Тадбиркорларни режадан ташқари ва муқобил текширишлар бекор қилинди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Тадбиркорларни режадан ташқари ва муқобил текширишлар бекор қилинди

Тадбиркорларни режадан ташқари ва муқобил текширишлар бекор қилинди

1 январдан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишнинг барча турлари бекор қилинади.

2017 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади, деб ёзмоқда "gazeta.uz". Бу ҳақда 5 октябрь куни Президент в. б. Шавкат Мирзиёев имзолаган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонда келтириб ўтилган.

Юридик шахсларнинг тугатилаётганида, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар бундан мустасно.

Ҳужжатда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари ҳам бекор қилинади;

1 январдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда, инсоннинг соғлиғи ва ҳаётига зарар етказилган ҳолатлар бундан мустасно, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланилишидан озод этилади.

Ушбу санадан бошлаб ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилади.

Фармонда қайд этилишича, тадбиркорлик субъектларининг экспорт контрактларини давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб валюта назорати органлари томонидан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими орқали ташқи савдо контрактлари назорати ва мониторингини сақлаб қолиш шарти билан бекор қилинади, бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 1997 йил 10 октябрдаги ПФ-1871-сон Фармонининг 1, 2 ва 4-иловаларида назарда тутилган товарларни экспорт қилиш бўйича контрактлар мустасно.

Ўзбекистондан экспорт қилинаётган товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат илгари худди шундай товар учун айнан сертификат олган аризачига бир иш куни мобайнида берилади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берган тақдирда давлат божи тўлашдан озод этилади

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru