«Эримни тушунолмай қолдим» » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
28-07-2016 | 20:51 ZAMIN.UZ / LIFE STYLE / 28 Июл 2016 года
1 073

«Эримни тушунолмай қолдим»

«Эримни тушунолмай қолдим»

Эрим билан бирга яшаётганимизга ўн йилдан ошиб қолди. Бизнинг никоҳимиз менинг назаримда мукаммал эди. Ёшлигимда жудаям шўх, ўйин-кулгуни ёқтирадиган, бир гапириб ўн куладиган қиз эдим, эрим эса аксинча, меҳрибон, ғамхўр, уйни яхши кўрадиган инсон бўлган.

Йиллар ўтиши билан муҳаббатимиз янаям кучайди, мен эса анча ўзимни босиб олдим, уйда ўтиргим келди. Ишдан бўшаб, ўзимни оиламга, болалар тарбиясига буткул бахш этдим. Эрим ишларди, мен эса уйда ўтирардим. Аввалгидек эримни рашк қилиб, жанжаллар кўтармай қўйдим, куним пишир-куйдир, уй ишлари билан ўтарди…

Бу машмашалар қачон юзага келганини бошида сезганим ҳам йўқ. Умуман олганда, эримнинг мендан норозилиги бошланди, у мудом мени тергашга ўтди. Бошида бошқа аёл пайдо бўлмадимикин, деб ҳам ўйладим. Лекин у уйга доим ўз вақтида келади, телефонни ҳам дарров кўтаради, маошини тийин-тийинигача олиб келиб беради, хуллас, топганини уйга келтиради…

Илк бор бу дала ҳовлида юз берди. У шунчаки мен билан гаплашмай қўйди. Бирон нима сўрасам, қисқа жавоб беради, ё умуман индамайди ва худди мен йўқдек, ўз иши билан банд бўлиб ўтираверади. Гапиришда давом этсам, у менга қараб ўшқириб беради, “менга нима кераклигини тушунмаяпсанми, дейман”, дейди. Бу ҳолат ҳафталаб давом этиши мумкин, у бемалол бирон ёмон гапни шартта юзимга қараб айтиб юбориши ҳам мумкин. Кўнгли оғрийди, ҳам демайди.

Энг ёмони, унинг мен билан гаплашиш оҳанги масхараомуз тус олди. У қўшиқ ёки кинолардан олинган сўзлар билан гаплашишга ўтиб олди. Мен ундан бирон нима сўрасам, у гапга умуман алоқаси йўқ бирон сўз келтиради. Мен эрим билан тўғри гаплашиш нималигини ҳам унутаёздим. Авваллари унга ҳамма нарсани гапирган бўлсам, ҳозир бирон нима дегим ҳам келмай қолган, чунки гапимни охиригача ҳам эшитмай, менга бақира бошлайди… Уни нотўғри қилибсан, буни бунақа қилмабсан, дейди, ёки лоқайд бир оҳангда яна биронта сўз келтиради.

Кейинги пайтларда эса мени ялқовликда айблай бошлади, гўёки ҳамма ёқ кир эмиш. Мен ўзгарганим йўқ, аввал ҳам шунақа эдим, ҳар куни уй тозалайвермайман , лекин мени дангасаликда айблаши нотўғри. Ахир, мен уни бўлар-бўлмас айбловлар билан қийнаб юбормайман-ку, шунақа аёллар ҳам борки, эрини эговлайверганидан, у уйдан қочиб кетгиси келади. Бизда эса бунинг акси. Энди оиламизда ҳаммаси ё яхши, ё ёмондир, бу эримнинг кайфиятига боғлиқ. Мен уй билан ўралашиб қолдим, лекин аслида, ўзимгаям бу ёқади. Ҳеч қаерга боргим, ҳеч ким билан гаплашгим келмайди. Лекин назаримда, бу эримга умуман ёқмайди. У менга оғир ботадиган гапларни жуда кўп айтиб юборди.

Ўз жонига қасд қилган бир одамни мисол келтириб, аслида бу ишни қилганига хотинининг дийдиёлари сабаб бўлганлигини айтди. Гўёки мен ҳам уни ҳар кун “эговлар” эканман. Кейин, умуман олганда, уйга келишни ҳам истамаслигини қистириб ўтди. Чунки мен унинг назарида ўта жанжалкаш, уни тинимсиз “бурайдиган” ёмон хотин эканман. Бир сўз деёлмай, қотиб қолдим…

Аслида, турмушимизнинг илк йилларида ҳеч вақоимиз йўқ эди, нимагаки эришган бўлсак, меҳнатимиз туфайли, мен улар яхши ишлашлари, хаёллари чалғимаслиги учун барча шароитни яратиб берганман. Борига шукур қилиб, йўғига қаноатда бўлганман. Буларнинг барига олган раҳматим шуми энди? Мен шу гапларга муносибманми?

Очиғини айтсам, энди ҳеч нарсани хоҳламай қолдим. Эримга мен билан яшаш зерикарли бўлиб қолганга ўхшайди. У назаримда, мени севмай қўйган. Мен билан шунчаки ўрганиб қолгани учунгина яшаётганга ўхшайди, чунки у ана шу ҳаётга кўниккан. Бу ҳолатга қачонгача чидашим мумкинлигини билмайман.

Манба: DiydorAziz.uz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru