Bloomberg экспертлари рублнинг навбатдаги қулашини башорат қилмоқда » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Bloomberg экспертлари рублнинг навбатдаги қулашини башорат қилмоқда

 Bloomberg экспертлари рублнинг навбатдаги қулашини башорат қилмоқда

Россия миллий валютаси курси яқин орада тушишни бошлайди. Bloomberg агентлиги томонидан ўтказилган сўровда жавоб берган таҳлилчилар, иқтисодчилар ва трейдерлар шундай фикрда. Йил бошидан бери рус рубли 14 фоизга кўтарилган, аммо экспертларнинг башоратларига таянган агентликнинг билдиришича, Россия валютаси йил охиригича эришган натижасининг қарийб ярмини бой бериши ҳам мумкин, дейилади "Кун" нашрида.

Тарих ҳам рублга қарши гувоҳлик бермоқда, дейди Американинг молиявий ахборотлар агентлиги. Сўнгги 12 йил мобайнида Россия рубли май ойида пасайиб келган. Аксарият таҳлилчиларнинг фикрича, рублнинг янги қулаши нефть нархининг арзонлашуви билан боғлиқ бўлади. Уларнинг тахмин қилишларича, бир доллар 70 рублгача кўтарилиши мумкин. Умуман сўровда 35 нафар эксперт иштирок этган.

«Биз яқин орада нефть котировкалари турғун бўлишига ишонмаймиз. Рубль курси эса нефть нархига бевосита боғлиқдир», — деб қайд этган UBS Group AG’нинг ривожланаётган бозорлардаги инвестициялар бўйича директори Хорхе Марискаль. UBS башорати — 3 ойдан сўнг доллар курси 73 рублга тенг бўлади.

«Нефть нархининг бир маромга келиши кечикиш билан амалга ошадиган ҳодисадир, айни шу жараён бошланиши билан рубль курсининг май ойи иккинчи ярмидан пасайишини кузатамиз», — дейди «Велес Капитал» компанияси директори Евгений Шиленков.

Sputnik Asset Management ижрочи директори Александр Лосев, ўз навбатида, май ойининг рубль учун 3та хатарини санаб ўтган. Булар нефть нархи, капиталларнинг чиқиб кетиши ва Россия марказий банкининг захираларни тўлдириш мақсадида хорижий валютани сотиб олишидир.
Айни чоғда Россия рубли расмий курси 1 доллар 66,45 рубль, 1 евро — 76,31 рубль сифатида белгиланган.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru