11:31 / 15.12.2016
10 280

Боланинг буржига қараб иқтидорини аниқлаймиз!

Боланинг буржига қараб иқтидорини аниқлаймиз!

Буржлар нафақат феъл-атвор, келажакдаги тақдиримизни ўрганишда, балки иқтидоримизни аниқлашда ҳам муҳимдир. Масалан, болаларни олайлик. Айни дам болангизни бирор касб-ҳунарга йўналтиришни режалаштираётган бўлсангиз, бу танлов унинг иқтидорига қанчалик мос келиши ва келажакда қандай фойда беришини бир текшириб кўринг. Мазкур вазифани уддалашда психология фанлари номзоди, доцент – Феруза Акрамова кўмаклашади.


Ҳамал-болакай (21.03-20.04)


Ушбу буржда туғилган болалар жуда фаол бўлишади. Тезлик ва ҳаракатчанлик – уларга хос. Бу болалардаги етакчилик хусусиятини тўғри йўналтира билиш керак. Мазкур бурждаги болалар бир хиллик, сокинлик ва танқидни ёқтиришмайди. Улар мусиқа, илм, кашфиётчилик ва ижодий изланиш талаб этувчи соҳаларда юқори чўққиларга эришишлари мумкин. Чунки ажойиб лидер ва нотиқ бўлишади. Қолаверса, Ҳамаллар янгилик яратишга мойил ҳамдирлар. Қайсарликлари, ўзлариникини маъқул билишлари ва ёқтирмаган машғулотларидан тез зерикишлари-да бор гап.

Агар фарзандингиз мазкур бурж вакили бўлса, унинг иқтидорини юзага чиқаришда кўпроқ фаолликни талаб этувчи соҳаларни танланг. Катта-кичик ютуқларини ҳам рағбатлантиринг.

Савр-болакай (21.04-20.05)


Феъл-атворига кўра, ташқи босимни ёқтирмайди. Шу боис қай бир соҳани танлаш кераклигини боланинг ўзи ҳал қилиши керак. Унинг қизиқишларини қанчалик рағбатлантириб, хайрихоҳлик қилсангиз, иқтидори шунчалик сайқал топиб боради. Муҳими, болангизни шошилтирманг. Иқтидори аста-секин намоён бўлишига шароит яратинг. Савр буржидаги болакай қўл меҳнати билан бажариладиган ҳунарлар, пианинода мусиқа чалиш, куйлаш, рассомлик, дизайн йўналиши бўйича истеъдодли бўлади. Ушбу бурждаги болалардан гўзаллик салони бошқарувчиси, ресторан ва бошқа кўнгилочар масканлар ташкилотчиси, ишбилармон, косметик воситалари ишлаб чиқарувчи компаниялар асосчилари етишиб чиқиши мумкин.

Жавзо-болакай (21.05-21.06)

Ушбу буржда туғилган болаларнинг ақлий фаолиятини гўдаклигиданоқ шакллантириш даркор. Жавзо болакайлар ҳар қандай маълумотни тез илғаб оладиган, атрофидаги ҳодисаларни тезроқ билишни истайдиган бўлишади. Бундай болаларнинг саволини жавобсиз қолдириб бўлмайди. Агар унинг иқтидорини ривожлантиришни истасангиз, кўпроқ суҳбатлашишингиз, янги маълумотлар билан таништириб боришингиз ва иштиёқини рағбатлантириб туришингиз лозим. Жавзолар бошлаган ишларини охирига етказмай, ярим йўлда ташлаб кетишлари ҳам мумкин. Шу боис бундай боланинг қизиқишини қўллаб-қувватлаш керак. Жавзо болакайлар кичиклигидан тўғри йўналтирилса, улардан иқтидорли журналист, мухбир, сиёсатчи, шарҳловчи, савдо соҳаси мутахассиси етишиб чиқади.

Саратон-болакай (22.06-22.07)

Саратон буржида туғилган болакайнинг феъл-атворига диққат қилсангиз, у ўз атрофида “кичик уйча” қуриб, ундан чиқмасликни ёқтиради. Яъни ўз билганини маъқуллаб, бошқаларга қулоқ солиши қийин. Бундай болакайга кичиклигидан ота-онасининг меҳри, эътибори ва ғамхўрлиги керак. Шундай бўлса-да, боланинг мустақил фикрлашига тўсқинлик қилмаслик зарурлигини ҳам ёдда тутинг. Имкон қадар қатъияти шаклланишига ёрдам берувчи спорт турлари, муомалага киришимлиликни ўрганишда нотиқлик, санъат, техника тўгаракларига жалб қилиш лозим.

Саратон буржидаги болакай билан шуғулланилмаса, кейинчалик ўз қобиғида ўралиб қолиб, бирор ишни мустақил бошлаб олиши қийин бўлади. Бу бурждаги бола иқтидорини тарих, археология, рассомлик, архитектура йўналишларига йўналтирсангиз, келажакда айни соҳаларда етакчи мутахассис бўлиши мумкин.

Асад-болакай (23.07-23.08)


Бу болалар ҳақида гапирганда улар ҳамиша биринчи бўлишни ёқтиришларини айтиш лозим. Асад буржи вакиллари доимо диққат эътиборда бўлишни ҳам хуш кўришади. Улар катта саҳналарда актёрлик маҳоратини намоён этишга, мусиқа, рассомлик, архитектура йўналишларида изланишга мойил бўлишади. Ушбу буржда туғилган болада қатъият ва мажбурият ҳисси юқори. Шу боис ҳар қандай вазифани ҳам аъло даражада бажаришга уринади.

Асад буржида туғилган боланинг истеъдодини ижод, ҳуқуқ ва спортга йўналтирсангиз, келажакда ундан етук ҳуқуқшунос, кинотанқидчи, раҳбар, ташкилотчи, сиёсатчи ҳамда дипломат етишиб чиқади.

Сунбула-болакай (24.08-23.09)

Табиатан ўткир зеҳн соҳиби бўлган сунбула буржидаги болалар хотира мустаҳкамлиги билан ҳам ажралиб турадилар. Улар ҳар қандай маълумотни охиригача ўрганиб, моҳиятини тушунишни исташади. Бундай болалар билан шунчаки суҳбатлашмай имкон қадар фойдали маълумотлар, зарур маслаҳатлар ҳақида сўзлашиш лозим. Сунбула буржида туғилган болалар математика, физика, кимё, тиббиёт, психология, фармацевтика ҳамда тарих фанларини мукаммал ўрганишга йўнатирилса, келажакда илмий даражага эришган мутахассислар етишиб чиқиши мумкин. Ушбу буржда туғилган болалар ақлий салоҳият жиҳатидан чет тилларини яхши ўзлаштиришади.

Агар фарзандингиз сунбула буржида туғилган бўлса, унинг қизиқишини ҳурмат қилиб, кўпроқ ўз устида ишлаши ва билимини мустаҳкамлашига кўмаклашинг.

Мезон-болакай (24.09-23.10)


Фарзандингиз мезон буржида туғилган бўлса, ҳойнаҳой, унинг ижодий қизиқишларини пайқаган бўлсангиз керак. Бундай болаларда бармоқ ҳаракатлари, мусиқий оҳангларини фарқлаш ва ёдда сақлаш қобилияти шаклланган бўлади. Буржга хос ўзгарувчанликка кўра, уларнинг қизиқишлари ҳам ўзгариб туриши мумкин. Бундай пайтларда ота-оналар болага босим ўтказмай, бошқа қизиқишларини ҳам синаб кўришга ижозат беришлари ва сўнгги танловни унинг ўзига қўйиб беришлари лозим. Боладаги муомала санъати унинг келажакда дипломатик соҳада фаолият юритиши мумкинлигини англатади.

Мазкур буржда кўплаб машҳур рассом, ёзувчи ва санъат усталари ҳамда давлат арбоблари таваллуд топган. Агар фарзандингиз истеъдодини қайси соҳага йўналтиришни билмаётган бўлсангиз, нотиқлик, санъат тарихи ёки адабиётга қизиқишлари ҳақида ўйлаб кўринг.

Ақраб-болакай (24.10-22.11)

Бу буржда туғилган болалар кичикликдан синчков ва бошлаган ишларини охирига етказмай қўймайдиган бўлишади. Агар ақраб буржида туғилган фарзандингиз “Нега шундай?”, “Кейин нима бўлади?”, деган саволларни канда қилмаса, уни писанд қилмаслик нотўғридир. Чунки болангиз ўзига керакли маълумотни олмагунча тинчимайди. Ундаги бу хусусият тадқиқот ишлари, илмий изланишлар талаб қилувчи соҳага бўлган қизиқишини билдириши мумкин. Техника, конструкторлик, ҳуқуқ каби соҳаларда иқтидорини сезсангиз, шу йўналишларга эътибор қаратинг. Истеъдодини кашф эта олсангиз, улғайгач, юридик соҳа, тиббиёт, кимё, фалсафа, авиация ва техника йўналиши бўйича мутахассисга айланиши мумкин.

Қавс-болакай (23.11-21.12)

Қавс буржидаги болаларга эркинлик жуда муҳим. Агар унинг фикрини маъқулламай, писанд қилмасангиз ёки унга босим ўтказиб ўзингизникини уқтиришга уринсангиз, ҳеч қандай натижага эришолмайсиз. Бундай болаларни нималарнидир кашф қилиш, саргузаштлар қизиқтиради. Ҳамиша қандайдир фикрлар, ўйлар билан банд бўлиб, янгилик сари интилади. Шу билан бирга бу бурждаги болаларда чет тиллари, география, жаҳон адабиёти фанларига қизиқиш юқори. Агар Қавс буржида туғилган фарзандингизни чет тилларига йўналтирсангиз, ундан моҳир таржимон чиқиши мумкин.

Жадий-болакай (22.12-20.01)

Табитан ўта жиддий, катталардай фикрлайдиган, тартибли ва масъулиятли болалар ушбу бурж вакиллари саналади. Бундай болалар ота-оналарининг рағбати ва эътиборини ҳис этишса, янада ғайрат билан изланишади.

Ушбу буржда таваллуд топган болаларда ташкилотчилик хислати анчайин юқори. Боланинг қизиқишидан келиб чиқиб, уни архитектура, машинасозлик, конструкторлик ҳамда нотиқлик санъати йўналишларига жалб қилишингиз мумкин. Жадий буржидаги болаларнинг истеъдодлари келажакда раҳбарлик лавозимларига мос салоҳиятни намоён этади. Шунга кўра, болангизга аниқ фанлар, чет тиллари ҳамда фалсафа фанларидан сабоқ берсангиз, фойдадан холи бўлмайди.

Далв-болакай (21.01-20.02)

Фарзандингиз кичиклигидан мустақил бўлишга, ўз фикри, дунёқараши мавжудлигини исботлашга уринадими? Ташвишланманг, бу Далв буржидаги болаларга хос феъл-атвор. Бундай болалар янгиликларни, ғаройиботларни ёқтиришади. Имкони бўлса, ушбу буржда дунёга келган фарзандингизга компьютер олиб беринг. Экстримал спорт турларига қизиқиш билдирса, бунга тўсқинлик қилманг. Далв буржидагилар бир қолипга тушиб қолишни ёқтиришмайди. Сизга маъқул келган бирор қизиқишни болангиз бажаришни истамаса, мажбурлаб овора бўлманг. Шахс сифатида тан олиниш, мустақиллик, мажбурият талаб қилмайдиган соҳаларда ишлаш истаги уларнинг феъл-атворига хос. Фарзандингизни бирор ҳунарга йўналтиришни истасангиз, шу омилларни ҳисобга олинг.

Ҳут-болакай (21.02-20.03)


Бу бурждаги болаларнинг тасаввури ниҳоятда бой бўлиб, улар ҳайратланиш, хаёлий ўйлардан завқланиш хусусиятлари билан ажралиб турадилар. Бундай болалар ижодий иқтидор талаб этадиган ҳар қандай соҳада илдам одимлашади. Ранг-тасвирни фарқлаш, мусиқа оҳангига мос тебраниш, куй маромини тушуниш ҳут буржида туғилган болаларнинг иқтидоридан даракдир. Агар ушбу буржда туғилган фарзандингизнинг истеъдоди юзага чиқишини истасангиз, уни санъат, актёрлик, нотиқлик каби ижодий соҳаларга йўналтиринг.

Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Боланинг буржига қараб иқтидорини аниқлаймиз!