Гуноҳларингиз кечирилишини истайсизми? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Гуноҳларингиз кечирилишини истайсизми?

Гуноҳларингиз кечирилишини истайсизми?

Эрта тонгда ҳалол ризқ топаман, шу орқали болаларимни боқаман деган эзгу ниятларда ишига йўл олган одамга Аллоҳ ҳузурида улуғ ажрлар ёзилади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом куни билан ишлаб, меҳнат қилиб, чарчаб уйига келган ва чарчоқ билан уйқуга кетган кишининг ҳолатини зикр қилиб, бундай деганлар: “Ким ҳалол меҳнат қилиб, ҳориб-чарчаган ҳолда тунаса, гуноҳлари кечирилган ҳолда тунайди” Ибн Асокир, Табароний ва Асбаҳоний ривоятлари. Бу ҳадис меҳнатсеварликка қизиқтириб, боқимандалик ва ишёқмасликдан қайтаради. Аҳли оиласи, фарзандлари ва ота-онасини моддий жиҳатдан таъминлаш, касалларини даволатиш йўлида машаққат чеккан одамга мукофот сифатида Аллоҳ таоло кечаси унинг гуноҳларини мағфират қилади. Қайси биримизнинг гуноҳимиз йўқ?

Қай биримиз гуноҳлардан покмиз?! Аллоҳнинг мағфиратига, хатоларимиз ўчирилиб, Аллоҳ наздида даражаларимиз юқори бўлишига доимо муҳтожмиз.

Мазкур ҳадис бир ривоятда: “Ким ҳалол касб талабида (юриб) чарчаган ҳолда тунни ўтказса, тунни гуноҳлари кечирилган ҳолда ўтказибди”, деган шаклда келтирилган. Аллома Муновий раҳматуллоҳи алайҳ ҳадисга шарҳ бераркан:

“Чунки ҳалол касб-кор ҳаракатида бўлиш вараъ (ҳаром ва шубҳали нарсалардан парҳез қилиш, сақланиш) ва тақвонинг устунларидандир”, –дейди (“Файзул-Қодир”).

Демак, ҳалол касб гуноҳлар кечирилишига сабаб бўларкан. Бу эса, Аллоҳ таолонинг бу умматга ато этган беҳисоб неъматларидан биридир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларини ҳалол касб билан ризқланишга даъват қиларканлар, уларнинг фақат бу дунёлари эмас, балки охиратлари ҳам обод бўлиб, гуноҳлари мағфират қилинишига ҳам ҳарис бўлганлари очиқ кўринади. Албатта, ҳалол ризқ, ҳалол касб билан кун кечириш нафақат дунёвий, балки ухровий фойда ва манфаатлар келтириши шубҳасиздир.

Чунки ҳалолликка интилувчи киши аввало Аллоҳ ва Расулининг буйруқ ва кўрсатмаларига амал қилаётган бўлади. Бу эса савоб ва ажр келтирадиган ишдир.

Ояти каримада:

“Эҳсон-яхшиликнинг “жазоси” фақат эҳсон ва эзгулик бўлажак!” (“Ар-Роҳман” сураси, 60-оят), дейилганидек, илоҳий ўгитларга амал қилиб, ҳалол яшовчи ва оиламни ҳалолдан боқаман, дея масъулиятни ҳис қилувчи, қарамоғидаги кишиларнинг ғамини еювчи киши фақат мана шу ташвиши ва ғами учун ажр олиб, гуноҳлари кечириларкан.

Набий алайҳиссалом марҳамат қилиб бундай дедилар: “Шундай гуноҳлар борки, уларнинг кечирилишига фақат ҳалол ризқ топиш борасида чекилган машаққатларгина сабаб бўлади” (“Мажмаъуз-завоид”).

Демак, киши ризқ талабида ва ҳалол касб излаб, қандайдир ташвиш ва машаққат чекса, мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам гуноҳларга каффорат бўлиши айтилмоқда . Бу каби ҳадислар ҳалол ризқ талабида ҳаракат қилиб, вақтинча бир қийинчилик ҳолатини бошдан кечираётган кишиларнинг руҳиятига тетиклик бағишлайди. Зеро, бу ташвишлар, бу ғамлар асло зое кетмайди. Балки, гуноҳларни ювиб кетувчи раҳмат сели бўлиб қайтади. Оқибатда эса инсон ҳам ҳалол касб-корга эга бўлади, маиший ҳаёти тартибга тушади, ҳам ажр-савоб олади, ҳам гуноҳлардан покланади!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби.

Манба: diydoraziz.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru