22:41 / 08.10.2016
9 220

Оппоқ булутлар узра саргардон (Ҳаётий,ибратли ҳикоя)

Оппоқ булутлар узра саргардон (Ҳаётий,ибратли ҳикоя)

…Боши айланиб, қулоқлари битиб қолди. У хотинининг бир-бирига ёпишиб-ажралаётг ан лабларини кўрарди, холос. Бир муддатдан кейин кўзлари тиниб, оёғи остидан ер узилгандай бўлди. Кейин руҳи бироз осойиш топди. У гўёки туш кўраётган эди. Оппоқ булутлар устида учиб юрганмиш. Қанотлари ҳам оппоқ эмиш. Пешвозига бир қиз чиқибди. У ҳам бошдан-оёқ оппоқ кийинганмиш. У қизга етай-етай деганда уни йўқотиб қўярмиш. Сўнг яна олисларга учармиш, бир зум кўз ўнгида намоён бўлган қизнинг ортидан ором излаб учармиш…

– …Эрингиз инфарктни бошдан ўтказганлар. Уларга имкони борича тинчлик, осойишталик керак. Ортиқча ҳаяжонланиш, сиқилишдан сақланишлари лозим. Шунингдек, энди спиртли ичимликлардан ҳам тамоман тийилсинлар, – ҳуши ўзига келганида, ним очиқ эшикдан аёл кишининг мулойим товуши элас-элас қулоғига чалинди. Бир муддат кимлигини, қаердалигини билмай эсанкираб қолди. Сўнг бояги мулойим овоз энди бош устида янгради:

– Тузукмисиз?.. Кўзингизни очганингиздан хурсандман. Ортда қолгани рост бўлсин… – у хира кўзларини базўр очиб, руҳини аллалаган овоз келаётган томонга қаради. Қарадию… юраги орзиқиб кетди. Ўша таниш овоз, таниш чеҳра ва таниш… кўзлар… Аммо таниш нигоҳ унга ортиқча илтифот кўрсатмади. Аксинча – лоқайдгина, аммо хайрихоҳлик билан, бепарвогина, лекин ҳамдардлик билан шифо тилаб, хонани тарк этди. У ҳозиргина тушида кўрган ҳурлиқони тўхтатишга уринар, бор овози билан ундан ёнида қолишини ўтиниб сўрамоқчи бўлар, аммо минг тиришмасин, кўнглидаги туғён бўғзидан нари чиқолмади. Сўнг яна бемажол, бемадор ёстиққа чўкди. Яна қаттиқ ухлаб қолишни, тушида ўша барқут булутлар устида учишни, яна ўша соҳир товуш соҳибасига йўлиқишни ва у билан олис-олисларга учиб кетишни истарди. У кўзларини юмиб-юммай яна туш кўра бошлади. Тушида айни навқирон йигит ёшида экан. Аллақандай шаҳарда юрганмиш. Одамларга тескари юриб борармиш, ёнида ўша оппоқ кийимли, юзлари ойдин, кўзларига ғам чўккан, киприкларида ёш қотиб қолган чиройли қиз эмиш. Бир пайт қизнинг момиқ қўлчаларидан тутиб олган қўллари бўшаб, ҳавода муаллақ осилиб қолибди. У жон ҳолатда ўзини ўнглаб қизни изламоқчи бўлармиш-у, тош қотган жойидан ҳеч жила олмасмиш…

Улар балоғатнинг нурафшон лаҳзаларида, талабаликнинг эн г унутилмас, олтин дамлари бўлган пахта-йиғим теримида танишишганди. У курсдош йигитларнинг барчаси Тиббиёт институтида ўқийдиган, сочлари шалоладек, ширмойдек қирмизи юзига ярашиқли қора холи бор, киприклари узун қизга шайдо бўлиб юрганидан хабардор эди. Пачаққина, кўримсиз, боз устига отасизликда ўсган йигитнинг ундай парирухсорларга ҳуши ҳам, иши ҳам йўқ эди. Инчунин, у ўзини ўша таърифи дунёларни тутга ҳурлиқога муносиб билмасди ҳам. Аммо…

Етимликда кўп машаққату меҳнат ичида улғайган йигит, кузнинг изғирин ёмғири остида пахта терган куни иситмалаб ётиб қолди. Педагогика институтининг тўртинчи босқич талабалари ва тиббиёт институтининг иккинчи курс талабалари бир жамоа хўжалигининг шийпонию кичкинагина клубини эгаллашган эди. Қишлоқ дўхтирлари ёппасига бошқа туманга пахтага олиб кетилгани учун, унга жиллақурса ҳамшираликни эплайдиган тиббиёт институтининг талабаси – ўша шайдолари сочидан кўп санамни рўпара қилишди. Ҳуркак, мағрур, гўзал, аммо ниҳоятда содда, самимий сулув билан танишуви ўшандан бошланганди. Кейин кўпнинг орзуси бўлган ўша малак унинг севгилисига айланди. Тунда ой нурлари остида ширин суҳбатлар, анҳор бўйларида сўзсиз термулишлар… Сўнг эса… Сўнг жиловланманган эҳтирос… Ақлни доғда қолдирган ҳиссиёт… Кейин эса…

– …Энди нима қиламиз?.. – дардчил оҳангда сўради қиз. – Нега бундай бўлди ўзи?.. Қайғуларимнинг чеку чегараси йўқ…

У эса индамай тураверди. Қаттиқ қаршилик қилмагани учун, эҳтиросларга тез берилгани, ўзини ўнглолмай қолгани учун қиздан нафратланди. Бошини кафтлари орасига олиб ўтирганида қиз, маҳзун жилмайиш билан:

– Бунча чўкиб қоляпсиз? Кўп куйинманг, нари борса тўй қиламиз-да, – деди. Унинг шундоқ ҳам ловиллаб турган ғазаби баттарроқ авжга чиқди:

– Тушунмадим, қанақа тўй?! Кимга тўй?! Мен сенга қандай уйланаман?! Мени бир кўз билан, не-не умидларда боққан онамга нима дейман? Ўзини асраб билмай бир кечада ихтиёрини топшириб қўйган қизга уйланаман, дейманми?! Кўзимдан йўқол!

Қиз индамади. Узун сочларини танғиб қўйган дуррачасига кўз ёшларини арта-арта, учрашув жойини тарк этди. Шундан кейин у қиздан ўзини олиб қочиб юрди. Қиз ҳам уни бошқа безовта қилмади. Шу кетган бўйи қорасини ҳам кўрсатмади.

Йигит ўқишни тамомлаб, юртига қайтди. Онаси кўз остига олиб қўйган, оиласига кўп ёрдами теккан раис тоғасининг қизига уйланди. Хотинининг қоп-қора, йўғон гавдасини қучганида, дуркун, оппоқ танада қолган қўл излари уни таъқиб қиларди. Ёнидаги аёлнинг қисиқ, кўримсиз кўзларига ҳиссиз тикилганида, меҳ р билан ёниб турадиган мафтун кор кўзлардаги надомат уни қарғарди. У эса парво қилмай яшайверди. Гўёки юраксиз эди. Меъдасидан сал тепароқда жунбушга келаётган туйғулари, муҳаббатини енгишга уринар, тунлари виждон сўроғига жавоб тополмай уйқусизликдан тўлғониб чиқарди. Балки юргагига ўрнашган оғриқ аслида виждон азобидир? Негаки, у бугун расмий равишда юрак хасталиги билан касалхонага тушган бўлса-да, бир неча йилдан бери чап кўксида дард симиллаётганини ўзи ҳис қилиб турарди. Биринчи марта бу оғриқни, хотинидан отаси қуриб берган уй борасидаги таънани эшитганида сезганди.

– «Синглимнинг ўғли, жигарим», деб, дадам мени хўп куйдирди. Яна икки гапнинг бирида ўқимишли, дейиши-чи! Ўргил дим сиздақа ўқимишлидан, китоб қўлтиқлаб, калтак кўтариб юрасиз, чўнтагингиз қачон қарамай қуп-қуруқ! Мен етим қайниларни боқиш учун эрга текканман-да!

Кейинчалик бу дашномлар тез-тез жаранглайдиган, ҳар бир жаранги унинг кўнглига адоқсиз дард, алам ва ўкинч тўлдирадиган бўлди. У ўтмишдаги кечмиши ҳисобини беряпман, деб ўйларди. Ҳатто бир неча бор, гарчи кечиккан бўлса-да, ҳаётини изга солишни, шанғи хотин билан ажрашиб, бу юртлардан бош олиб кетишни, ўша ҳаётидаги ягона муҳаббати, янглиш қадами, кўнгил хатосини излаб топишни, унинг пойида хору хас бўлиб ёлворишни, кечирим сўраб ўтинишни, агар у изн берса, кеч бўлса-да хатосини ислоҳ қилишни – унга уйланишни ҳам мўлжал қилди, аммо… Ожиз ва суст иродаси унга ҳар гал панд берар, қолаверса, у ичкиликка берилиб, диёнатдан тобора узоқлашаётганди. Бирин-кетин туғилиб улғаяётган қизу ўғилларига қараб, бир пайтлари ўзи қилган гуноҳини такрор ва такрор эсларди.

Тўнғич қизи бир оёғи калта туғилди. Мана ўн бешга тўлибдики, ҳар куни эшикдан кўз ёшини селоб оқизиб кириб келади: «Эртага мактабга бормайман, ўғил болалар калака қилишади, маймоқ, чўлоқ, деб ҳақорат қилишади, қизлар мен билан дугона бўлишни истамайди, энди кўчага чиқмайман…» Иккинчиси ўғил, ҳарна тўрт мучаси соғлом… деб ўйлашган экан. Чақалоқ сал бундайроқ бўлган эди, шифокорлар унда тутқаноқ хасталиги аломатлари сезилаётганини айтишди. Шундан бери бола шўрликнинг умри касалхонада ўтяпти. Бор умиди учинчи фарзандидан эди… Дўмбоққина, ширингина болакай улғайгани сари унинг кемтик кўнгли тўлгандай бўлар, ҳеч бўлмаганда биттагина ўғлининг соғлом эканидан, фарзандим бор, деб элга кўрсатгулик сабаби борлигидан таскин топарди. Бироқ… болакай катта бўлиб, мактаб ёшига етганида кўрикдан ўтказган шифокор, гўдакнинг кўз нурларида муаммо борлигини айтди. Сўнг у борини сарфлаб, топганини харжлаб шу ширин ўғлини даволатмоқчи бўлди. Даволатди ҳам… аммо боласининг тобора пастлаб бораётган кўз нури тўрт йилдан кейин тамоман хиралашиб, шўрлик болакай кимнингдир етовисиз бир қадам ҳам ташлай олмайдиган бўлиб қолди.

Хотини отасига, «Мени қариндошга бердингиз, на болаларим соғлом, на бахтим бор, на давлатим», деб ёзғирса, у ичида армон қилади: «Қариндошларнинг турмуш қургани камми?! Қариндошлик дейилса, биттаси бўлар, иккитаси бўлар, учови ҳам дард устига чипқон бўлмайди-ку! Йўқ, менинг тўрт мучаси соғлом, онасига ўхшаган гўзал фарзандим бор. Аммо қаерда у? Ким билан у? Кимни дада, деб бағрига отилади? Ўғилми у ё қизалоқ? Кимнинг ярим кўнглини тўлдиряпти? Ё валади зино, деб бояқиш боламни нари итаришадими? Бегона одам уни ўз фарзандидек кўролмай, болам отаси бағрига бош қўйишни армон қилиб яшаяптими? Қаерда у? Қайларда у?..» Ҳасрати ҳам, ўкинчу изтироби ҳам ичида эди. Дардларидан бир Худо, бир юраги бохабар эди. Юраги-ку, уни кечиролмай бедаво дардга мубтало этиб қўйди, Худо-чи, у кечирармикан? У Яратгандан астойдил узр сўраб тавалло қилиш ўрнига, у ҳаром қилган «шайтон суви»ни маъқул кўрди. Аллоҳга юзланиб, тавфиқ, ёрлақаш ўтиниш ўрнига, вақтинчалик шайтон оромини танлади. Эртага Унинг даргоҳига борганида, бу қаро юзларини қайга яширар экан?!.. У-чи, у бу номардни, бир бегуноҳнинг ҳаётини барбод қилган, кўнглини синдирган нотавонни кечирармикан?.. Кечирармикан?..

* * *

– Эртага мен тушгача ишга келолмайман. Бош шифокорнинг хабари бор, агар беморга муолажа зарурати пайдо бўлса, дарҳол Азамат Шокировични чақирасизлар. Агар бундайроқ тадбир бўлганида-ку, бормай қўя қолардим, лекин иложим йўқ, эртага Ёдгорахоннинг коллежида ота-оналар йиғилиши бўларкан. Худо хоҳласа, йиғилиш тугаган заҳоти қайтаман, – у ўша соҳир товушдан чўчиб уйғонди. Уйғондию илкис қулоғига «Ёдгора» деган исм урилди. Қулоғида жаранглаган исм, юрагида акс-садо берди: «Ёдгора?! Нега энди Ёдгора?! У менинг қизим бўлиши керак… Менинг… бир пайтлари тан олмаган, ташлаб кетган, ҳозир бўй етиб қолган қизим… У соғломмикан?..»

– Опа қизларини жуда яхши кўрадилар-да. Уни деб, ўгай ота қизларини хор қилмаслиги учун ёлғиз ўтиб кетяптилар, – ҳамшира пичирлаган кўйи ёнидаги навбатчи даволовчи шифокорга қаради.

– Собиқ эрлари ҳақида ҳеч гап очмайдилар, нега ажрашишган экан-а, шундоқ сулув, оқила, мулойим хотиннинг қадрини билмаган қандай ношукур экан?!..

Бошида ўтирган шифокор билан ҳамшира доктор опанинг «эр»ини роса пўстагини қоқишди. Бу суҳбатдан англагани шу бўлдики, унинг қизи ўзининг пуштикамари бўлиб, ўзи танҳоликда умр ўтказаётган экан. «Ҳаммасига мен айбдорман, мен. Ҳар не қарғишингиз бўлса, менга ёғдиринг, лаънатлар айтинг, мен шундай аёлни бахтиқаро қилдим…» деган сўзларни тилига кўчиролмай, хаёлида ҳайқирганча кўзларини юмган эди, яна чап кўксида аёвсиз оғриқ уйғонди. Бу гал у ҳушидан кетмади, балки кўнглининг туб-тубида шукроналик ҳисси уйғонди. Демак, унинг фарзанди бор. Соғлом, онасига ўхшаган гўзал, ақлли. У албатта бахтли бўлади. Онаси учун ҳам, бахтли бўлади…

Унинг жисми оғриқдан осойиш топди. Барқут булутлар аро учишга шайланди. Ва кўринмас қанот билан уча бошлади… Энди у ёлғиз эди… Само узра учаётган руҳи жигарбандини излаб, чор-атрофда зор айланарди…

Рухшона ФАРРУХ.

Манба: Diydoraziz.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Оппоқ булутлар узра саргардон (Ҳаётий,ибратли ҳикоя)