10:29 / 27.11.2016
10 194

Мунажжимлар очиқ-ойдин сўзлаганда

Мунажжимлар очиқ-ойдин сўзлаганда

Мунажжимлар юлдузларга қараб кўпинча инсонларнинг яхши томонлари, уларнинг ижобий сифатларини таърифлашади. Келинг, бугун буржларга хос бўлган салбий жиҳатларни кўриб ўтамиз.

ҚЎЙлар жангари ва сержаҳл бўлишади. У болалигида фазогир ёки аскар бўлишни орзу қилгани боис ҳам дуч келган билан жанжаллашиб кетаверган. Оилавий ҳаётда уни пуллардан узоқда сақлаш керак, чунки унинг пулга суяги йўқ. Борини ўша заҳотиёқ ишлатиб юборади. У жуда зерикарли бўлиб, соатлаб ўзи ҳақида гапириши мумкин.

БУЗОҚ майдакаш, эзмадир. У бошлиқлар гапини ҳеч қачон икки қилмайди. У бойликни жуда яхши кўриб, пулни йиғади, қизғанчиқ. У охирги кўйлакни ҳам ечади, йўқ, ўзидан эмас, ўз яқинларидан. Гарчи кўринишидан меҳрибонга ўхшаб кўринса-да, болалигидан то қаригунча оила аъзоларини ўз йўриғига юрғазишга интилади. У ўзидан бошқа ҳеч кимга ишонмайди.

ЭГИЗАКлар мангу болакайдирлар. Улар катта бўлишни умуман хоҳлашмайди. У кам ўқийди, лекин ҳамма нарса ҳақида ўз фикрига эгадир. Тўғри, бу фикр ҳафтасига ўн марталаб ўзгариши ҳам мумкин. У на жисмонан, на ақлий зўриқишни истамайди. У меҳмон кутишни яхши кўради, уларни чой ва конфетлар билан, лекин кўпинча ўз эзмалиги билан меҳмон қилади.

ҚИСҚИЧБАҚАлар одатда, омадсиз бўлишади. У бир фикрда турадиган, ўз-ўзини томоша қиладиган бурж вакилидир. Ҳеч ким уни ўз фикридан қайтаролмайди. Қўрқаётган қисқичбақа биринчи бўлиб ҳужумга ўтиши мумкин. Бироқ одатда, у хавфни сезиши билан ўзи севадиган қўрғони, уйига жуфтакни ростлаб қолади. У кучли ва қўрқмас бўлиб кўринишни яхши кўради. Аслида эса ҳамма нарсадан қўрқиб, ёлғизлик ва тинчликни ёқтиради.

АРСЛОНлар жуда ялқов бўлишади. Болалигида ота-онасидан пул ундиришга уста бўлишса, улғайгач дўстлари ва танишларидан фойдаланишади. Унинг ўта мағрурлиги ва ўз-ўзини севиши ҳар қандай инсон ҳаётини заҳарлашга, шоҳона буюмларга ишқибозлиги эса истаган ҳамённи бўшатишга қодир. У бутун дунё фақат унинг атрофида айланишини истайди, шу боис ҳам ҳамма ерда биринчи бўлишга интилади. Агар шундай бўлмаса, у тушкунликка тушиб қолиши мумкин.

ПАРИЗОДлар одатда, майдакаш, эзма бўлишади. Бир нарсага ёпишиб олса, тамом, гапиравериб, ҳар қандай одамнинг қонини қайнатиб юбора олади. У ҳеч қачон таваккал иш қилмайди, ўзи ва яқинларининг ҳар бир ҳаракати учун, улар буни исташмаса-да, тўлиқ, зерикарли режа тузиб чиқади. У ҳар бир ишни ҳисоб-китоб билан қилади, у бажарадиган иш эса оғир ва зерикарлидир. Бундан ташқари, у душманларига ҳам шафқатсиз.

ТАРОЗИ. Бу бурж остида туғилиш учун ҳақиқий омадсиз бўлиш керак. Уларнинг иккала қўли ҳам чапдир. Улар ҳазилни умуман тушунишмайди. Муҳаббат, пул, иш, уйда… ҳеч қаерда омадлари кулмайди. Бу бурж вакиллари қарор қабул қилиша олишмайди. Гарчи санъатни тушунишмаса-да, лекин ўзларини худди санъатшуносдек тутишни ёқтиришади. Кўпинча одамларни йиғлатадиган мемуарлар ёзишади.

ЧАЁНлар ҳатто узоқдан туриб ҳам хавфли бўлишади. Хиёнат қилишади, алдашади. Ўз мақсадига эришиш учун ҳеч нимадан тойишмайди. Аввал ўзи ҳақида яхши таассурот қолдириб, кейин панадан туриб зарба беришга устадирлар. Карьера қилишда бировни ўйлашмайди. Агар у сиз билан дўстликларини қадрлаши ҳақида гапириб қолса, билингки, бир соат олдин у сиз ҳақингизда бошлиққа шипшиб чиққан.

ЎҚОТАРлар доим хурсанд юришади, ҳатто томдан тўппа-тўғри бошларига тушиб кетган ғишт ҳам уларни хафа қилолмайди. У билан беш дақиқа гаплашиб, уни ўлдириб қўйгингиз келади. У болалигидан ҳаммани ўз аҳмоқона ғоялари билан безор қилиб юборади. У кўп алдаб, ўйлаб топишни ёқтиради.

ТОҒ ЭЧКИСИ золим, совуққон, худди муз қоя каби ҳиссиздир. Уйдаям, ишдаям у бошқалар устидан ҳокимлик қилишга интилади. Жуфти ҳалолига руҳий босим ўтказишни қойиллатади. У фақатгина жисмоний куч ёки руҳий босим олдида ортга чекиниши мумкин. Хаёлпарастлик унга хос эмас, лекин кибрли, ҳеч ким ва ҳеч нимани кечирмайди. Доим бошлиқ бўлишга ҳаракат қилади.

ҚОВҒАлар реал ҳаётдан буткул узилган хаёлпараст бўлишади. У олган пулларини ҳеч қачон қайтармайди, чунки олиши билан ишлатиб юбориб, ёдидан чиқаради. Ваъдаларига амал қилмайди, ишлашни ёқтирмайди. Орқадан бошқалар устига мағзава ағдаришга ҳам уста. У йиққан бор пулини қаёқдаги бўлмағур бирон ғояси учун ишлатиб юбориши ҳам мумкин… бундай ғоялар эса унда тўлиб ётибди.

БАЛИҚлар ёлғонсиз яшай олишмайди. Шу қадар кўп алдашадики, охир-оқибат рост қаерда-ю, ёлғон қаерда эканини ўзлариям ажратолмай қолишади. Гарчи бундан уларга бирон фойда бўлмаса-да, битта ёлғонни ёпиш учун иккинчисини ўйлаб топаверишади. Ўзгалар сирини билиб олишни ёқтириб, кейин бу сирни бошқалар билан ҳам бўлишишади. Балиқлар ишлашни хоҳлашмайди, умуман олганда, қўлларидан бирон иш келмайди ҳам. Агар уларни бирон иш қилишга мажбурлашсалар, барибир қўлдан чиқиб, жуфтакни ростлаб қолади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Мунажжимлар очиқ-ойдин сўзлаганда