Шекспир театри Тошкентда «Ҳамлет» спектаклини намойиш этди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Шекспир театри Тошкентда «Ҳамлет» спектаклини намойиш этди

Шекспир театри Тошкентда «Ҳамлет» спектаклини намойиш этди

Ўзбек миллий академик драма театри саҳнасида Лондоннинг «Глобус» театри талқинидаги «Ҳамлет» спектакли намойиш этилди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар бермоқда.

4 ноябрь куни Ўзбек миллий академик драма театри саҳнасида Лондоннинг «Глобус» театри талқинидаги «Ҳамлет» спектакли намойиш этилди. Буюк драматург Уильям Шекспир асос солган театр актёрлари Ўзбекистонга Globe to Globe лойиҳаси доирасида ташриф буюрди.

2 соату 45 дақиқа давом этган театр томошаси инглиз тилида русча субтитрлар билан икки бора — кундузги ва кечки сеансда намойиш қилинди. Дунё драматургиясининг шоҳ асарларидан бири сифатида тан олинган пьесадаги 20 дан ошиқ роль 8 нафар актёр томонидан ижро этилди. Хусусан, Ҳамлет ролини актёрлар Лади Эмерува ҳамда Наим Ҳайат ўйнади. Пьесани саҳналаштиришда 60 дан ортиқ мутахассис ҳамда ижодкорлар қатнашган.

«Аввал-бошда инглиз театри сайёр театр бўлгани бугун кўпчиликнинг ёдидан ҳам чиқиб кетган. Театр бинолари кейинроқ пайдо бўлган. „Rose“ ва „Globe“ театрлари бунёд этилгунга қадар труппалар шаҳарма-шаҳар кезиб, майдон, ибодатхона, ратуша, бозор ва бошқа гавжум ерларда, очиқ осмон остида томоша кўрсатган, — дейди „Глобус“ театри бадиий раҳбари Доминик Дромгул. — Шекспир ва унга ҳамфикр актёрлар ҳам ижодий сафарларни жонидан ортиқ кўрган. Улар „Глобус“ театрига асос солганидан кейин ҳам сайёр томошаларни канда қилмаган».

Лондон театри 2007 йилда «Ромео ва Жульетта» спектаклини хорижда намойиш этиб, улуғ драматург бошлаб берган анъанани 400 йиллик танаффусдан сўнг қайта тиклади. Ижодий жамоа 2014 йил 23 апрель — Шекспир таваллудининг 450 йиллик санасидан бошлаб эса дунёнинг 205 давлати бўйлаб саёҳатга отланди. Ўзбекистонлик театр ихлосмандлари ҳам ушбу лойиҳа доирасида «Глобус» театри талқинидаги «Ҳамлет»ни томоша қилдилар.

Мазкур жаҳоншумул пьесанинг Ўзбек миллий академик драма театрида қўйилишида рамзий маъно бор. Негаки, ўтган асрда айнан ушбу саҳнада Аброр Ҳидоятов, Олим Хўжаев, Шукур Бурҳон каби улуғ санъаткорлар ҳам Ҳамлет ролини талқин этган.

«Тил билан боғлиқ тўсиқлар ҳамда жуғрофий чегараларга қарамай, Шекспир асарлари, умуман, театр санъати воситасида инсонлар ўртасидаги самимий ва ошкора мулоқотни кучайтиришни истаймиз», — дейди «Глобус» Доминик Дромгул.

Ижодий лойиҳа Британия Кенгаши, Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда «Ўзбектеатр» ижодий жамоасининг саъй-ҳаракати билан юзага чиқди.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru