20:46 / 22.04.2015
20 686

Ботир Эргашев “Аллоҳимга айтиб бер” шеъри атрофида бўлаётган шов-шувларга шеърий муносабат билдирди

Ботир Эргашев “Аллоҳимга айтиб бер” шеъри атрофида бўлаётган шов-шувларга шеърий муносабат билдирди

Шоир Ботир Эргашев “Аллоҳимга айтиб бер” шеъри атрофида бўлаётган шов-шувларга шеърий муносабат билдирди.

“Суриялик мурғакнинг ўлими олдидан айтган икки оғиз гапи, барча оталар қатори менинг ҳам юрагимга қаттиқ таъсир қилди. Оқибатда бир шеър ёзилди. Бу шеър қўшиқ бўлгач, кўп гап-сўзлар ҳам қанот ёзди. “Мен биринчи ёзганман”, деган гап устида баҳслашаётганларга айтар гапим, илтимос, ундай қилманглар! Ҳасан исмли нобуд бўлган Суриялик бу норасида, айнан мана шундай тортишувлар, келишмовчиликлар, биринчи бўлишга интилганларнинг қурбонига айланди. Хотиржам бўлинг, биз барчамиз Аллоҳнинг измидаги бандалармиз, Ундан ўтиб биринчи бўлиб бўлмайди!” (Ботир Эргашев)

БОЛАЖОНИМ

Сени болам, деб айтсам зиғирча хато бўлмас,
Мен ҳам отаман, гарчи, сендан олис маконим.
Доғингдан қон йиғласам, маломатга қолдим, бас,
Ўлиб ҳам қутулмадинг жанглардан, болажоним.

Қонталашлар туфайли бемаҳал келди шоминг,
Жонталашлар қўлида тўкилди ҳаёт жоминг.
Шеърталашлар дастидан энди талашдир номинг,
Дунё торлиги феъли танглардан, болажоним.

Дардинг оламнинг дарди кимнингдир дарди эмас,
Тинч ётсин, дея нечун руҳингнинг ғамин емас,
У ҳам битта ота-да, ёзса ёзгандир, демас,
Ёмон эзилдим фикри ланглардан, болажоним.

“Мен биринчи ёзганман”, кимнингдир бу ўкинчи,
Пайдо бўлгач, йўқолди уч-тўрт овчининг тинчи,
Майли, мен иккинчиман, майли, улар биринчи,
Чарчадим, гап-сўз, деган чанглардан, болажоним.

Мўмин мўминга душман, айт, қаёққа кетамиз,
Ҳобил ўлгач, жигаркуш бўлган Қобил бетамиз,
Одамзот ҳам Қобилдан тарқагандир, нетамиз,
Олам ранг олган, ўшал ранглардан, болажоним.

Майли бизни қўявер, бўлганча бўлдик жавраб,
Энг сўнгги суратингни қўйдим кўнглимга ўраб,
Тинч ётгин, Яратгандан барчага инсоф сўраб,
Ҳар ён занг бўлди қалби занглардан, болажоним.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ботир Эргашев “Аллоҳимга айтиб бер” шеъри атрофида бўлаётган шов-шувларга шеърий муносабат билдирди