19:08 / 15.01.2017
17 473

Тилга кўчмаган севги изҳори

Тилга кўчмаган севги изҳори

9-синф

Ўшанда мен унинг ортида ўтириб, жингалак қора сочларига термулардим. У муҳаббатимни сезмасди, лекин ичимда у мени севиб қолишини орзу қилардим. Танаффусда у ёнимга келиб, дафтаримни сўраб турди, мен бердим. Ўшанда юрак ютиб, мен унга шунчаки синфдош ўртоқ бўлишни истамаслигимни айтгим келди. Лекин айтолмадим. Мен уни яхши кўраман. Лекин буни айтиш негадир менга жуда қийин эди.

10-синф

У доим дугоналари даврасида бўлар, мени умуман сезмасди. Мен эса дарсдаям, кўчадаям нигоҳларим билан уни кузатардим. У меники бўлишини қанчалар орзу қилардим, доим у ҳақда хаёл сурадим. Лекин у… у менинг муҳаббатимдан бехабар эди.

Битирув оқшоми

У ҳаммадан гўзал бўлиб кетганди. Пушти матодан тикилган либоси сарв қоматига янаям кўрк бағишлар, у худди оққушдек учиб юрарди. Синфдошлар билан ҳазиллашиб, қаҳ-қаҳ отиб кулар, мен эса унинг юзига ярашиб турган кулгичларига суқланиб боқардим. Қанийди, у менинг муҳаббатимни сезганида эди, мен томон шунчаки бир ўгирилиб қараганида эди… Лекин мен унинг бахтдан масрур кўзларида севги нишонасини сезмадим. Рақс ортидан рақс, у бирам чиройли ўйнардики. Мен гўё сеҳрлангандек фақат унга боқар, унинг ҳар бир ҳаракатини кузатардим. Унга бор ҳақиқатни айтиб, уни қанчалар севишимни ошкор этгим келар, лекин бундай қилолмасдим.

Бир неча йил ўтиб…

Кеча унинг тўйи бўлди. Биз синфдошлар бир стол атрофида ўтирдик. Мана, ниҳоят, у ёнида хурсанд қиёфада келаётган ёри билан тўйхонага кириб келди. Мен чанқоқ нигоҳларим билан унинг эгилиб турган юзи, кўзларига тикилардим. Унинг нигоҳларидан муҳаббат изини изладим. Мен доим у меники бўлишини орзу қилганман. Лекин ўзимни алдаб нима қилдим? У мени умуман севмайди, бўлмаса бошқа бировга турмушга чиқиб кетармиди?

Орадан йиллар ўтди…

Кеча унинг оламдан ўтганини айтиб қолишди. Синфдошлар йиғилишиб бордик. Мен кўзларимдаги шашқатор оқаётган ёшларни тўхтата олмасдим. Уни ниҳоятда яхши кўрганимни, усиз кунларим зерикарли, бир хил, нурсиз ўтганини, у менинг кўнглимда доим порлаб туриб, менга яшашга куч берганини, унинг хаёли билан яшаганимни қани эди бировга айта олсам. Энди ҳаётимдан қуёшим кетди, мен буткул зулматда қолдим.

Сўнгги сўз ўрнида…

Кеча унинг яқин дугонаси – синфдошимиз Ҳалимани учратиб қолдим. «Биласанми, у мудом сени севган, ўша мактаб давримиздан бошлаб. Лекин сен буни билмагансан. Сен билиб қолишингдан, устидан кулишингдан қўрққан. Лекин доим сенинг ортингдан тикилиб, «Қани эди, у мени яхши кўриб қолсайди», деб ният қилганини сен сезмагансан ҳам. Сендан ҳеч қанақа ишора, ҳаракат бўлмагач, у тақдирига тан берди. Мактабни битирганимиздан кейин ҳам учрашганимизда, телефонда гаплашганимизда у ҳамиша сен ҳақингда гапириб, сени умуман эсдан чиқара олмаётганини айтарди. Аслида у сенинг бефарқлигинг туфайли ҳам бошқа бировга турмушга чиқиб кетди. Баъзида кўнглини менга очиб, эрини умуман севмаслигини, юрагидаги жавобсиз муҳаббати уни олов бўлиб ёндираётганини йиғлаб гапирарди. Мана шунақа гаплар. У ўлаётганда ҳам сени ўйлаб жон берди, бир дақиқа бўлса-да, сени унутгани йўқ. Агар сенда ҳам унга нисбатан бирон туйғу бўлганида эди, сизлар бахтли ва чиройли жуфтлик бўлардинглар. Афсус…»

ШАБНАМ

Манба: Diydoraziz.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Тилга кўчмаган севги изҳори