим ҳалок бўлгани муносабати билан бир дақиқа сукут сақлашни сўрайди. Экранда эса ... қизнинг севгилиси профессорнинг сурати пайдо бўлади. Ҳаммаси шундан бошланади. Қиз бунга ишонмайди, чунки севгилиси унга ҳар соатда видеохабар юбориб турган эди. Бу хабардан шокка тушиб, Лондонда ўқийдиган олимни қидириб, Эдинбургга жўнайди. Севгилисининг уйи олдига келганида телефонига хабар келади: “Агар сени ростдан ҳам яхши билсам, сен ҳозир Эдинбургдаги уйим олдидасан”. Қиз алқдан озай дейди. Бутун шаҳардаги қабристонларни кезади ва севгилиси ростдан ҳам ўлганини билади. Бироқ хабарлар келишдан тўхтамайди. Ундан ҳар куни смслар, видеохабарлар келавериши қизни телбага айлантиради. Чунки у қиз қаерда эканини аниқ билар ва айни вақтда нима қилаётганигача айтиб берарди. Бу ҳеч қандай мўъжиза эмас, шунчаки … маъшуқасини жуда яхши биларди.

Кунларнинг бирида қиз барчасини аниқлаштирадиган хат олади: “Жонингга тегиб кетганимни биламан. Агар хатлар ва совғалар келиши тўхташини хоҳласанг, менинг электрон почтамга исмимни 11 марта ёзиб юбор ва ҳаммаси тугайди”. Асабийлашиб турган вақтида қиз шундай қилади ҳам. Лекин… энди у учун ҳақиқий жаҳаннам бошланади. Севгилисидан келиб турган хатлар, видеолар, совғалар тўхтаб қолади. … У бедаво дардга чалинганини билгани учун ҳаётининг охирги икки ойини севгилисига смс ва видеохабар ёзиш билан ўтказганди. У тайёрлаган сюрпризлар бир неча йилга етгулик бўлади. Техника билан “на ты” бўлган олим почта хизмати ва дўстларига керакли топшириқларни берган, почтасига севгилиси томонидан исми 11 марта ёзилган хабар юборилса, барча хатлар юборилиши тўхтайдиган система яратганди.

Қиз ўша кундан ҳаётидаги барча нарсани унутади ва севгилиси ёзган хатлар, видеолавҳалар келишини тиклаш ҳақида ўйлайди. Унинг барча дўстларини, унга хат юборган почта хизматларини оёққа турғазади, лекин почтага юборилган хабардан кейин барча жўнатмалар ортда қайтарилган эди.

Ҳаётдан тўйиб кетган қиз бир куни севгилисининг почтасига ўзининг исмини 11 марта ёзиб юборади ва … Ва ҳаммаси яна тикланади. Севгилисидан телефонига видеохабар келади: “Ярашиб олганимиздан хурсандман, энди яна сенга хабар ёзишим мумкин”. Шундан кейин яна хатлар кела бошлайди. Қизнинг хотира хуружи босилади… Денгизга қараб севгилисининг видеохабарини томоша қилаётган қиз тасвири билан фильм тугайди…

Ҳақиқий санъат асарини соғинганлар, такрорланмас ижодкор Жузеппе Торнаторенинг навбатдаги шедевр фильмини кўрсангиз, афсусланмайсиз.


Ўткир Жалолхонов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Кинотақриз: Хотирани-да хуруж қилдирадиган ишқ қиссаси…