Асал ҳақида батафсил » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Асал ҳақида батафсил

Асал ҳақида батафсил

Биз томонларда Бухоро вилоятининг айрим туманларидан келган кишилар асалга ўхшаш моддани (менимча, қиёмни) “асал” деб сотишади. Улар бу “асал”ни қўшни Навоий ва Самарқанд вилоятларига бориб, қишлоқма-қишлоқ юриб жуда арзон нархда сотишар экан. Уни 3 литрлик бонкада, тахминан 5 кг ини 12000-15000 сўмга сотиб олишингиз мумкин.

Таъми асалга ўхшайди, ўзимча, улар шакарни қиёмга айлантириб, унга асал таъми ва ҳидини берувчи моддаларни қўшса керак, деб ўйлардим. Бозорда 1 кг. тоза асалнинг баҳоси 15000 сўмдан каммас, шакар эса 3500 сўм. Лекин, уларнинг бу “асал”ни шакар нархидан ҳам арзонга сотишаётганини кўриб таажжубланасиз.

Бир китобда ўқигандим: қизилмия илдизи қайнатилса, ҳосил бўлган қиёми шакардан 80 баравар ширин бўлар экан. Тажриба учун синаб кўрганимда, ҳақиқатдан ҳам, ширин, лекин, ғалатироқ таъмли модда пайдо бўлди. Ўша “тадбиркор асалфурушлар” ҳам қизилмия илдизини қайнатиб, унинг аччиқ таъмини билдирмайдиган моддалар қўшиб тайёрлашармикин, деб ўйлаб қолдим. Аслида бу қандай маҳсулот, қиёмми, асалми, ё қизилмия? Ҳусанова Нигора Самарқанд вилояти

Мутахассис фикри: Абдухалил Чякалов “Ўзбек-Асал” уюшмаси раиси -Аввало, ҳар бир нарсанинг арзони ўз номи билан баҳосини айтиб туради. Ҳақиқий асалфурушлар асалнинг табиий ёки сунъиийлигини айтиб сотиши керак. Қизилмия илдизидан тайёрланадиган “асал”га келсак, унинг ўзи истеъмол учун эмас, асосан, қандолатчиликда ишлатилади. Бундан ташқари асални фақат шугина эмас, бошқа яна бир қанча йўллар билан сунъиийлаштириш мумкин. Ҳар хил хид берувчи моддалар билан ҳам асал тайёрланади. Энг яхшиси, асаларичилик лабораторияларида тайёрланадиган асални истеъмол қилишни тавсия этамиз.

АСАЛ – АВВАЛО ШИФОДИР

Асал халқ табобати тавсия этадиган шифобахш неъматларнинг подшоҳидир. Ўтмишдаги табиблар асални бежизга «узоқ умр кўриш малҳами», «ҳаёт шарбати», деб айтишмаган. Дарҳақиқат, унинг таркибида инсон организмига ўта зарур ва фойдали бўлган юздан ортиқ биологик модда бор. Пифагорнинг айтишича, унинг узоқ умр кўришига муттасил асал истеъмол қилиши асосий сабаблардан бўлган экан. Ибн Сино таъбирича, навқиронликни сақлаб қолиш учун асал истеъмол қилиб туриш керак. Айниқса ёши улғайиб қолганларга у бебаҳо шифо ва қувват манбаидир. У шамоллаш, ҳолсизлик, асаб тўқималари касалликларида яхши даво бўлади. Асал болалар ва қарияларга, танадаги модда алмашинуви бузилган кишиларга бирдай фойдалидир.
Асал ҳақида батафсил


АСАЛАРИНИНГ ЗАҲМАТИ
Асалнинг тозаси қандай бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Фақатгина уни яратишдаги машаққатни яна бир бор ёдингизга соламиз. Ўзингиз тасаввур қилиб кўринг: онгсиз, ақлсиз бир ҳашаротнинг тинимсиз учиб-ишлаб, асал йиғишининг ўзи мўъжиза эмасми? Асалари бир кило асал тўплаш учун уясидан 120-150 минг марта учиб чиқиши, тўрт юз минг чақирим масофани учиб ўтиши керак экан. Бу Ер куррасини ўн марта айланиб ўтишга тенг келади. Тоза асалнинг қиймати қанчалигини шундан билаверинг. Энг қизиғи, асалари ўзи йиққан асалнинг юздан бир қисминигина истеъмол қилади, қолгани инсонларга туҳфа этилади. Асаларининг ҳаёт тарзи, уларнинг уй қуриши, мева ва гулларни еб, асал қилишлари ва ўша асал одамлар учун шифо бўлиши каби ҳодисаларда катта мўъжизалар бор. Асалари парвариши билан шуғулланувчиларнинг касалликка кам чалинишларининг ўзиёқ асалари чиқарган ҳамма нарса шифобахш эканини исботлаб турибди.

БИЛАСИЗМИ?
Асал олинган жойига қараб уларнинг тури маълум касалликларга шифо бўлар экан. Масалан, юқори нафас йўли шамоллаганларга тоғ асали фойда қилади. Ҳазм йўллари хасталикларида эса чўл ва далалардан олинган асал шифо бўлади. Юрак хасталикларида ўрмон асали кўпроқ наф келтирса, буйрак хуружида каштан дарахти гулининг асали қўлланилади.

АСАЛНИНГ ОЗИ ШИРИН
Ҳар қандай шифобахш неъматни меъёридан кўп истеъмол қилиш зарар келтиргани каби асалдан фойдаланишда мўътадилликка эътибор қаратиш лозим. «Асалнинг ҳам ози ширин» деган мақол бежизга тўқилмаган. Катта ёшдагилар бир кунда 100-150 грамддан, ёш болалар эса 30-40 граммдан ортиқ асал емаганлари маъқул. Аммо уни ўзбошимчалик билан ҳар ким ўзича қўллаши, болаларни даволашда ишлатиши хатарли оқибатларга олиб бориши мумкин. ҚИЁМ НИМА? Халқ табобатида асалари қиёми ёки елими (прополис) ҳам кенг фойдаланилади. Энг ажабланарлиси, жуда кўп кимёвий дори-дармонлар бошқа аъзоларда қандайдир асорат қолдиргани ҳолда асалари елими ҳеч қандай зарарли таъсир кўрсатмайди. Чунки антибиотиклардан фарқли ўлароқ, асалари елими табиий модда ҳисобланади.

БИЛАСИЗМИ?
Асаларини чақтириш ёки унинг тиббиёт йўли билан олинган заҳарини қўллаш орқали ҳам қадим-қадимдан турли касалликлар муолажа қилиб келинган. Масалан, асалари заҳарига асал қўшиб соч ўстиришда ишлатилган. Рус подшоси Иван Грозний ва Швеция қироли Карл 12 бу хушбўй суюқликдан подагра (бўғин ва тўқималар касаллиги)ни даволашда фойдаланишган.

Манба: Diydoraziz.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru