Ишда унумдорликка эришишда Айви Ли усули » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Ишда унумдорликка эришишда Айви Ли усули

Ишда унумдорликка эришишда Айви Ли усули

1918 йилда Чарльз Шваб дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири бўлган. У Bethlehem Steel Corporation (ўша пайтлардаги энг йирик кемасозлик ва катталиги бўйича иккинчи ўринда турган пўлат компанияси) раҳбари лавозимида фаолият кўрсатган. Машҳур ихтирочи Томас Эдисон уни ҳурмат билан тилга олар эди - Шваб доимо рақиблардан устун бўлишга ҳаракат қиларди.

1918 йилда жамоасининг самарадорлигини ошириш ва ишлашнинг янада муваффақиятли усулларини топишга уринган Шваб таниқли бизнес маслаҳатчи Айви Лед­бет­тер Ли билан учрашув ташкиллаштирган.

Ли омадли ишбилармон ҳам бўлган - ҳозирда уни жамоатчилик билан алоқа соҳасининг пионери сифатида ёдга олишади.

Ли ташриф буюргач, Шваб ундан ишлаб чиқариш самарадорлигини қандай ошириш мумкинлиги ҳақида сўраган. Шунда Ли кутилмаган жавобни берган: "Менга ҳар бир раҳбарингиз билан суҳбатлашиш учун 15 дақиқадан вақт берсангиз". Шваб бу қанча туришини сўраган. "Агар менинг ёндашувим иш берса, ҳеч қанча. Акс ҳолда эса, 3 ойдан кейин ўзингиз адолатли деб билган суммага чек ёзиб жўнатишингиз мумкин", - дея жавоб берган Ли.

Айви Ли раҳбарлар билан ўтказган 15 дақиқали суҳбат давомида максимал даражада смарадорликка эришишга имкон берувчи оддий усулни тушунтириб берган.

Айви Ли усули

1. Ҳар бир иш куни якунида эртанги кун бажаришингиз керак бўлган энг муҳим 6 ишдан иборат рўйхатни ёзиб қўйишга одатланинг. Бундан ортиғига ҳожат йўқ.
2. Бу ишларни муҳимлик даражасига кўра рақамлаб чиқинг.
3. Эртасига эрталаб ишга келгач, энг аввало, биринчи вазифага диққатни қаратинг (истисносиз). Иккинчи ишга ўтишдан олдин биринчисини тамомлаган бўлишингиз шарт.
4. Рўйхатдаги ишларингизни ана шундай тартибда бажаринг. Кун охирида тугалланмаган элементларни кейинги куннинг 6 вазифаси рўйхатига қўшишни унутманг.
5. Ҳар бир иш кунида ана шундай тартибга риоя қилинг.

Стратегия оддий туюлса-да, Шваб ва унинг Bethlehem Steel менежерлар жамоаси унга амал қилиб кўришга қарор қилишди. 3 ойдан сўнг Шваб компания ривожидан шу қадар мамнун бўлганки, Лини компаниясига таклиф қилиб, 25 минг долларлик чек тақдим қилган.

1918 йилда 25 минг доллар - 2015 йилнинг 400 минг долларига тўғри келади.

Айви Лининг рўйхат тузиш усули ҳаддан зиёд соддадек кўринади. Қандай қилиб мана шундай оддий маслаҳат юксак мукофотланган? У нимаси билан шу қадар самарали?

Усул иш бериши учун етарлича содда. Бундай усуллар оддийлиги билан эътирозларга сабаб бўлади. Уларда ҳаётда учрайдиган барча мураккабликлар инобатга олинмайди. Кутилмаганда шошилинч иш чиқиб қолса, нима бўлади? Эҳтимол, технологиянинг энг сўнгги ютуқларидан фойдаланиб, мураккаброқ тизимни қўллаш керакдир? Мураккаблик кўпинча заиф нуқтага айланади - у туфайли ишга қўл силтаб, кейин яна қайтиш қийин. Албатта, фавқулодда ҳолатлар юзага келиши табиий. Уларни имкон қадар рад этиш керак. Агар шошилинч ишларни бажаришга мажбур бўлсангиз, уларни тезроқ тугаллаб, рўйхатга қайтишга ҳаракат қилинг.

Айви Ли усули сизларни қатъий қарор қабул қилишга ундайди. Кунига 6 вазифа - бу қандайдир мўъжизавий рақам эмас, унинг ўрнига 5 бўлиши ҳам мумкин эди. Бироқ ўзингизга чегара белгилаш ҳақиқатда ажойиб натижа беради. Чегара белгилаш ишда яхши самара бериши мумкин. Ли усули Уоррен Баффетнинг 25-5 усулига ўхшаб кетади - у асосий 5 ишга диққатни қаратиб, қолганини инкор қилишни талаб қилади. Гап шундаки, агар устувор вазифалар ва чегаралар белгилаб олинмаса, сиз бирин-кетин ҳамма нарсага чалғийверасиз.

Ҳар қандай вазифани бажаришда энг қийини нима? Бу унга киришиш (баъзан ўрнимиздан туриш қийиндек). Ли усули рўйхатдаги биринчи вазифага бир кун аввал кечқурун киришишни таклиф қилади. Бу оддий, лекин натижа беради. Ишни бошлаб олиш - муваффақиятнинг бир қисми.

Замонавий жамият кўп вазифаликни хуш кўради. Агар сиз бир вақтнинг ўзида бир неча иш билан шуғуллансангиз, демак, жуда банд инсонсиз, деган хулоса келиб чиқади. Бу эса, ўз навбатида, сизнинг "зўр"лигингиздан далолат беради. Аслида-чи? Аслида бунинг акси!

Устувор вазифалар қанча кам бўлса, иш шунча унумли кечади. Дунё миқёсидаги экспертларга қаранг - спортчилар, мусаввирлар, олимлар, ўқитувчилар, раҳбарлар - яхшилаб диққат қилсангиз, уларни бирлаштирувчи умумийликни топасиз: улар диққатни бир ишда жамлашни билишади. Ҳаммаси оддий: диққат ва имкониятларингизни бир неча ишга тақсимласангиз, ҳеч бир ишда энг зўри бўла олмайсиз. Маҳорат ишга диққат билан ёндашув ва олдинга қараб олға қадам ташлашни талаб қилади.

Хулоса? Кунингизни энг муҳим ишлардан бошланг. Бу сизга керак бўлган ягона "унумдорлик рецепти"дир.

Манба: Кун нашри

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru