Алишер Усмонов Ўзбекистон фуқаролигини олишга тайёрлигини билдирди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Алишер Усмонов Ўзбекистон фуқаролигини олишга тайёрлигини билдирди

Алишер Усмонов Ўзбекистон фуқаролигини олишга тайёрлигини билдирди

Асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов Россия солиқ резиденти мақомига қайтиши мумкин. Бу ҳолат унинг Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти лавозимидан кетганидан сўнг рўй беради, деб хабар бермоқда Кун.уз сайти.

Усмоновнинг айтишича, у ҳозирда "халқаро хизмат сафарида бўлган Россия солиқ резиденти"дир. "Мен ҳозир бизнинг федерациямиз бюроси ва федерациямиз қароргоҳи рўйхатдан ўтказилган жойдаман. Бу Швейцария эмас. Мен федерация президенти бўлган вақтда у ерда яшашга мажбурман. Мен у ерда бўлишим керак. Қолгани эса миш-мишлар", деб айтган Усмонов.

Миллиардер хайрия ишларига йўналтирадиган маблағлари ҳажми унинг солиқ тўловларидан бир неча марта катталигини айтди. "Шунинг учун мен бу борада ҳотиржамман. Виждоним тоза. Айниқса, ватаним олдида. Сен ўзингни аслида ким эканлигингни ҳис қилишининг энг асосийсидир. Мен Россия фуқаросиман. Ва албатта, менинг бу лавозимдаги муддатим якунланиши билан, агар мени туғилган ватанимга (Ўзбекистонга) чақиришмаса, мен Россия солиқ резидентлигига қайтаман", деб таъкидлаб ўтди Усмонов.

Усмонов 2008 йилдан бери Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти ҳисобланади. Жорий йил ноябрида унинг бу лавозимдаги ваколатлари навбатдаги 4 йиллик муддатга узайтирилди.

Октябрда USM холдинги Усмонов Россия солиқ резиденти бўлишдан тўхтаганини маълум қилганди. Россия қонунчилигига кўра, бир йил давомида Россияда 183 кундан кам бўлмаган шахслар Россия резидентлари деб тан олинади.

USM’да таъкидланишича, Усмонов ҳозирда операцион фаолият билан шуғулланмайди ва бор эътиборини спорт, хайрия ва саҳоватпешаликка қаратган. Шу ва тиббий сабабларга кўра, Усмонов 2015 йилда Россияда резидент бўлиш учун талаб қилинган миқдордаги кунни ўтказмаган.

Усмоновнинг йирик бизнеси Кипрда рўйхатдан ўтган USM Holdings бўлиб, тадбиркорнинг ундаги улуши 48 фоизга тенг. Холдингнинг бошқа акциядорлари Владимир Скоч (30 фоиз) ва Фарҳод Моширий (10 фоиз) тузилмалари саналади.

Маълумот учун, USM Holdings – йирик халқаро компания бўлиб, таркибига "Металлоинвест", "Мегафон", Mail.ru Group, шунингдек "ЮТВ Холдинг" киради.

Россияда эса 2015 йилнинг бошида назорат қилинувчи хорижий компаниялар ҳақида қонун кучга кирди. Унга кўра, россияликлар бундай компанияларда 10 фоиздан ортиқ улушлари бўлса, бу ҳақда солиқ идораларини хабардор этишлари керак.

Россиялик солиқ резидентлари бутун дунё бўйлаб олинган даромадлардан, резидент бўлмаганлар эса фақатгина Россиядаги манбалардан олинган фойдадан солиқ тўлашади.


Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru