16:14 / 18.12.2016
9 489

Интернет «иккинчи уй» эмас!

Интернет «иккинчи уй» эмас!

Бугун дунёнинг қайсидир бир нуқтасида содир бўлган воқеа ёки янгилик хусусида етарли ахборот олишимиз учун атиги бир неча сония кифоя. Монитор қаршисида ўтирган ҳолда исталган мавзуга оид ахборотни зумда олиш мумкин. Негаки, интернет бир неча йиллар ичида глобал тармоққа айланиб, ахборотлашган жамиятни юзага келтирди, шу билан бирга, жаҳонда глобаллашув жараёнининг тезлашишида муҳим омил бўлаяпти.

Интернет — инсоният тафаккури маҳсули. Унда бутун олам мужассам. Айни вақтда “ўргимчак тўри” ахборот олиш, алмашиш ва узатишнинг энг самарали ҳамда қулай воситасига айланиб улгурди. Унинг мультимедиа (тасвир, овоз, матн) имкониятлари, тезкор ва жадаллик билан маълумотлар жараёнини бошқариши ва бошқа қатор қулайликлари инсониятни виртуал оламга оҳанрабодек тортиб, унга қарамликни вужудга келтирмоқда. Маълумотларга кўра, жорий йилда дунё бўйича интернетдан фойдаланувчилар сони 3,2 миллиард нафарга етган. Таққос учун айтиш жоиз, 2000 йилда глобал тармоқдан 361 миллионга яқин одам фойдаланган, холос. Ўртадаги фарқни ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг. Яқин йиллар ичида ушбу рақамлар яна қанчага ортишини тасаввур қилиш мушкул эмас. Чунки тараққиёт, айниқса, ахборот технологиялари ривожланиши катта тезликда илгариламоқда.

Аммо масаланинг иккинчи — ғоят эътиборталаб жиҳати бор. Баъзи мамлакатларда виртуал оламга ғарқ бўлиш оқибатида ўзи ёхуд ўзгалар жонига қасд қилиш ҳодисаси тез-тез қулоққа чалинади. Ёки ўша юртларда кўплаб ёшлар ҳақиқий ҳаётни виртуал ҳаётга алмаштириб, ўша муҳитда кун кечирмоқда. Бу эса уларнинг фикру хаёлида ҳақиқий ҳаёт билан рўёни фарқлай олмаслик унсурларини келтириб чиқараяпти. Натижада шундай ҳудудларда руҳий носоғлом беморларни даволашга ихтисослашган шифохоналар ташкил этилаяпти.

Тан олиш керак, бугунги кунда орамизда интернет ва компьютер хизматларидан фойдаланиш учун вақти, пули, ҳатто саломатлигини ҳам аямайдиганлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бироқ айтиш жоиз, болға билан уй қуриш ҳам, бошни ёриш ҳам мумкин. Демак, барчаси болғани тўғри мақсад йўлида ишлатишга боғлиқ. Ўз навбатида, интернет фойдаланувчиларини икки тоифага ажратиш мумкин. Биринчи тоифадагилар касби талабидан келиб чиққан ҳолда ёки илмий изланиш ҳамда тадқиқотлари учун зарур маълумот, ахборот олиш мақсадида интернетга мурожаат қилса, иккинчи тоифадагилар бемақсад, шунчаки қизиқишига кўра, дейлик, порнографик ёки танишув сайтларига кириш, турли хил ўйинлар билан машғул бўлиб кун ўтказиш кайфиятида бўлганлар саналади.

Кузатишлардан аён, глобал тармоқ фойдаланувчиларининг кўпчилиги асосан ўсмирлар. Маълумки, ўсмирлик шахснинг физиологик ва ижтимоий ривожланишидаги ўзига хос ўта масъулиятли давр ҳисобланади. Уни қайси йўлга йўналтирсангиз, у шу йўлдан кетади. Афсуски, айни вақтда болалар ёки ўсмирларнинг аксари интернет-кафени “иккинчи уйи”га айлантириб олган. Агар шу даврда йигит ёки қиз интернетдаги агрессив руҳга мойил “онлайн” ўйинларга ҳаддан ортиқ берилса, кўп ўтмай бу ҳолат нохуш оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас.

Маълумки, виртуал оламда инсоннинг вақтни идрок этиш тизими бузилади, ижтимоий фаоллиги камаяди. Компьютер қаршисида вақт ўтганини сезмай қолишнинг боиси ҳам шунда. Энг ёмони, виртуал воситаларнинг салбий таъсири маънавий-ахлоқий таназзул билан чегараланиб қолмай, инсоннинг иммун тизимини сусайтирмоқда, умуртқа поғонаси ва кўз касалликларини келтириб чиқармоқда. Бироқ, бунинг олдини олиш учун болаларни, ёшларни интернетдан узоқлаштириб ёки маҳрум қилиб бўлмайди. Бугун ҳар соҳада ўзининг етакчилик ва фаоллигини намоён қилаётган ёшларимизни мазкур йўналишда ортда қолиб кетишларини ҳеч ким истамайди. Энг тўғри йўл шуки, фарзандларимизга виртуал оламда нима яхшию, нима ёмонлигини ўргатишимиз, бир сўз билан айтганда, уларда интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш мақсадга мувофиқ. Энг муҳими, ёшлар ўзлари мустақил равишда оқ ва қорани ажрата олишларига замин яратиш лозим. Бунда асосий масъулият ота-она, ўқитувчи-педагог, маҳалла-кўй зиммасига тушади.

Ёшлар — эртамиз эгалари. Уларнинг ҳам жисмонан, ҳам ақлан баркамол бўлиб ўсиб-улғайиши эртага Ватанимизнинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузи ва ўрни қандай бўлишини белгилаб беради. Шундай экан, ҳар биримиз интернетдан фойдаланиш маданиятига амал қилишимиз, ўз навбатида, уни атрофдагиларга ҳам ўргатиш фойдадан холи бўлмайди. Бинобарин, ёшларнинг руҳий-маънавий оламини зарарли унсурлардан, турли хил бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш орқали тараққиёт пойдевори яратилади. Маънавий баркамоллик эса жамият тараққиётининг муҳим омили.


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Интернет «иккинчи уй» эмас!