10:44 / 14.01.2017
7 170

Эр кам дунё (интервью-пародия)

Эр кам дунё (интервью-пародия)

Бошловчи:
— Бугунги меҳмонимиз — кейинги пайтда бемаза қовуннинг уруғидай кўпайиб кетаётган шоирачаларимиздан бири (ўзи эшитмасин) Кундуз Юлдуз. (Суҳбатдошга юзланиб) Ассалому алайкум, Кундузхон. Хуш келибсиз!

Шоира (солланиб):
— Хуш вақт бўлинг!

Бошловчи:
— Мана, ёшингиз ҳам бир жойга бориб қолаяпти (упага беланган юзингиз яшира олмайди буни), шу пайтгача нималар қилиб юрибсиз?


Шоира (бешиктерватарга ўхшаб чимрилиб, бошини лиққиллатиб):
— Қалам тебратаяпман…

Бошловчи (четга қараб):
— Қалам тебратгунча бешик тебратмайсизми?


Шоира:
— А, лаббай?!

Бошловчи:
— Зўр дейман, зўр!


Шоира:
— Тебратиш деганда шу… ўзим томонимдан ёзилган бир шеър эсимга тушиб кетди…

Бошловчи:
— Ҳали шеърхонликка улгурамиз, унгача қайси чаманнинг гулисиз, кимларнинг орқасидан шу даражага чиқдингиз, мукофотларни қандай бадал эвазига олаяпсиз — шулар ҳақида билмоқчи эдик. (Шоира бошловчига парво ҳам қилмайди, илҳом оғушида ҳушини йўқотади. Унинг аҳволини кўрган сухандон телетомошабинларга тушунтириш беради.) Майли, Кундуз Юлдуз ҳақидаги ҳамма миш-мишларда жон борлигини таъкидган ҳолда лирик дақиқаларга навбат берамиз…


Шоира:
— ...
майса бияни тебратар-р-р,
қимиз йигитни тебратар-р-р,
йигит келинчакни-и-и…

Бошловчи:
— Бўлди, бўлди, шеърни шу жойида тўхтатамиз — кулминациядан нарёғига ўтиш шарт эмас. Лекин бу ажойиб бўлган шеър, адашмасам, бошқа шоирники. Ўзлари эшитиб қолса, қалам-палам билан эмас, прямой тебратади-я…


Шоира:
— Вой-й-й, шунақами?! (қанийди, дегандек)

Бошловчи:
— Ўзи, тебранавериб, тебранавериб, бешиктерватарга ўхшаб қолибсиз.


Шоира (ўзини эшитмаганга олиб):
— А, лаббай?!

Бошловчи (атайин урғу бериб):
— Энди шахсан ўзлари томонларидан ёзилган шеърлардан эшитсак…


Шоира:
— И-химм… Майли, энг сўнггисидан ўқиб бераман.

Бошловчи:
— Ҳали бокиралиги кетмаганидан денг!


Шоира:
— И-химм…
Китобимни сотиб бердингиз,
Қарзларимни ёпиб бердингиз,
Ўн беш миллион топиб бердингиз,
Полвон акам, жон оғажоним,
Отамдан ҳам сахий хотамсиз.
Ишга жойлаб қўйган ўзингиз,
Карашмамни суйган ўзингиз,
Хархашамдан тўйган ўзингиз,
Полвон акам, жон оғажоним,
Эримдан ҳам яқин одамсиз…

Шундай-шундай давом этаверади, узун шеър бу.

Бошловчи:
— Бу дейман, интим йўналишда қалам тебратар экансиз-да.


Шоира:
— Ҳа, асосан шундай. Баъзи-баъзида ижтимоий мавзуларга ҳам қўл уриб тураман.

Бошловчи (четга қараб):
— Қўл урмаганингиз шу қолувди, ўзи…


Шоира:
— А, лаббай?!

Бошловчи:
— Ўқинг дейман, ўқинг!


Шоира:
— И-химм… ЗАГС мудираларига аталганидан…

Ажаб замона бўлди,
Туллар ЗАГС-она бўлди,
Уйлар кошона бўлди,
Қози парвона бўлди.
Оқни қора дейди-я,
Замон баҳона бўлди.
Ғардан отин чиқди-я,
Туллар ЗАГС-она бўлди.
Авжида олди-берди,
Юриш мардона бўлди.
Тагида “Нексия”, “Матиз”,
Уйлар кошона бўлди.
Чиқди мудира эрдан,
Ният пинҳона бўлди.
Мен бор дея ортингда
Қози парвона бўлди.
Ажаб замона бўлди-ей-й-й…

Бошловчи:
— Э, қойил, жуда ўткиридан экан. Зарари йўқ, монтажда кесиб ташлаймиз.


Шоира:
— Узр, яна адашибман, бу шеър ҳам бировники экан. Охирги пайтлари асл вариант билан ўзлаштирилиб ўзгартирилган нусхаларни чалкаштириб юбораяпман-да…

Бошловчи:
— Узрли, узрли. Тушунамиз, бўп туради.


Шоира:
— Лекин бу шеърда менинг дардим ёзилган, билсангиз. Бир акахонимиз ЗАГС мудиралигини олиб бермоқчи эди. Уйгур куйгур Беваойнинг акахони янаям бақувватроқ экан, кучимиз етмади. Алам билан юрган кунларим ушбу шеърни газетада кўриб қолдим ва ўзимники қилиб олишга жазм этдим.

Бошловчи:
— Бу ёғи виждонингизга ҳавола… Мана, Кундузхон, сиз билан валақлашиб вақтимиз ҳам тугаб қолибди. Рухсат берсангиз, суҳбатимизни Пушкин бободан Сирожиддин ака ўгирган тўртлик билан якунласак.


Қизман деб ҳар шеърда чинқирмоқ нечун?
Дилга сўз экмоққа ер даркор эмас.
Эй куйчи гулойим, гапимга тушун:
Сенга эр керакдир — шеър даркор эмас.

Аc-Сухандон Жиззакий

Манба: Tafsilot.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Эр кам дунё (интервью-пародия)