16:47 / 14.09.2016
11 847

Ислом Каримовнинг раҳбарларга насиҳати

Ислом Каримовнинг раҳбарларга насиҳати

Юртбошимиз хотираси қалбимизда барҳаёт. Ислом Каримов томонидан айтилган энг ёрқин ибораларни sputnik нашри тўплаб эълон қилди.

РАҲБАРЛАРГА НАСИҲАТ

«Агар ҳар бир киши ўз жойида, ўз хизмати доирасида қонунга амал қилиб яшашни ҳаёт тарзига, меҳнатга муносабатнинг ахлоқ нормаларига айлантира олсагина ортиқча назоратга ҳожат қолмайди».

«Мен сизлардан фақат бир нарсани илтимос қилмоқчиман: кўпроқ одамлар орасида бўлинглар, халқнинг турмушидан, ҳол-аҳволидан хабар олиб туринглар. Айниқса, муҳтожларнинг, етим-есир, бева-бечораларнинг, эҳтиёжманд оилаларнинг муаммолари Наврўз ёки Ҳайит кунларидагина эмас, доимий эътиборингизда бўлсин».

«Худо бизга қўйган талаб битта — иймонли бўлиш, ҳалол яшаш ва ҳалол меҳнат қилиш. Ҳар қайси инсон қаерда бўлмасин ва қайси вазифани бажармасин, у вилоят раҳбарими, туман ҳокимими, хўжалик ёки корхона раҳбарими, оддий косиб ёки оддий деҳқонми — мартабаси ва касбидан қатъи назар, ўзини ҳаром-хариш ишлардан тийсин ва ўз жойида ўз вазифасини ҳалол бажарсин».

ВАТАН ВА XАЛҚ ҲАҚИДА

«Менга юксак ишонч билдирган она халқимга бош эгиб, яна ва яна бир бор таъзим қиламан. Мана шундай олижаноб, бағрикенг халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан хизмат қилиш - мен учун энг юксак шараф, олий саодатдир!»

«Ҳаракатлар деймиз, ташвишлар деймиз, қанча-қанча қийинчиликлар бошимиздан ўтди. Ҳаммаси нима учун? Ким учун? Инсон учун, миллат учун, келажагимиз учун!!!»

«Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман. Нега деганда, ҳаётимизни шундай релсга қўямизки, унинг ўз манзили бор. Бу манзил — эркинлик, озодлик ва барқарор яшаш…»

«Яна ва яна бир бор айтишни ўзимнинг бурчим, деб биламан — Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмайди, ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларини жойлаштиришга, бизнинг ҳарбийларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига мутлақо йўл қўймайди».

«Ҳаммамиз бир юртнинг фарзандимиз, Ўзбекистон — ватанимиз учун жон куйдириб яшаб, меҳнат қилишимиз, муаммоларни биргалашиб ҳал қилишимиз зарур. Маҳаллаларни, қишлоқларни, туманларни, қолаверса, вилоятларни бир-биридан ажратишга, «Менинг киндик қоним фалон маҳаллада ёки даҳада тўкилган!» деб юришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Энди ана шу касалликдан қутулиш керак!

Биз учун Ватан битта! Мамлакат битта! Бизни битта манфаат бирлаштиради: мустақил Ўзбекистон манфаатлари! Ана шу буюк мақсад, олий манфаат йўлида бирлашиб курашишимиз керак».

ВАТАНПАРВАРЛИК ТУЙҒУСИ ҲАҚИДА

«Ватан ҳисси, Ватан туйғуси барча нарсадан қадрлироқдир. Биз фарзандларимиз онгига ва қалбига ана шу туйғуни сингдиришимиз лозим. Бизнинг барчамиз ота эканлигимизни, она эканлигимизни унутмаслигимиз керак. Ҳар бир ота-она учун фарзанд камоли, оиласининг шон-шуҳрати муқаддас орзу-ҳавас ҳисобланади. Шундай экан, биз келгуси авлод баркамоллиги учун, ўғил-қизларимизнинг улуғ аждодларимизга хос оқил ва юксак маданиятли кишилар бўлишлари учун доимо эътибор бермоғимиз керак.»

Манба: diydoraziz.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ислом Каримовнинг раҳбарларга насиҳати