17:06 / 21.12.2016
11 756

Ғишт заводидаям, қозон бошидаям, микрафон олдидаям АРТИСТЛАР

Ғишт заводидаям, қозон бошидаям, микрафон олдидаям АРТИСТЛАР

Ҳар қандай кўрсатувни, унинг ғоясини, яхши томонларини айнан кўчириш, ижобий маънода ўғирлаш мумкин. Фойдали бўлса бўлди-да.

Лекин гап бу ҳақда ҳам эмас. Артистлар жонга тегиб кетди. Эркак бўла туриб, қозон бўйида овқат қилаётган ҳам шулар, ётоқхонасини кўрсатаётган ҳам шулар, ҳожатхона унитазида ўтирволиб, рекламага тушаётган ҳам шулар, диний мавзуда ақл ўргатаётганлар ҳам артистлар, китоб ўқишни тарғиб қилаётган ҳам шулар, оилани мустаҳкамлаш бўйича тавсия бераётган ҳам шулар. Ҳолбуки, уларнинг кўпи хотинбоз, китоб деганини очиб ҳам қарамайди, усти ялтир-юлтир, ичи маънавий қашшоқ одамлар, пул, обрў учун тўйларда бир-бирининг этини ейдиган паст кимсалар. Ахлоқсизлари қанча.

Яна айтаман, ҳамма артист эмас, айримлари!

Лекин, кўпинча ана шу «”айрим”лари кўп чиқади ТВда, “сариқ матбуот”да.

Нима, Ўзбекистонда артистдан бошқа фикрлайдиган одам йўқми? Болаларимизганинг маънавиятини бойитишда шу отарчилардан ўзга восита қуриб битганми? Улардан енгилтагликни ўрганиши шартми болаларимиз? Бугун биттасига, эртага иккинчисига уйланиш, эрга тегишни ўргансинми? Бир-бирининг хотинига уйланиш қандай бўлишинии тарғиб қиламизми шулар воситасида?

“Халқ яхши кўради шуларни”, “Халқ қизиқади”, “Шуларни чиқармасангиз, газетангизни ит ҳам ўқимайди” деди бир ҳамкасбимиз. Дарвоқеа, эҳтимол гапингизда жон бордир. Аслида сиз ҳам ана ўша отарчилар қаторида зараркунандасиз, муҳтарам ҳамкасб! Халқнинг маънавиятини бўшаштиришга, ёппасига савиясиз қилишга ҳисса қўшаётган манқурт ялтир-юлтир “эъжодкор”сиз. Улардан камингиз йўқ. Шулар воситасида тиражни кўпайтирарсиз, лекин билиб қўйингки, ҳамманинг хизматининг “ҳисоботи” бор: ўша “қизиқадиган халқ”нинг, эҳтимол ўз яқинларингиз, балки ўз болаларингиз, невараларингиз ахлоқида кўрарсиз ҳали ўша “ҳисобот”ни. Унгача, ҳадеб пулдан паст турувчи кимсаларни ҳимоя қилиб ўтирманг. Ишсиз қолмайсиз, қўрқманг.

Бу гапларни айтаётган одам санъаткорларни ёмон кўрар экан, деган хаёлга боришга шошманг. Мен санъати бор санъаткорларни яхши кўраман. Уларни ТВда ҳам, радио, матбуотда ҳам чиқиб туришларини ҳамма қатори қадрлайман. Фақат меъёрида-да.

Яқинда Конституция куни муносабати билан ўтган асосий тадбир қандай яхши ташкил этилганини сездингизми? Ўшани дид-фаросатли, савияли режиссёрларимиздан бири тақдим этган, деб эшитдим. Бундан бу ёғига ҳам шундай савияли, халқчил концертлар қўйилса, талаб юқорироқ, савиялироқ қилиб қўйилса, анави отарчилар, калласи билан қорни бир хил қичқироқлар санъатда камаярди, асл санъат ўз бўйини кўрсатса … Нима дедингиз?

Жасур Кенгбоев

Манба: Sharh.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Ғишт заводидаям, қозон бошидаям, микрафон олдидаям АРТИСТЛАР