Нобель-2016 мукофоти номзоди рўза тутишнинг организмга фойдасини илмий исботлаб берди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Нобель-2016 мукофоти номзоди рўза тутишнинг организмга фойдасини илмий исботлаб берди

Нобель-2016 мукофоти номзоди рўза тутишнинг организмга фойдасини илмий исботлаб берди

Бу йилги Нобель мукофоти лауреатлари ичида япониялик олим Ёсинори Осумининг тадқиқотлари рўза тутиш яъни маълум вақт оч қолишнинг организмга катта фойдаси борлигини илмий исботлаб берди. Бу ҳақда "Дийдоразиз" сайти хабар берди.

71 ёшли япон олими, Токио Технология Институти профессори, молекуляр биология йўналишидаги жаҳоннинг энг илғор мутахассисларидан бири ҳисобланади.

Олимнинг кашфиёти очликка мослашиш ва инфекцияларга жавоб қайтариши сингари организмдаги кўплаб физиологик жараёнлар учун аутофагиянинг ўта муҳим эканини исботлаб берган. Аутофагия – бу “ўз-ўзини емоқ” маъносини англатиб, организмимиздаги зарарли, чиқинди хўжайралардан тозаланиши демакдир. Моҳиятан аутофагия барча тирик организмларга, шу жумладан одам танасига ҳам хос хусусият. Ушбу муҳим физиологик жараён туфайли ҳужайралар ўзида йиғилиб қолган кераксиз қисмлардан халос бўлади. Бу орқали эса, бутун организмнинг ўзи кераксиз, ортиқча чиқинди ҳужайралардан тозаланади.

Она табиат ҳужайраларни шундай ажойиб, нозик ва ғоят муҳим хусусият билан таъминлаб қўйган бўлиб, у организмни ортиқча ёки зарарли тўқималардан тозалаш вазифасини бажаради. Фақат бу жараён организмда энг элементар миқёсда, ҳужайраларнинг ўзида ва энг қизиғи – автоматик равишда боради.

Ёсинори Осуми аниқлаган энг қизиқ ҳолатлардан бири – аутофагия организмда энг фаол ишлайдиган пайти бу – одамнинг танаси зўриқиб ишлаётган вақти, масалан очлик пайтлари бўлар экан. Яъни, очлик орқали одам организми биринчи ўринда ўзидаги турли даражада зарарланган касалланган кераксиз ҳужайралардан қутулиб, уларни энергияга айлантириб истеъмол қилиб юборар экан.

Боз устига, Осумининг илмий кашфиётини синовдан ўтказган бошқа мустақил тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, аутофагия организмни чиқитлардан тозалаш орқали эрта қаришни олдини олишга ҳам улкан ҳисса қўшиб, устига-устак, йўқ қилинган зарарли ҳужайралар ўрнини янги ёш ҳужайралар билан қоплаш орқали, тананинг ёшаришига ҳам хизмат қилар экан.

Шу маънода, Нобель мукофоти соҳибининг мазкур кашфиёти шуни тасдиқламоқдаки, режалаштирилган очлик организмни ҳақиқатан ҳам турли чиқиндилардан, токсинлардан ва заҳарлардан тозалаш имконини берар экан. Очлик, яъни, рўза орқали организм ҳақиқатан ҳам тозаланиб, турли касалликлардан жуда яхши профилактикаланиб олар экан.

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru