Эронга қарши санкцияларнинг олиб ташланиши Форс кўрфази давлатлари фонд биржаларида қулашларга сабаб бўлди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Эронга қарши санкцияларнинг олиб ташланиши Форс кўрфази давлатлари фонд биржаларида қулашларга сабаб бўлди

Эронга қарши санкцияларнинг олиб ташланиши Форс кўрфази давлатлари фонд биржаларида қулашларга сабаб бўлди

Форс кўрфази атрофида жойлашган араб давлатлари фонд биржалари якшанба куни Эронга нисбатан жорий этилган санкцияларнинг бекор қилиниши манзарасида қулашлар билан бошланди. Жумладан, Яқин Шарқдаги энг йирик Саудия Арабистони фонд биржаси ("Тадавул") индекси 6,5 фоизга пастлади. Савдолар бошланиши билан дастлабки дақиқаларданоқ Саудия Арабистони индекси 300 пунктга пастлаб, 5500 пунктдан пастроққа тушиб кетди. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.

БАА фонд бозорлари ҳам рекорд даражадаги пастлашув билан очилди. Савдалар аввалида Дубай биржаси (Dubai Financial Market General Index - DFM)нинг асосий индекси 2672,33 пунктга қадар тушиб кетди. Унинг ортидан пойтахт Абу-Даби амирлигида ҳам индекс 2,68 фоиз - 3837,81 пунктга қадар пастлади.

Қўшни Қатарда ҳам вазият ёмонлашган. Минтақадаги иккинчи энг йирик фонд биржасида сессиялар очилиши биланоқ индекс 5 фоизга пастлаб, 8800 пунктга етган.

Кувайт биржаси эса 2,4 фоиз пастлаш билан 5000 пунктлик чегарага етиб келди. Индексларнинг пастлашига асосан нефть нархининг арзонлашгани ҳамда Ғарбнинг Эронга қарши санкцияларини бекор қилгани сабаб бўлган. Эрон ҳукумати нефть қазиб олиш ҳажмини ошириш ва жаҳон бозорига кўпроқ маҳсулот киритиш тўғрисида эълон қилиб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 16 январь куни МАГАТЭ раҳбари Юкия Амано Эроннинг атом бўйича келишувни имплементация қилиш (амалга ошириш) учун барча талабларни бажарганини тасдиқлади. Санкциялар бекор қилинганидан сўнг Эрон хориждаги музлатиб қўйилган ҳисоб рақамларидан қайтадан фойдаланиш имконига эга бўлади. Америка молия вазирлигининг маълумотига кўра, Эроннинг қарийб 50 миллиард доллар маблағи музлатилган. Шунингдек, Эрон нефть экспорти ҳажмини кунига 500 минг баррелга қадар оширади.
Бундан аввалроқ эса Қўшма Штатлар молия вазирлиги Эрон билан боғлиқ компаниялар ва шахсларнинг 400га яқинини санкцион рўйхатдан чиқаргани хабар қилинган эди.

Бундан ташқари, ядро дастури бўйича келишув имплементациясидан сўнг Эрондан хорижий компаниялар учун саноат соҳасида жорий этилган санкциялар ҳам олиб ташланади.

Хорижий фирмалар эндиликда Эрон тузилмалари, жумладан, автомобилсозлик, кўмир ва металлургия саноати соҳасида савдо юритишлари мумкин. шунингдек, хорижликлар Эрон марказий банкида ишлашлари ҳам мумкин.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru