Ғаройибот: Тушдаги 190 тош » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
30-08-2016 | 14:05 ZAMIN.UZ / LIFE STYLE / 30 Август 2016 года
1 010

Ғаройибот: Тушдаги 190 тош

Ғаройибот: Тушдаги 190 тош

Биз гоҳида тушларимизга аҳамият бермаймиз. Лекин вақт ўтиб кўрганларимиз бизга нималар ҳақидадир сўзлаганига амин бўламиз. Сурхондарёлик мухлисимиз Ситора Каримова ҳам худди шу билан боғлиқ воқеани ёзиб, бизга йўллабди, дейилади "Даракчи" нашрида.

“Бу воқеа ўтган йили содир бўлганди. Уни ҳеч кимга айтмагандим. Бу йил тест имтиҳонлари жавоби чиқиши арафасида яна ёдимга тушди ва сизларга ёзиб юборишга жазм қилдим.

Икки йил ўқишдан йиқилдим. Роса сиқилганим етмагандек, уйга келаётган совчилар ҳам юрагимни хун қиларди. Онамнинг гаплари эса ортиқча.

— Икки йил кўнглингга қарадик. Ана, дугоналаринг тўй бўлиб, болали ҳам бўлди. Катта рўзғорнинг эгаси. Бешик қучоқлаб ўтирибди. Сен эса китоб қучоқлашдан бўшамайсан. Кўнглингга қараган ҳам шунча бўлар. Энди сўраб ҳам ўтирмайман! Дилимга ўтирганига узатаман-қўяман! — дейди ҳар гапининг бирида.

Гап топиб бера олмайман. Ростдан ҳам улар икки йил ўқишга ҳужжат топиширишим учун изн беришди. Агар кириб кетсам, ўқитишга ҳам тайёр. Фақат... фақат мен бунинг уддасидан чиқа олмаяпман. Очиғи, биринчи йили шартнома асосида талаба бўлгандим. Ўзим ўқишдан воз кечдим. Ахир нима қиламан, уйдагиларга жабр қилиб? Шартнома пулини тўлашсинми, мени ўқитишсинми, ука ва сингилларимни боқишсинми, хаста бувимга дори олиб беришсинми?

— Ўқимайман! Бюджетга кирсам ўқийман! Келаси йил албатта, бюджетга кираман! — дедим ишонч билан.

Шартнома асосида талаба бўлганим ота-онамда ҳам менинг билимимга нисбатан ишонч уйғотди. Ўзимга жуда ишониб юбордимми ё дала ишларига кўп чалғидимми, дарсликларни кам такрорладим. Натижада иккинчи йили шартномага ҳам илинмасам денг.

Кўзларимга ишонмадим. Йиғладим, сиқтадим. Уйдагилар ҳам сиқилди. Охири онам чорасини топгандек деди:

— Бўлди, турмушга бераман! Жа ўқигинг келса, ана келин бўлган жойинг ўқитади. Шунақа шарт қўямиз!

Мен эса оёқ тираб олдим. Онам шу даражада киришдики, охири отамга ялинишга мажбур бўлдим:

— Отажон, шу йил яна бир марта ҳужжат топширай. Охирги имкониятни беринг. Онамга айтинг! Майли агар кирсам ҳам, кирмасам ҳам қандай қарор чиқариш сизларнинг ихтиёрингизда. Охирги марта ҳужжат топширишга, имтиҳонга киришга рухсат беринг...

Отам кўнглимга қаради. Мен эса тинимсиз дарсликларни такрорладим. Орада касал бувимга ҳам ялиниб қўяман:

— Буви, дуо қилинг! “Ўқишга кириб кетсин”, деб дуо ўқинг...

Бувим узундан узоқ дуо қилади. Мен ихлос билан юзимга фотиҳа тортаман. Кейин яна ўқишга киришаман. Хуллас, ўша кутилган 1 август ҳам келди. Чўчибгина имтиҳонга кирдим. Тест саволларининг ҳаммаси таниш. Фақат негадир иккиланаман. Қўрқаман. Одам ҳадиқсираса, ўзига бўлган ишончи ҳам пасаявераркан. Барча жавобларни иккиланиш ва қўрқув билан белгиладим.

Кейинги ўтган икки ҳафтадан ортиқ кунларнинг ҳар бири асрларга татиди мен учун. Жавоб чиқадиган фурсат яқинлашгани сари юрагим орқада тортади.

“Эй Худойим, шартманда қилма!” дейман беихтиёр.

Ана шундай кунларнинг бирида туш кўрибман. Тушимда баланд тоғ ёнига турганмишман. У тоққа олиб чиқадиган бир юз тўқсонта тош бор эмиш. Тошлар қиррали ва осилиб турганмиш. Шуларга осилиб-осилиб тепага чиқишим керак эмиш.

— Жуда баланд-ку! — дебман рангим оқариб.

— Чиқсанг чиқ! Бўлмаса, келган совчиларни қайтармайман, — дермиш онам.

Охири чиқа бошлабман. Осилиб-осилиб, қўлларим толиб ҳар битта бошдан ушлаб тепага чиқардим. Шунақа чарчабманки...

Бир юз тўқсонинчи тошга ҳам осилиб қарасам, яна уч-тўртта майда тошчалар бормиш. Улардан ҳатлаб-ҳатлаб ўтиб кетибман. Баланд тоғ чўққисида бошим айлангудек ҳолда, чиқа олганимдан юм-юм йиғлармишман...

Уйғониб кетсам, ўнгимда ҳам терга ботиб йиғлаб ётибман...

Эртасига яна шунга ўхшаш туш кўрибман. Ишонсангиз тушимда нақ бир юз тўқсонта тухумни беришиб, менга “Шуни ейишинг керак”, дермиш...

Терга ботиб, йиғлаб шу тухумларнинг ҳаммасини еганмишман.

Ишонасизми, шу икки тушни кўрганимдан икки кун ўтиб тест жавоблари чиқди. СМС хабар орқали натижани билишга уриндим. Келган жавобни кўриб эса кўзларимга ишонгмадим. Бир юз тўқсон балдан юқорироқ тўплаб бюджет асосида талаб бўлибман...

Шукрки, иккинчи курсга ўтяпман. Лекин ўшандан буён ҳар куни кўрган тушимни эслашга, нимага ишора эканлигини топишга уринаман...

КАМИНА оққа кўчирди

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru