Ҳаётдан завқланишни 100 фоизга ўрганинг! » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Ҳаётдан завқланишни 100 фоизга ўрганинг!

Ҳаётдан завқланишни 100 фоизга  ўрганинг!

Одатда кайфиятимиз қандай бўлишидан қатъи назар, «яхшимисан?» деган саволга «яхши» деб жавоб берамиз. Кайфият «яхши»лиги ва «аъло»лиги ўртасида эса анчайин катта фарқ бор. Ҳатто руҳшунослар ҳам кайфият даражасини 100 та даражага бўлиб чиқишган. Айтишларига қараганда, биз қувонганимизда 100 фоизга завқланишни билмас эканмиз. Келинг, кундалик ҳаётимиз, байраму машғулотларимиздан 100 фоизга завқланишни ўрганамиз!

1 % Ширинликхўрлик қиламиз!

Бир бўлак қора шоколад ёки пишлоқ, ёнғоқ, яримта олма… Бу маҳсулотлар таркибида триптофан мавжуд. У эса бахт гормони — серотонин ишлаб чиқариш учун лозим бўлган аминокислота ҳисобланади. Аммо шу билан бирга, халқона мақолни ҳам унутманг: ҳамма нарсада меъёр бўлиши лозим. Завқланишни орттириш ортиқча вазн ҳолида ўзингизга қайтмасин!

5 % Табассум қилинг!

Табассум — энг табиий, хавфсиз ва асосийси, маън қилинмаган допинг, яъни ғайрат берувчи. Биз қачон жилмаямиз? Албатта нимадандир севинганимизда. Жисмонан эса лабларимиз чети кулгида кўтарилган он миядаги завқланиш марказига етиб борган сигналлар уни фаоллаштиради. Ва қарабсизки, бахтиёрлик чархпалаги айланиб кетади: биз жилмаямиз, кайфиятимиз кўтарилади ва аввалгидан-да қувноқроқ табассум қила бошлаймиз. Шунинг учун мазза қилиб кулинг!

10 % Мусиқа лаззати

Мусиқанинг сеҳрли оҳанглари нафақат қулоққа, балки миядаги лаззатланиш марказига ҳам етиб боради. Узоқ чўзилиб кетган жимжитлик эса ҳар қандай лаззатланишни йўққа чиқаради. Оғзингизга бирор ширинлик солдингиз, дейлик, унчалик кўп қувонч ҳис қилмайсиз. Аммо қувноқ мусиқа ўша ширинликка ҳам бошқача маза бергандек бўлади!

20 % Озамиз!

Ортиқча килограммларни йўқотганингда ҳис қилган енгиллик ҳам ҳаракатларни чаққонлаштиради, ҳам лаззатланишга ёрдам беради. Танада йиғилган ёғлар асаб толаларини ўраб олган изолентага ўхшайди: таъсирчанликни тушириб юборади. Бундан ташқари, танада йиғилган ёғларда эстрогенлар заҳираси бор. Ёғлар эрийди ва гормонлар қонга тушиб, завқланиш марказини фаоллаштиради.

30 % Баҳра олинг!

Сувга бир томчи атиргул суви қўшинг ва унинг ифоридан баҳра олинг. Сўнг сувнинг ярмини тўкинг ва стаканни яна тўлдиринг. Энди ҳам ундаги ифордан баҳра олишга, илғашга ҳаракат қилинг. Овқатни паққос туширишдан аввал унинг ҳидини ҳис қилинг. Бу ҳис қилиш марказларини янада кучайтиради.

40 % Эрта уйғонинг!

Тонг энди ёришганда уйғонамиз ва эртароқ уйқуга ётишга ҳаракат қиламиз, яъни қуёш билан биргаликда яшашга одатланамиз. Шунда танадаги серотонин гормони миқдори ортади. Олимларнинг таъкидлашича, бу табиатимизга мос бўлган кун тартиби экан.

50 % Фаол ҳаёт тарзи

Мушаклар ишлай бошлаганда миядаги завқланиш марказига кучли лаззатланиш тўлқинлари кела бошлайди. Бу мушак севинчи дейилади. Аммо ҳамма ҳам бундан лаззатлана олмаслиги мумкин, спорт қийин деган турли ўй-хаёллар ҳалал беради. Бунда ўзингизга мос бўлган спорт турини танлаш муҳим. Кимгадир югуриш, ким учундир рақс тушиш, бошқа биров учун эса сузиш мос.

60 % Хилтларни ҳайдаймиз!

Хилтларга тўла организмнинг рецепторлари ўтмаслашиб қолади. Рецепторлар орқали миянинг лаззатланиш марказига сигналлар бориб тушмайди. Бу эса турли бузилишларга олиб келади. Ички экологияни нормаллаштириш учун: 1 ош қошиқдан қизилпойча (зверобой), мойчечак (ромашка), ялпиз (мята), пустирник ва наъматак доналарини аралаштириб, 1 ош қошиғини ярим литр қайнаган сувда қайнатилади. Устини ёпиб, тиндириб қўйилади. Дамламани докадан сузиб олиб, ҳар куни уйқуга ётишдан аввал ва тонгда оч қоринга ярим стакандан ичилади. Муолажа муддати: 2 ҳафта.

70 % Тасаввур машқи

Тасаввур қилинг: қуёшли кун, ям-яшил дала, сиз ўт-ўланлар устида ётибсиз, ернинг ҳидини ҳис қилаяпсиз, атрофда эса қушлар сайрайди, осмон кўм-кўк, худди пар ёстиқдай оппоқ булутлар нималарнингдир расмини «чизади»... Бунда қанча кўп ҳис қилувчи аъзолар ишласа, шунча яхши!

80 % Болакайлар

Болакайларни кўришингиз билан қувонч ҳиссини туясиз! Чунки болани кўрган катталар қонида окситоцин — ота-оналик ҳисси учун жавобгар гормон ишлаб чиқарила бошлайди. У эса лаззатланиш марказини янада фаоллаштиради. Айнан шунинг учун ота-оналар ўз фарзанди ҳақидаги масъулиятни нафақат машаққат, балки лаззатланиш деб қабул қилишади. Бу ҳис сизга гўёки қанот беради ва ҳаётдан завқлантиради!

90 % Янгиликка интилинг!

Одатда руҳшунослар инсонни стресс ҳолатидан чиқариш учун унинг одатий фикрлаш тарзини ўзгартиришга ҳаракат қилишади. Ҳар куни қиладиган ишларимиз одат турига кириб, автоматик тарзда бажарилади ва бизга лаззат бағишламайди. Чунки миянинг лаззатланиш маркази бу иш борасида ўз лаззатланиш даражасини ўчириб қўйган. Уни ёқиш учун эса кундалик ишларингизда нималарнидир ўзгартиринг. Масалан, нонуштага кутилмаган нарса тайёрланг. Ишга ҳар доимги йўлингиздан эмас, бошқа йўлдан боринг. Ҳадеб кинога тушавермай, театрга ҳам қадам ранжида қилинг!

100 % Ширин хотираларни ишсиз қўйманг!

Ҳар қандай кичик лаззатни ҳам кучайтириш, махсус ҳис қилиш ёки янгидан яшаш мумкин. Асосийси, бу истакка бутун диққатингизни қаратинг. Ширин хотираларни «тирилтиринг», улар сизга куч беради.

Хулоса

Ҳаётда бахтли ёки бахтсиз яшаш ҳар кимнинг ўз танлови. Бахтли бўлишни ўргатиб бўлмайди, инсон бахтни ўзи ҳис қила олади. «Кимнингдир нони қаттиқ, кимнингдир эса олмоси кичик», деганларидай, бахт фоизингизни фақатгина ўзингиз оширишга қодирсиз!



Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru