21:17 / 19.12.2016
14 564

Фарҳод Маҳмудов “Барон”нинг давомидаги иштироки ҳақида

Фарҳод Маҳмудов “Барон”нинг давомидаги иштироки ҳақида

Нафақат Ўзбекистонда балки Россия киноси оламида ҳам маълум ва машҳур Фарҳод Маҳмудов илк марта ижодга мактаб давриданоқ қадам қўйган. Илк ролини “Бўрилар” (“Волки”) номли ўзбек фильмида ижро этган актёр 17 ёшида С. А. Герасимова номидаги Россия давлат кинематография университетига ўқишга киради. Олийгоҳни тамомлаб, театрда фаолият бошлайди ва турли феъл-атвордаги роллар муаллифига айланди. 2016 йил эса ўзбек фильмларидаги узоқ йиллик танаффусдан сўнг Рустам Саъдиевнинг “Барон” фильмидаги роли билан қайтди. Роллари билан ҳар бир томошабиннинг эътиборини тортиб, кўнглидан чуқур жой ола биладиган ижодкор, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган артист Фарҳод Маҳмудов “Даракчи” меҳмони...

— Ассалому алайкум, хуш келибсиз!

— Хушвақт бўлинг. Ўзбегимнинг меҳрга тўла нигоҳларини кўриб турганимдан мен ҳам жуда шодман. Ўз уйимда, Ватанимда юртдошларимни, яқинларимни кўргандаги ҳис-ҳаяжон ва қувончимни сўз билан оддий ифодалаб бўлмайди.

— Ҳар гал Ватанга қайтганда қандай ҳисларни туясиз? Нималар кўпроқ эътиборингизни тортади?

— Биринчи галда бу ерда мени доим соғинч билан кутиб оладиган ота-онам, яқинларим, қариндошларим бор. Келишим билан уларнинг бағрига ошиқаман. Улар билан дийдорлашиш менинг энг биринчи вазифам ва истагим бўлган. Катта оиланинг фарзанди бўлганим учун ҳар бирининг хонадонига бориб, учрашиб чиққунимча анча вақт кетади. Шунинг учун баъзида, бошқа шахсий, ижодий ишларга вақт ҳам тополмайман. Ҳа айтганча, яна бир одатим бор, яъни самолётдан тушишим билан Тошкентнинг бебаҳо ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас оламан. Унинг исида болалигим яширин. Ўша пайтда узоқ-узоқларда қолиб кетган жажжи Фарҳодга айланиб қолгандек бўламан гўё.

— Россияда бўлганингизда Ўзбекистонни эслатиб турувчи нарсалар ҳақида гапирсангиз...

— Ўзбекистон доим менинг қалбимда. У ўчмас излар, хотиралаб билан менда яшайди. Бундан ташқари у ерда бошқа соҳаларда фаолият олиб бораётган ҳамюртларим билан деярли ҳар куни юзлашиб тураман, мулоқотда бўламан. Айнан бирор бир буюм ҳақида гапирадиган бўлсак, уйимда доим миллий либсоларимиз — чопон ва дўппиларим бор. Уларни ҳар кўрганда меҳрибон юртдошларимни ёдга оламан.

— “Барон” фильмидаги ролингиз билан яна ўзбек киносига қайтдингиз десак адашмаймиз...


— Агар ростини айтсам, ўзимни, ўзбек киносидан кетган актёр сифатида тилга олгим келмайди. Мен ҳеч қачон унга бегона бўлмаганман. Аммо тан олиш керак, танаффус узоқ бўлди. Аммо мен шу ерда эдим (кулади).

— Фильмда сизга ўзбек дубляжи актёри Санжар Саъдуллаев овоз берди. Овозлаштириш кўнглингиздагидек бўлганми?

— Фильмнинг тўлиқ кўринишини ўзим ҳам премьерада томоша қилдим. Ҳамкасбимнинг овоз бериш маҳоратидан очиғи жуда мамнунман. Шунинг учун овозлаштириш ҳам табиий эштилди.

— Фильм ва ундаги ролингиз ҳақида гапириб ўтсангиз.

— Бу картина ҳақида узоқ гапиришим мумкин. Аммо қанча ҳаракат қилмай назаримда фикрларим холис бўлмайди. Чунки мен бевосита бу фильмнинг яратувчисиман. Унда иштирок этдим. Табиийки, хатоларни кўрмаслигим ёки бўлмаса, ютуқларни ошириб юборишим мумкин. Шунинг учун “Барон” ҳақида фикрларни томошабинлар билдиргани маъқулроқ. Зеро, фильм Ўзбекистонда катта қизиқиш билан томоша қилинганини ўз кўзларим билан кўрдим. Жуда кўп юртдошларимиз менга ижтимоий тармоқлар орқали ўз фикрларини билдиришди. Ана шу фикрлардан ҳар бир ижодкор сингари мен ҳам ишимдан руҳан куч олдим дейиш мумкин.

— Россиялик ҳамкасбларингизнинг ушбу фильм ҳақида фикрлари билан ҳам қизиқдингизми?

— Ҳозиргина фильм режиссёри Рустам Саъдиев билан шу ҳақда гаплашган эдим. Яқин кунларда “Барон” Россиянинг бир қатор телеканалларида намойиш этилар экан. Унинг айтишича, айни кунларда барча ташкилий ишлар якунланган. Премьерадан сўнг фикрлар билан албатта ўртоқлашаман.

— Айни кунларда кўпчилик “Барон”нинг давомини интизорлик билан кутмоқда. Сиз-чи?!

— Албатта! Худди ашадий мухлисдек интизорлик билан кутяпман десам муболаға бўлмайди.

— Ролга таклиф этишганда, унинг қайси жиҳатларига эътибор берасиз?

— Биринчи ўринда ролнинг “юки”га аҳамият бераман. Фикримча, картинада бош роль ижроси актёр учун муҳим бўлмаслиги керак. Аксинча эпизод бўлса ҳам у ўз иштироки билан картина мазмун-моҳиятини очиб бериши, воқеаларни ривожлатириши ва албатта томошабин қизиқишини уйғота олиши керак. Яна бир муҳим жиҳат, мен учун кинонинг мавзуси, моҳияти жуда муҳим.

— Фэнтизи жанрига меҳрингиз бўлакча экан? Нега айнан шу жанрни ёқтирасиз?

— (кулиб) Балки қалбимнинг туб-тубида мен ҳали ҳам боладирман. Болакайлар сингари менга ҳам саргузаштларга бой фильмлар жуда ёқади. Улар билан биргаликда эртакка, ўзга оламга тушиб қолишни ёқтираман.

— Театрдаги узоқ йиллик фаолиятингиздан сўнг ишдан кетганингиз ҳақида эшитдик...

— 2010 йил театрдаги фаолиятим расман тўхтатилган. Аммо таклифлар бўлганда, ишлаб турибман. Биласизми, актёр бир вақтнинг ўзида ҳам театр, ҳам кинодаги фаолиятини тенг олиб бориши жуда қийин. Бир мисол, яқинда премьера қилинган сериалнинг суратга олиш ишлари билан бошқа давлатда 9 ой гастролда бўлдим. Бу пайтда эса табиийки театрдаги ишим тўхтаб қолди. Икки томон ҳам жабр кўрмаслиги учун мен кинони танладим.

— Қачондир театрга қайтишингиз мумкинми?


— Балки... Ҳозир аниқ жавоб айтолмайман. Буни вақт кўрсатади.

— Ўзбек театрларига боришга улгурдингизми?

— Минг афсуски, улгурмадим. Анча йил олдин “Илҳом” театрида бир спектаклни мароқ билан томоша қилганимдим. Аммо сўнгги вақтларда маданий ҳордиқ учун бироз вақтим етмаяпти.

— Ўзбек актёрларидан кимларнинг ижодига қизиқасиз?

— Ўзбекистонда актёрлик мактаби жуда кучли. Агар ҳар бири чин дилдан ишласа, албатта энг зўр ролларнинг соҳиби бўлиши мумкин. Ўзбек киносининг ҳар бир вакилини фақат яхши гаплар билан тилга олишим мумкин. Бироқ номма ном келтириб ўтмайман. Чунки, кимдир ёдимдан чиқса хафа бўлишлари мумкин.

— Интервьюларингизнинг бирида “Актёрлик йўлини танлаган одам, ўз-ўзидан бошқа ишларни унутиши шарт” деган экансиз. Бугун ҳам шу фикрдамисиз?

— Сизнингча бошқа йўл ҳам борми? Агар инсон актёрлик касбини танлаган бўлса, у ўз-ўзидан бошқа ишни унутишга мажбур! Ортиқча вазифаларни бўйинига олиш учун имкон ва вақт бўлмайди. Агар у чиндан ҳам санъатга фидоий бўлса.

— Ўғлингиз Искандар ҳақида ҳам гапириб берсангиз. Унинг санъатга қизиқиши борми?

— Ўғлим баҳорда 13 ёшга тўлади. Очиғини айтсам, махсус спорт мактабида ўқигани учун бошқа ишларга қизиқишга ҳозирча вақти йўқ. Касб танлашни унинг ўзига қўйиб бераман. Агар санъатни танласа қаршилигим йўқ.

— Ўғлингиз билан бирга қандай вақт ўтказасиз?


— Биргаликда, фильм ва сериаллар томоша қиламиз. Бирга китоб мутолаа қилиш севимли машғулотларимиздан бири. Шунингдек баъзида компьютер ўйинларини ҳам ўйнаб турамиз. Искандарга шеър ўқиб беришим жуда ёқади. Имконият ва вақтимизга қараб, кичик-кичик шеърият кечалари ўтказиб турамиз.

— Ўзбекистонга тез-тез келиб турадими?

— Ҳа, албатта! “Барон” фильмининг тасвирга олишда мен билан бирга Ўзбекистонга келганди. Бирга вақт ўтказиб, юртимнинг чиройини кўз-кўз қилганман.

— Ўзбекистондан кетишда нима олиб кетишни истайсиз?


— Халқимнинг самимий табассуми ва уларнинг қалбидаги меҳрини ўзим билан олиб кетишни истардим. Узоқ ўлкадаги совуқ қировли кунларда халқимнинг тафти мени иситиб турсин...

Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди
Ислом фотомухбир РЎЗИЕВ

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Фарҳод Маҳмудов “Барон”нинг давомидаги иштироки ҳақида