11:22 / 19.11.2016
8 002

«Гўринг куйсин, Исталин!» (Бошқача ҳикоя)

«Гўринг куйсин, Исталин!» (Бошқача ҳикоя)

Отамни бир Москвада айлантиргим келди. Ўзим учун қизиқ нарса отамга ҳам қизиқ бўлар, дедим. Отамни музейга олиб бордим.

Отамни расмлар ҳам, ҳайкаллар ҳам қизиқтирмади. Отам мен учун қизиқ бўлган ноёб буюмлар, Хитой чиннилари, нодир китобларга ҳам қайрилиб қарамади. Аммо босиб олинган Туркистондан ташиб келинган ашёларнинг олдида узоқ туриб қолди отам. Туркистон хонлари ва амирларининг тахти, кийим-кечаклари, олтин камарлари, қилич ва қалқонлари, саллалари ва тожларига қадалган олмосларни кўриб, чуқур хўрсинди.

− Ўзбекнинг бор-йўғини шилиб, шу ерга олиб келишган экан-да? – деди отам.

− Бу ҳали ҳаммаси эмас, ота, − дедим. – Бу миллиондан бири.

− Ҳаммасини кўрсатсанг, ичимдан оловим ташқарига чиқиб кетар экан-да, болам?

Отам шу ердан ортига бурилди. Қолган нарсаларни кўргиси ҳам келмай қолди.

Отамни Қизил майдонга олиб бордим. Ленин мавзолейига олиб кирдим. Отам Ленинга узоқ тикилди.

− Войит малимга ўхшар экан, − деди отам ташқарига чиққанимизда секингина. – Йўқ, Войит малим бундан каттароқ чиқар, лекин бунинг боши катта. Анча катта.

Отамнинг Войит малим дегани бўйи бир ярим метрга бормайдиган Абдувоҳид деган ўқитувчимиз.

− Юртимизни босиб олишга буйруқ берган шу-да? – деди отам менга қараб. – Гўринг куйсин, дейин десам, бунинг гўри ҳам йўқ экан. Тирик бўлиб, тирикларнинг, ўлик бўлиб, ўликларнинг сафида йўқ экан, тириклардан пастроқда, ўликлардан дўнгроқда ётаверадими энди, шундай қилиб?

− Юринг, ота, бошқаларини ҳам кўрамиз, − дейман отамнинг қавариқ саволларига жавоб беришдан қочиб. – Мана Сталин.

− Гўри ҳам шу ердами?

− Шу ҳайкалнинг остида.

− Гўринг куйсин, Исталин! – дейди отам ҳайкалга қараб. – Йигитлигимнинг зўрини Сибирда ўтказдинг-а? Гўргинанг куйсин сени!

Отамнинг энг қаттиқ сўккани шу: “Гўринг куйсин!” 1937 йилда Сибирга сургун қилинган отам ўн икки йил тортган азобини иккита “Гўринг куйсин!” билан “раччут” қилди.

− Кетамиз, улим, Масква деганинг менга ёқмади!

Отам яхши кўрган Никулин ҳам, унинг цирки ҳам, отамга кўрсатмоқчи бўлганим – ВДНХ, яъни Бутуниттифоқ халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси ҳам қолди.

− Майли, ота, унда Ленинградга борамиз, − дедим ноилож. – Ленинград кўп ораста, чиройли шаҳар.

Ленинградга келиб, сайёҳлик марказидан бир кунлик саёҳатга иккита йўлланма олдим. Бизга ўхшаган томошаталаблардан ўттизтача одам йиғилгач, автобус йўлга тушди.

− Биз сизни Россиянинг шимолий пойтахти, Нева устидаги шаҳарда олқишлаймиз! – дея шаҳарни таништиришни бошлаган йўлбошловчимиз то Петропавлов черковига боргунча шаҳар тарихини гапириб борди.

− Нима деяпти? – сўради отам. – Жуда кўп гапириб юборди?

− Шаҳар тарихини айтиб бераяпти, Санкт-Петербург – Авлиё Петер шаҳри дегани экан. Петер эса биз ўйлаганимиздек, буларнинг машҳур подшоси Пётр биринчи эмас, у ўзининг ҳомийси ҳисоблаган Авлиё Петер экан. Авлиё эса Пётрдан бир ярим минг йил олдин яшаган экан. Исо алайҳиссаломнинг ўн икки шогирдларидан бири бўлган экан.

− Шаҳарлари бир ярим минг йил олдин ҳам бўлган эканми? – ҳайрон бўлди отам. – Самарқандга ўхшаб қадимий экан-да?

− Шаҳарнинг қурилиши 1703 йилда бошланиб, ўша йилдан то 1914 йилгача Санкт-Петербург деб аталган экан. 1914 йил Россия Биринчи жаҳон урушига қўшилгач, немислардан нафратланган руслар ватанпарварлик қилиб, шаҳарни Петроград деб аташган экан. 1924 йилда Ленин ўлгач, шаҳарни унинг шарафига Ленинград деб аташган экан.

− Йигирма тўртинчи йилдан кейин ўзларининг ҳақиқий авлиёларининг отини қўйишган экан-да? – деди отам.

− Ҳа, шундай бўлса керак, − дедим мен. − 1991 йилда умумшаҳар сўрови натижаларига кўра, унинг илк номи қайтариб берилиб, яна Авлиё Петер шаҳри − Санкт-Петербург бўлибди.

− Тўқсон бирда буларда ҳам кўп ишлар бўлган кўринади-а, ўғлим?

− Тўқсон бирда бутун дунёда кўп ишлар бўлган ота, − дедим ва отамни кўпчилик кираётган черковга бошлаб кирдим.

Йўлбошловчимизнинг гапларини отамга тушунтирдим:

− Ўша Пётр биринчидан бошлаб, ўрисларнинг барча подшоларини шу ерга дафн қилишган экан. Ленин оттириб, бир овлоққа кўмдириб юборган Николай подшонинг суякларини ҳам олиб келиб, шу ерга кўмишибди.

− Бундан Никалай пошшога нима наф экан? – сўради отам. – Ундан кўра, бегўр-у, бекафан ётган анави Ленинни опкелиб кўмса, савоблироқ бўлмайдими?

− Билмасам, ота, булар савоб, увол деган нарсаларни бошқачароқ тушунади.

Ўша куни тарихий “Аврора” крейсерида тушлик қилдик.

− Инқилобни бошлаган, биринчи тўп отган кема дейсан, бу ерда ҳамма овқат ейиш билан овора-ку? – деди отам.

− Энди ҳалиям тўп отиб ётсинми, ота? – дедим ўзимча тушунтирган бўлиб. – Энди бекор турмасин, деб ошхона қилиб қўйишган-да.

Кечқурун меҳмонхона излаб юрмайлик деб, отамни эски танишим Игорникига олиб бордим. Отам уни борганидан келгунича Эгар деб чақирди. Яхшиям Игор ўзбекчада эгар нимани англатишини билмайди.

− Эгаржон, келин где? – сўради отам.

Игорнинг жавобини ўзбекчага ағдардим:

− Дала ҳовлисига кетган экан, бугун ўша ерда ётиб қоларкан.

Ўзимиз дастурхон қилдик, ўзимиз у-бу пиширган бўлдик. Овқатланиб бўлган эдик ҳамки, эшик қўнғироғи жиринглади. Игор эшикни очиб, бир аёлни етаклаб келди.

− Маша, моя подруга, − таништирди Игор.

− Дугонаси эмиш, − тушунтирдим отамга.

− Ўзбекча қилиб, дангал ўйнаши демайсанми? – деган отам дастурхонга фотиҳа қилди. – Мен намозимни ўқиб олай, қибла қайси томон экан?

Игорга ҳар қанча тушунтирмай, қибла нимлигини ҳам тушунмади, Макка тугул, Саудия деган мамлакат қайси томондалигини тахмин ҳам қила олмади.

Отам белбоғини тўшаб, бизларга ажратилган уйнинг бурчагига қараб намоз ўқиди.

***

Эртаси куни эрталаб отамни Пискарёв қабристонига олиб бордим. Немислар урушда Ленинградни 900 кеча-кундуз қамал қилганини, ўшанда одамлар очликдан қирилиб кетганини, бир ярим миллиондан ортиқ одам қамал вақтида ўлганини, қамалдан кейин шаҳарда аҳолининг тўртдан бири, ярим миллиондан сал кўпроқ одам қолганини, бу ердаги ҳар бир қабрга беш мингдан ўн минггача одам кўмилганини айтганимда отам хомуш бўлиб қолди.

− Ўрис бўлсаям, одам-да, болам, одамнинг ичи ачийди, − деди отам. – Анави мусиқаси ҳам юракни эзиб юбораркан.

Пискарёв қабристонида тўхтовсиз мотам мусиқалари ҳазин таралиб туради.

− 900 кеча-кундуз дедингми? – деб қолди отам чиқар чоғимизда. – Агар минг кеча-кундуз қамал қилса, бу шаҳарда тирик одам қолмас экан-да…

***

Пешиндан кейин отамни “Гостинный двор”га олиб бордим. Кечгача айландик. Отам энг аввал онамга, кейин опам билан сингилларимга, кейин акаларимга алоҳида-алоҳида совғалар олди.

− Энди сен акаларингнинг, сингилларингнинг болаларини бир бошдан айтавер, мен уларга ҳам совға олай, − деди отам. – Ўзим адашиб кетаман, қайсининг нечта боласи бор, аниқ эслай олмайман.

Совға олинмаган невара-чевара қолмади. Куёвлар-у, келинларига ҳам совға олинди. Отам мулла Сафар бобо-ю, Раббим чолни ҳам унутмади. Тоғдаги аммамизга ҳам, унинг қизларига ҳам совға олинди.

Кечқурун бир жомадон совға-саломни кўтариб, чарчаб-ҳориб, Игорникига кириб келдик. Игор йўқ экан, бизларни хотини Люда кутиб олди. Игор бугун тунда ишлашини айтди.

− Эгар укангиз бугун тунги навбатда ишлар экан, − тушунтирдим отамга.

− Менга ҳозир Эгар-пегар керак эмас, таҳорат қилиб, намозимни ўқиб олсам бўлди, ухлайман.

Ювиниб чиққан отам ошхонада бегона озарбайжон эркакни кўриб, ҳайрон бўлди.

− Яна меҳмон келиб қолдими, дейман? – сўради отам.

− Это мой друг, Мамед, − деб таништирган Люда унинг бозорда кўкат сотишини, ҳар замонда кириб туришини, ўзи яхши йигит эканини айтди.

− Таржима қилиб ўтирма, ҳаммаси тушунарли, − деди отам. – Бу уйни наҳс босган экан, хотин йўғида Маша, эр йўғида Мамед, ҳе, гўринг куйсин!

***

Отамни “Ракета”га миндирдим. Бу сиз ўйлаган, коинотга учадиган ракета эмас, Пётр биринчининг ёзги саройи бўлган Петергофга дарё бўйлаб олиб борадиган тезсузар теплоход. Унинг сувни кесиб тез сузиши, бир терак бўйи сув кўтарилиб, теплоходдан баландга кўтарилиб кетиши, ортидан сувда ажойиб из қолдириб сузиши отамнинг завқини келтирди.

− Энангни олиб келсак бўлар экан, − деди отам. – Энанг сувни яхши кўради. Доим “катта сувга олиб боринг”, дейди. Сув катта бўлса, шунча бўлар-да?

− Кейинги сафар энам билан олиб келаман, Болтиқ денгизида сузамиз, ана шунда катта сувни кўрасиз, − дедим отамга. – Поёни йўқдек туюлади. Кўзингиз кўра оладиган жойнинг ҳаммаси сув бўлади. Дельфинлар кемага эргашиб юради. Омадимиз келиб қолса, китни ҳам кўриб қолишимиз мумкин.

Петергоф отамга манзур бўлди. Айниқса, Петергофнинг фавворалари отамга ёқди. Самсон фаввораси ёнида узоқ туриб қолди. Шундай катта фонтаннинг соф олтиндан эканига ишонмади. “Фонтан-шутник”, яъни кутилмаганда ишлаб кетиб, ҳамма ёқдан сув отадиган “Ҳазилкаш фаввора” отамнинг кийимларини ҳўл қилиб қўйгани учун сийланди: “Гўринг куйсин!”

Пётр биринчининг қасрини, у ердаги ҳашаматни, олтин буюмларни кўриб, лол бўлган отам ҳайратларининг ҳаммасини битта сўз билан айтди-қўйди:

− Ўрис пошшолар тиллага ўч бўлган экан-да…

Отамни ёш боладек хурсанд қилган олмахонлар бўлди. Дархт шохларидан тушиб келиб, ҳайиқмасдан отамнинг қўлидан писталарни олиб, чақиб ейишлари отамнинг завқини келтирди.

− Бор, яна писта олиб кел!

Икки-уч марта писта олиб келдим. Ҳаммасини олмахонлар чақишди.

− Қўлимни қитиқлашларини қара! – дерди отам яйраб. – Эҳ, бу ерга энангни олиб келишимиз керак экан-да. Манавиларни кўрса, қўли билан овқатлантирса, роса маза қиларди-да.

− Албатта, олиб келамиз, ота, ҳадемай олиб келамиз.

Қайтишда поездда қайтамиз, дегандим, отам кўнмади.

− Ҳалиги кемада қайтамиз, улим, яна бир маза қилайлик! Аммо анави Эгарникига бормайман, бошқа жой топ!

Отамни бошқа бир ўртоғим, Юраникига олиб бордим. Юранинг хотини алоҳида хонага отам билан менга жой қилиб, тоза чойшаблар тўшаб берди.

− Сиз дам олиб туринг, мен Игорникида қолган нарсаларимизни олиб келаман.

Жомадонларни олиб келгунимча отамнинг авзойи бузилиб ўтирибди.

− Бу жўранг ҳам, хотини ҳам молдай ичар экан, − деди отам. – Астағфируллоҳ, эрини майли, энди ўрис-да, десанг, хотини ҳам эридан қолишмай, бараварига ичаяпти.

− Хотини ҳам ўрис-да, ота, хафа бўлманг, − дедим. – Эртадан дам олиш куни, булар энди икки кун ётиб ичади. Сиз парво қилмай, ухлайверинг!

− Деразасида қора пардаси йўқ экан, қандай ухлайман? – деди отам. – Эгарникида қора парда бор эди.

Биз борганимизда Санкт-Петербургда улар «Белые ночи» деган тунлар бўлиб, кечаси ҳам худди кундузидек чароғон кечалар эди. Деразаларга қора парда тортилмаса, тун кирганини ҳис қилиш қийин, деразадан ташқарига қараган одам бемалол кўчада юрган одамларни таниши мумкин эди. Кўчаларда эса ҳаёт бир зумга тўхтамас, ёш-яланг эрталабгача кўчаларда шовқин солиб юраверарди.

Эрталабга яқин тақур-туқур овозлардан уйғониб кетдик. Юранинг ўн еттига кирган қизи ғирт маст бўлиб кириб келган, оёғида туролмаганидан ўнг келган нарсага урилиб-сурилиб гуп-гуп йиқилиб тушарди.

Юра чиқиб, қизини сўкди. Хотини Юрани, қизи онасини сўкиб, бирпасда уй қий-чувга тўлди. Аммо кўп ўтмай, ҳаммаси ўз хоналарига кириб, ухлаб қолишди.

− Энди сўкиб нима қилади? – деди отам. – Олманинг тагига олма тушади-да. Ўзлари бунақа пиёниста бўлганларидан сўнг қизлари нима бўларди? Шу қиз уйга киргунча иккита йигит билан пастда ярим соат қучоқлашиб, ўпишиб, ҳиринглашиб турганди.

Эрталаб отам тўнини тескари кийиб олди.

− Бориб, самолётга чипта олиб кел, кетамиз!

− Меҳмонхонадан жой оламан, ота, − дедим танишларимнинг уйлари, турмуш тарзлари ёқмаганини гумон қилиб. – Ҳали уч-тўрт кун айланайлик!

− Меҳмонхона ҳам керак эмас, айланиш ҳам жонимга тегди, қишлоққа кетамиз, − деди отам. – Кўнглим ғаш. Энанг тушимга кирибди. Энди кетмасак бўлмайди.

Ноилож чипта олиб келдим. Такси чақириб, аэропортга йўл олдик.

Аэропортда чипталаримизни қайд қилдириб, кутиш залида ярим соатча ўтирувдик, бизнинг самолётга йўловчиларни миндириш бошланганини эълон қилишди.

− Қулоққа ёқишини қара, улим! – деди отам.

− Русчани тушунмас эдингиз-ку, ота? – дедим ҳайрон бўлиб.

− Тошкент деган жойини тушуниб қолдим, улим, шунинг ўзи етади, − деди отам.

− Э, Худога шукур, Ватанга қайтадиган бўлдик! – деди отам самолётдаги ўз ўрнимизга жойлашиб олгач. – Энангнинг ҳам кўзи тўрт бўлиб кетгандир.

Чой олиб келган стюардесса отамнинг олди очиқ мусулмонча кўйлиги, яктаги, ургутча дўпписига ажабланиб қараб, отамнинг қаерлик эканини сўради.

– Жаласойликман! − деди отам бир керилиб олиб. − Эшитганмисан шунақа жойни? Билмасанг, билиб қўй, Ургутда шунақа қишлоқ бор. Анови Маскванг билан Ленинградингдан минг марта яхши!

Каримберди Тўрамурод

Манба: diydoraziz.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Гўринг куйсин, Исталин!» (Бошқача ҳикоя)