Вафот этганларнинг қабри зиёрат қилинса, буни улар биладими? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Вафот этганларнинг қабри зиёрат қилинса, буни улар биладими?

Вафот этганларнинг қабри зиёрат қилинса, буни улар биладими?

Халқимизда Хайит байрамлари олдидан вафот этганларнинг қабрини зиёрат қилиш ва тозалаш урф-одатлари мавжуд. Умуман халқимиз ўтганлар қабрини зиёрат қилишни канда қилмайди ва буни ҳайрли иш деб билади. Ушбу зиёратингизни ўтганлар ҳам биладими? Бу ҳақида нималарни биласиз?

Учтепа тумани бош имом ҳатиби Қувондиқ Боймуродов ислом дини манбалари асосида айни саволга ойдинлик киритдилар.

Муқаддас Ислом динимиз биз мўмин-мусулмонларни ибодатга чорлаб, солиҳ амаллар қилишга буюрар экан, ўз навбатида ана шу амалларимизнинг савобларидан ўтганларнинг руҳларига ҳадя қилиш ҳам мумкин эканлигини таълим беради.

Ривоят қилинишича, бир йигит Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳузурига келиб, онасининг вафот этганини айтади: «Нима қилсам онамнинг руҳини шод этган бўламан?» — деб сўрайди. Пайғамбаримиз «Қудуқ қазиб, сув чиқар», — дедилар. Шундан сўнг йигит қудуқ қазиб сув чиқарди ва «Бунинг савобини онамга бағишладим» — деди. ( Имом Ҳоким ривояти). Ўтганлар руҳини шод қилишлик нафақат уларга солих амалларнинг савобини бағишлаш билан, балки харом ишлардан тийилиб, солих амалларда бардавом бўлиш билан ҳам ҳосил бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: «Сизларнинг қилаётган амалларингиз қабрда ётган қариндошларингизнинг руҳига кўрсатиб турилади. Агар яхши амал қилиб юрган бўлсангиз, хурсанд бўлиб, руҳдошлари олдида фахрланадилар. Бордию гуноҳ ишлар қилиб юрган бўлсангиз, ранжийдилар ва: «Эй Аллоҳим, бизларни ҳидоятга бошлаганингдек, фарзандларимизни ҳам тўғри йўлга солмагунингча уларнинг жонини олмагин», деб дуо қилиб турадилар.

Шариатимиз кўрсатмаларига кўра, марҳумларнинг қабрларини зиёрат қилиш суннат амалларидандир. Чунки пайғамбаримиз (с.а.в.) бу ҳақда шундай деганлар: «Сизларга қабрларнинг зиёратини таъқиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиёрат қилаверинг, зеро у сизларга охиратни эслатади». Демак, қабристонга борилганда, у ер инсонни фикр қилишга ундайди. Шунингдек, мозорларни обод қилиш ҳар биримизнинг муҳим ишларимиздан эканлигини унутмаслигимиз зарур. Агар биз аждодларимизнинг руҳларини шодлантириш мақсадида уларни кўп хотирласак, фарзандларимиз ҳам бундан яхши ибрат оладилар. Улар ҳам бизларни шундай хотирлайдилар.

Яна шуни билмоғимиз керакки, ўтганларнинг руҳларини шод қилишлик, нафақат уларга солиҳ амалларни ҳадя қилиш билан, балки ёмон ва харом ишлардан тийилишлик билан ҳам ҳосил бўлади. Халқимизда ҳам ёмон, гуноҳ ишларни қилиб юрган кишиларга нисбатан, «Отангнинг арвоҳини чирқиратмагин», деган сўзлар бекорга айтилмайди.

Аллоҳ таоло улуғ ёшдаги ота-оналаримизни ўзининг хифзу ҳимоясида сақлаб, халқ тинчлиги ва фаровонлигини тилаб қилаётган дуоларини мустажоб айласин, фарзандларимизга инсоф, тавфиқ бериб, ота-оналарини эъзозлайдиган, уларга ҳурмат-эътибор кўрсатадиган солиҳ инсонлардан қилсин. Бир ҳадисда: «Кимки жума куни ёки ҳайит куни ота-онасининг қабрини зиёрат қилса, ота-онасини ва зиёрат қилгувчини Аллоҳ таоло гуноҳларини мағфират қилгай», — деганлар. Аллоҳ таоло ўтмишда ўтган юртдошларимизнинг барчаларини ўз раҳматига олиб, қолганларнинг фаровонликда ҳаёт кечиришлигини тинч ва осойишта ҳаётимиз бардавом бўлишлигини насиб этсин.

Манба: diydoraziz.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru