23:55 / 17.11.2016
8 114

WhatsApp туфайли дугоналаридан ортда қолаётган қиз ёхуд ўғирланаётган дамлар

WhatsApp туфайли дугоналаридан ортда қолаётган қиз ёхуд ўғирланаётган дамлар

Тараққиётимиз тезлашаётган бир даврда дунёни зир титратаётган ахборот хуружи исканжасида қолдик. Бу жараён табиийки жамоатчиликда мислсиз ахборот оқимидан фойдаланиш маданиятини ҳам шакллантиришни тақазо этмоқда. Ахборотнинг чексиз манбаси ҳисобланаётган интернет эса бу борада биз учун муҳим имконият йўлига айланди.

Интернет дастлаб илмий изланиш ва ҳарбий мақсадлар йўлида яратилганлигини яхши биламиз. Бугун эса у инсоният учун ҳали салбий ва ижобий томонлари тўлиқ ўрганилмаган сир синоатларга бой, ҳадсиз ахборот дунёсидир. Ваҳоланки, интернет енгиб бўлмас уч бошли аждарҳо эмас. Инсоният қўли билан яратилган ихтиро холос. Ундан оқилона фойдаланиш, эзгу мақсадларга хизмат қилдириш ҳар бир зиёли учун берилган катта имкониятдир. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бўлгани сингари дунёда одамни лоқайд қилувчи ёвуз махлуққа айлантирувчи мафкуралар ҳам ана шу имкониятлардан фойдаланаётганини англаш, ўз вақтида бундай тажовузларнинг олдини олиш, ахборот жиловини қўлга киритиш билан баробардир. Шулардан бири эскапизм (инглизча escape – қочиш, яшириниш) тушунчасидир. Бунинг мазмуни шуки, ушбу иллат орқали кишининг ўз хаёллари дунёсига ғарқ бўлиши, реал ҳаётдан қочиши яна ҳам соддароқ айтганда тарки дунёчиликка берилишидир. Бугунги кунда у ёшлар онгини забт этишда асосий усулга айланмоқда.

Ҳаёт ранг-баранг. Баъзи таниш-билишларни учратганимизда кинофильмларда кўрган лавҳа эсга тушади. Ўтган аср бошларида Европалик киборлар салом-алик қилишса, бир-бирларига бош кийимларини ечиб ҳурмат кўрсатишган. Бугунги ёшлар ана шу ҳаракатни саломлашганда энди қулоқчин (наушник)ларини ечиб бош ирғашмоқда. Қўшиқ эшитаётган бундай тенгдошимиз ҳар ҳолда бизни илғаб олаётгандир. Аммо ижтимоий тармоқлар бағрига сингиб кетган ўғил қизлар ҳақида бундай дейиш қийин.

Яқинда бир синглимизнинг гапидан хижолат тортдим. Унинг ўзи вилоятдаги нуфузли бир коллежнинг 1 босқич ўқувчиси. Айтишича, гуруҳдошларининг ҳаммаси шаҳарликлар, қўлида замонавий телефонлари бор талабалар.

— Мен сиқиляпман, асабийлашяпман, – деди қизалоқ ўксиниб.

— Нима, ўқиш жараёнига, тартибга кўниколмаяпсизми? – деб сўрадим.

— Э қайда, ўқишни эплаб ташлаяпман. Сенсорли телефон олишим керак. “Ватсап” ўрнатмоқчиман. Онам бунга қарши, гуруҳимиздаги ҳамма қизлар “Ватсап” да гаплашади. Улардан орқада қолаётганим учун юрагимга ҳеч нарса сиғмаяпти. Замонавийликни онам қайданам тушунарди. Бир ёқда шу телефоним оддийлигидан хижолат тортаман. Гаплашишга, сурат, хабар юборишга ҳам жуда қулай экан бу тармоқ.

Синглимизнинг афсусига сабаб бўлган ушбу «муаммо» мулоҳазага ундайди. Унинг онги бунчалар саёз нарсалар билан банд? Наҳотки, вақтинчалик кўнгилхушликлар балоғатни қаршилаган фарзандлар юрагидаги аламга айланса? Қизга жўяли бирор маслаҳат беролмадим. Унинг ўткинчи ҳавас, саёз фикрлари зукко тенгдошларига яхшигина хулоса. Шунга қарамасдан Телеграм, Одноклассники, Твиттер, Вконтакте, Ватсап, Фейсбук, Вибер ва бошқа ижтимоий тармоқлар ҳаётида айни кунларда ёқимли оҳанрабо. Улардан диний ақидапарастлик, муҳолифатчилик кайфияти, ахлоқий бузуқликларнинг жуда ёрқинлик билан талқин этилаётгани даҳшатли ҳодисадир. Бундай дейишга ўринли сабаблар бор. Масалан, АҚШда ҳатто дафн маросимларида ҳам одамларнинг ўз телефонларидан ажралмасдан «мотам тутаётгани» катта шов-шувларга сабаб бўлган. Очиқ айтиш зарур бундай ёқимсиз манзаралар сиз ва бизнинг орамизда ҳам учрайди. Йигит ва қизларнинг кўча-кўйларда ҳатто жамоат жойларида ҳам телефонларида берилиб матн тераётгани, атрофни унутиб тармоқ асирига айланаётгани бор гап. Буни замонавий зомбилашув деб аташ мумкин. Ғафлат босган бу каби ёшларга қараб ачинасан, холос. Кузатиб ушбу оддий ҳақиқат кўнгилдан ўтади. Улар жамоат орасида, бир ўқув масканида ва ёки интернет кафеда ҳамиша ёнма-ён. Бироқ улар буни ҳис қилмаяптилар. Таажжубки. Улар биргаликда ёлғиз одамлардир. Қайсидир маънода бу манқуртликнинг қиёфасига ўхшаб кетяпти. Тананинг дарди оғиздан киради, дейишади кўпни кўрган катталар. Маънавий касаллик эса кишига кўзидан, қулоғидан киради, десак ҳақ гапни айтган бўламиз, назаримда.

Интернет орқали келтирилган қуйидаги фактлар диққатимизни тортди: «Россияда одамларни интернетдан даволовчи илк клиникалар иш бошлади. Америкада эса руҳий қарамликдан даволовчи бундай шифохоналар 1996 йилдаёқ пайдо бўлган». Нақадар маънавий фожиа. Ҳали бизда бу даражага етилгани йўқ. Афсуски, ҳатто мактаб ўқувчиларининг интернет кафедаги бир зумлик ҳаётини кузата туриб «интернет касаллиги» уларни ҳам «хаста» қилиб қўймаслигига ҳеч ким кафолат беролмаса керак.

Мамлакатимиз келажаги ҳамиша зукко, ақли расо, баркамол ёшларга таянади. Уларга ҳамиша умид билан боқади. Бугун имкониятлар эшиги очилган бир паллада ота-оналар ўз фарзандларига меъёр деган ўгитни тушунтирсалар қайсидир маънода тарбиясизликнинг олди олинарди. Мурғак қалбларга ёвуз ниятларнинг соя солмаслигига оз бўлсада, эришиларди. Зеро, интернет ҳам бугун номи тез-тез тилга олинаётган маданиятсизликнинг «оммавий маданият»нинг бир бўлагидир. Унинг сирли кучи эса соддалик паранжисини юзига тортганида намоён бўлади. Унинг асирига айланган одам алдамчи ҳаловат ичра ўзини овутиб яшайверади. Бизнинг ёшларимиз ана шу «соддалик»ка боғланиб қолмасликларини жуда-жуда истардик.

Мадаминжон Солижонов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » WhatsApp туфайли дугоналаридан ортда қолаётган қиз ёхуд ўғирланаётган дамлар