Барча касалликларга тиш сабабчи эканлигини биласизми? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Барча касалликларга тиш сабабчи эканлигини биласизми?

Барча касалликларга тиш сабабчи эканлигини биласизми?

Қачон сўнгги бор тиш дўхтири ҳузурига борганингизни эслай оласизми? Жавобингиз “йўқ” бўлса, унда албатта яқин кунларда боринг. Чунки касал тишлар жуда кўп хасталикларга сабабчи бўлиши мумкин, улар орасида ошқозон яраси ва гастрит энг “беозор”ларидир.

Оғиз бўшлиғида мавжуд микроорганизмлар сони уч юздан зиёддир. Бироқ уларнинг бизга бирон зарари тегмайди. Улар керакли микрофлора яратиш учун керакдир. Лекин тишлар кариес натижасида емирилса ёки милклар билан бирон муаммолар юзага келса, ҳаммаси ўзгариб кетади. Шунда патоген бактериялар сони кескин ошиб кетади. Қайсидир паллада бу зараркунандалар оғиздаги ўзлари макон қилган жойни ташлаб, организм бўйлаб сафарга йўл олади. Бу эса, жуда хавфли. Улар мўлжалга оладиган нишонлар эса…

ОШҚОЗОН

Оғиз бўшлиғидан ошқозонга бориб қолган касаллик чақирувчи микроорганизмлар гастрит, ошқозон яраси, холецистит ва бошқа ошқозон-ичак тракти муаммоларини келтириб чиқариши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам тажрибали гастроэнтеролог сизни албатта, стоматолог ҳузурига юборади. Шунақасиям бўладики, инсон узоқ йиллар ошқозондаги оғриқдан азият чекади, бунинг сабаби эса, ўтказиб юборилган кариес ёки пародонтозда бўлиши мумкин. Токи сиз ўз тиш ва милкларингизни тартибга келтирмас экансиз, ошқозонингиз билан муаммоларингиз ҳам тугамайди.

Умуман олганда, масаланинг бошқа томони ҳам бор, овқат ҳазм қилиш тизимидаги муаммолар ҳам тишлар саломатлигида ўз аксини топади. Масалан, гастритда пастки “тўртлик” ва ақл тиши зарарланса, ичак касалликларида пастки бешлик, холецистит ва жигар билан муаммоларда олд тишлар (клики) зарарланади. Шунинг учун агар кариес узоқ йиллардан бери айнан шу тишларга “меҳр” қўйган бўлса, гастроэнтеролог кўригидан ўтиш сизга ортиқчалик қилмайди. Шу билан бирга, тиш тошлари тез ҳосил бўладиган ҳамда тишларини нотўғри босадиган одамлар ҳам ошқозонларини текширтирганлари маъқул, улар овқатни керакли даражада чайнашмайди, бу эса, овқат ҳазм бўлиш жараёнига салбий таъсир қилади.

ТОМОҚ БЕЗЛАРИ

Зарарли бактериялар ошқозонга тушмай, аксинча, анча олдин, томоқ безларида қўним топишлари мумкин, бу эса ангинани келтириб чиқаради. Чунки касаллик нафақат ташқаридан, балки ичкаридан, яъни организмда инфекциянинг доимий ўчоқлари: гайморит, ринит, касалланган тиш ва милклар бўлганда ҳам, ўз-ўзидан пайдо бўлиши мумкин. Ангина, айниқса, йиринглиси жуда хавфли бўлиб, оғир ҳолатларда у қонни зарарлаши мумкин. Шунингдек, бошқа асоратлар, жумладан, ревматизм, буйрак хасталиги, юрак иш фаолиятининг бузилиши юзага келиш эҳтимоли катта. Айнан шунинг учун ҳам, ангинада антибиотиклар ичилади, улар инфекцияга бас келишда ёрдам беради. Ва албатта, тишлардаги майда ковакларни ўз вақтида даволаш даркор.

ЮРАК

Хавфли бактериялар йўл олиши мумкин бўлган яна бир йўналиш юракдир. Баъзида бунга тозаликка бўлган ўта қаттиқ муҳаббат сабаб бўлади. Масалан, киши тишларини тиш ипи орқали ўта кучли ҳаракат билан тозалаб, шиллиқ пардани зарарлаб қўйиши мумкин. Оқибатда бу ерда яра пайдо бўлиш эҳтимоли туғилади. Ярада ривожланган зарарли микроблар қон билан бирга юрак тўқималарига етиб бориши, унинг оқибатида юрак клапанлари яллиғланиши — инфекцион эндокардит ривожланиши мумкин. Бу ҳолат баъзида тиш даволатиш, олдириш, уларни протезлаштиришда н кейин ҳам юзага келиши мумкин. Шунинг учун юрак хасталикларига чалинишга мойил кишилар тишларини даволаётганларид а албатта, антибиотик қабул қилишлари даркор, у хавфни йўқотади. Соғлом одамларга бунинг кераги йўқ, қонга зараркунандалар тушиши билан иммун тизими улар билан курашга отланади.

ТОМИРЛАР

Касал тишлар жуда хавфли томир касалликларидан саналмиш тромбоз, атеросклероз, инфаркт ёки инсультга олиб бориши мумкин. Тадқиқотлар натижасида аниқланганки, оғиз бўшлиғини етарлича парваришламаслик ва ўз ҳолига ташлаб қўйилган кариес юрак-қон томир касалликларига учраш хавфини 70 фоизга оширади. Касал чақирувчи бактериялар томирлар деворига ёпишиб, атеросклеротик тугунча ҳосил қилади. У секин-аста ўса бошлайди ва бир кун томирни буткул ёпиб қўйиши мумкин. Агар тромб узилиб кетса, инфаркт, инсульт ва бошқа қўрқинчли асоратлар келиб чиқиши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам биринчи навбатда, организмдаги инфекция ўчоғини даволаш лозим. Шу жумладан касал тишларни ҳам.

БИЛИБ ҚЎЙГАН ЯХШИ

Фойдали:

 мунтазам равишда тиш шифокори ҳузурига бориб туринг;

 ярим йилда бир марта тиш тошини тозалатинг;

 тишларингизни кунига икки марта ювинг.

Зарарли:

 тишларни ҳаддан зиёд кўп оқартириш;

 энергетик ичимликлар ва ширин газли сув ичиш – улар тиш карашини зарарлайди;

 ирис ва ёпишқоқ конфетлар ейиш — бу ширинликлар тишга ёпишиб қолиб, у ерда бактериялар ривожланиши учун қулай муҳит яратади.

Манба: Diydoraziz.uz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru