17:14 / 04.12.2016
14 686

“Бақа ютган” аёл тақдири

“Бақа ютган” аёл тақдири

Баъзан руҳий жарохатларни даволашда жарроҳлик усулларидан ҳам фойдаланиш зарурати туғилади. Хаттоки гипноз ёрдамида ҳам даволаб бўлмайдиган баъзи оғир руҳий жарохатларни даволашда жарроҳлик операцияларига мурожаат қилишга тўғри келади. Тошкент вилоятида бўлиб ўтган ушбу воқеа бунга яққол мисол бўла олади.

Воқеа ёз кунларининг бирида рўй берган. Бир аёл “Инсомния”, яъни уйқусизлик ташхиси билан невропатологда даволаниб юради. У кечалари ухлай олмай чиқарди. Уйқусизликдан азият чекиб яна врачнинг олдига борганида, врач унга кучлироқ ухлатувчи дори буюради. Бемор дорини ичса-да, ҳеч уйқуси келавермайди. Уйқуси қочган бу аёл тунда тўлин ойнинг ёғдусида пастқам уйининг деразасидан ташқарига қараб ўтиради. Деразанинг тагидан кичик бир ариқча оқиб ўтарди. У ариқчада сакраб ўйнаб юрган бақаларга тикилиб қараб ўтиради ва «Бунча кичик бўлмаса булар, ухлаб ётганимда ичимга кириб кетишса-я», деган хаёл билан чойшабни устига ёпиб ухлаб қолади. Туш кўради. Тушида кичикроқ бир бақа деразадан у ётган кароват томон сакраб юради ва беморнинг оғзига бир сакраб кириб кетади. Бемор қўрқиб уйғониб кетади ва бирдан деразага қарайди. Тонг энди отаётган эди.

Ёруғлик тушиб бошлаган дераза токчасида 2-3 бақа сакраб юрганига кўзи тушади. Уларни кўриб беморда қаттиқ кекирик пайдо бўлади ва у бақанинг сайраганига ўхшаб эшитилади. Кекирик тез-тез такрорланаверади. Ҳовлига чиқади ва водопровод жўмрагини очиб оғзини чайиб ташлайди, қусишга ҳаракат қилади, қуса олмайди. Бир коса илиқ сувни тўлдириб ичади ва яна натижасиз қусишга ҳаракат қилади. Кекирик кучайиб бораверади ва тез-тез кузатила бошлайди.

Бу аёлнинг эри оламдан ўтган бўлиб, вояга этган қизи билан яшарди. Қўрқиб кетиб қизини уйғотади ва унга «Мен ухлаб ётганимда, бақа ютиб юбордим шекилли, у ошқозонимда турибди», деб йиғлаб юборади. Қизи уни тинчлантиришга ҳаракат қилади, «Балки туш кўргандирсиз», дейди. «Йўқ, тушим бўлганида билардим, мен аниқ биламан, бақа оғзимга кириб кетганидан сўнг уйғониб кетдим, кўзимни очсам дераза токчаларида бақалар ўйнаб юрувди, бу туш эмас!» дейди зорланиб. Қизининг «Ойижон, баъзан одамнинг тушини ўнгидан ажратиш қийин бўлади-ку, сиз туш кўргансиз», дейишига қарамасдан докторга борамиз, деб туриб олади. Улар эрта саҳарда бир таниш докторнинг уйига боришади ва бўлган воқеани айтиб беришади. Бемор тинмай кекирарди.

Доктор уни текширмасдан кулиб шундай дейди: «Бақани ютиб бўлмайди, у томоқдан ўтмайди, бақа ҳеч қачон одамнинг оғзидан унинг ичига кира олмайди». Бемор доктордан норози бўлиб, унинг ёнидан чиқиб кетади. Бемор қизи билан бошқа врачларга қатнай бошлашади, улардан турли текширувлар ўтказишни талаб қилаверади. Уни невропатолог, психиатр, жарроҳ, терапевт, рентгенологлар текширишади. Текширувда қатнашган барча шифокорлар беморнинг ичида бақа йўқлигига уни ишонтирмоқчи бўлишади.

Бироқ бу уринишлар беҳуда кетади. Бемор табибларга қатнай бошлайди. Уларнинг деярли ҳаммаси бир хил гапни айтишарди: «Бақа одамнинг ичига кира олмайди, сиз ёмон туш кўргансиз». Беморнинг тинчи бузилади, у нима еса, қусиб ташлайверади, кекириш сира қолмайди. Бемор шу аҳволда бир ой қийналиб юради ва озиб кетади. Бу воқеадан хабардорлар: «Бақа қолган бўлса ҳам у ўлиб бўлган, организмдан чиқиб кетган», деб ишонтиришга ҳаракат қилишади. Бироқ бу гаплар ҳеч наф бермайди. Бақа ичимга кириб кетди, деган фикр унинг миясига ўтириб қолган эди. У жарроҳлардан операция қилиб, бақани олиб ташлашни талаб қила бошлайди. Қаерга ва қайси докторга учраса, ошқозонини операция қилиб бақани олиб ташлашни талаб қилаверади.

«У менинг ошқозонимда яшаб юрибди, у ҳали ўлмаган, ичимни кемираяпти», деб йиғлайверади. Ахийри уни профессорга кўрсатишади. Профессор бўлиб ўтган барча воқеаларни батафсил ўрганиб чиқади, беморни тўла текширади ва беморга жарроҳ билан маслаҳатлашиб, унинг қорнини операция қилиб очиб кўришни ваъда қилади: «Агар ҳақиқатан ҳам бақа ичингизда яшаётган бўлса, уни олиб ташлаш керак!», дейди. Бу сўзлардан беморнинг кўнгли таскин топади. Уни жарроҳлик бўлимига ётқизиб операцияга тайёрлашади.

Профессор «ошқозондан бақани олиб ташлаш» операцияси билан боғлиқ бўлган барча муолажаларни бутунлай сир сақлашни операцияни ўтказувчи жарроҳга ва ҳамширага тайинлайди. Бемор операция хонасига олиб кирилади ва у наркотик дори таъсирида ухлатилади. Операциядан олдин кичикроқ бир бақа топиб келишади ва у ёпилиб-очиладиган идишга жойланади. Операциянинг барча қонун-қоидаларига амал қилинган ҳолда беморнинг қорин териси, тери ости ёғ қатлами кесилади ва қайта тикиб қўйилади. Операцияда бор-йўғи учта одам, яъни жарроҳ, ҳамшира ва профессор иштирок этишади. Бу ғаройиб операциянинг сирини фақат улар билишарди.

Профессор ҳамширага бемор кўзини очган заҳоти бақа солинган идишни очиб юборишни буюради. Наркознинг таъсири қочгач бемор кўзини очади. Шу пайт ҳамшира бақа солинган идишни очиб юборади. Бақа беморнинг устидан бир-икки сакраб пастга тушиб кетади. Бемор бу ҳолатни ўз кўзи билан кўради. Профессор беморга боқиб: «Сиз тўғри айтган экансиз, бақа ҳақиқатан ҳам қаттиқ ухлаб ётганигизда ичингизга кириб кетган экан, лекин у шунча вақт ичингизда ўлмай яшаганига ҳайронман!», дейди. Жарроҳ ҳам «Мен бунақа операцияни биринчи марта қилишим», дейди кулиб. “Ахийри менинг айтганим тўғри чиқди”, дейди бемор юзидан нур ёғилиб. Хуллас, бемор бутунлай тузалиб кетади, кекириш йўқолади, иштаҳаси очилади, уйқуси ҳам тикланади. Қорнида фақат кесилгандан енгил чандиқ қолади, холос.

Орадан бир йил ўтади. Бир куни бозорда «бақа ютиб юборган аёл» қизи билан айланиб юриб, ҳамширани учратиб қолади. Ҳамшира уни зўрға танийди, касалликдан қийналиб, аввал озиб кетган бу аёл энди семириб, таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетган эди. Улар қадрдон дугоналардек узоқ вақт суҳбат қуришади, уни операция қилиб оғир ва уятли дарддан холос қилган докторларга яна бир бор мингдан-минг қуллуқ билдиради ва салом айтиб қўйишни сўрайди. Суҳбат орасида «Менга ўхшаб бақа ютиб юборган аёллар келишаяптими», деб сўрайди кулиб.

Ҳамшира кетишга шайланаётганида унинг калласига беъмани бир фикр келади: «Аслида нима бўлганини айтиб берсаммикан, орадан бир йил ўтди-ку, барибир бемор тузалиб кетган-у». Бебурд бу ҳамшира бўлиб ўтган воқеалар тафсилотини оқизмай-томизмай беморга сўзлаб кетади. Ҳамшира шифокор этикасига мутлақо зид бўлган ўта қалтис ишга қўл уради. Барча ҳақиқатни ўз қулоғи билан уни операция қилишда иштирок этган ҳамширадан эшитган аёл турган жойида қотиб қолади, унинг кўзлари бир нуқтага тикилган ва қулоғига ҳеч нарса кирмас эди. Психиатрияда бу ҳолат ступор деб аталади. Онасининг бу ҳолатини кўрган қизи ҳамширани сўзлашдан тўхтатади.

Ҳамшира бу ҳолатни кўриб қўрққанидан воқеа жойидан кетиб қолади. Аёлни руҳий касалликлар шифохонасига жойлашади. Бемор сув ичмай, овқат емай қўяди. Уни зонд орқали овқатлантириш ҳам жуда қийин кечади. У озиб кетади. Орадан бир ой ҳам ўтмасдан аёл вафот этади.
Сўз инсонни ўлдиради, деб шуни айтишса керак. Ҳа! Сўз билан инсонга жон киритиш ҳам, унинг жонини олиш ҳам мумкин. Шифокор деган улуғ номга доғ туширмайлик. Бемор олдида ҳар бир сўзни ўйлаб гапирайлик.

Манба: Diydoraziz.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » “Бақа ютган” аёл тақдири