12:00 / 19.11.2016
31 845

Ўзбекистонда Муҳаммад (с.а.в.) авлодлари борми?

Ўзбекистонда Муҳаммад (с.а.в.) авлодлари борми?

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.

Ҳозирги кунимизда динимиз кўрсатмаларига амал қилиш амри маҳол, тақво ва парҳезкорликни, ҳоссатан бировларнинг ҳаққидан қўрқмоқлик кўпчилик учун гўёки амалга ошмайдиган хом хаёлдан ўзга нарса эмас, дейилади "Дийдоразиз" нашрида.

Тўғри, Ислом тарихини ўргансак, ўтган улуғларимизнинг ҳар бири юқорида зикри ўтган фазилатларни ўзида мужассам қилиш борасида барчага намуна бўлдиган даражада ҳаёт кечирганлар. Буни ҳаммамиз яхши биламиз. Лекин бизнинг айбимиз: «Уларнинг даврларида бошқача эди, атроф-муҳит, шарт-шароит, барча фазилатларни ҳосил қилиш учун имконият чексиз бўлган, ҳозир эса умуман бошқача. Агар тақво қиламан десанг умуман яшай олмайсан», деган баҳоналар билан ўзимизни овутамиз.

Аммо бу баҳоналаримиз дунё-охиратда ҳеч қандай муаммони ҳал этмайди, енгиллаштирмайди ва жавобгарлигимиздан соқит ҳам қилмайди. Чунки бизнинг шариатимиз ҳар қандай замон ва маконга мос бўлган шариатдир. Шунинг учун ҳам бу шариат аҳкомлари Қиёмат кунигача боқийдир.

Агар баъзилар ўйлаганларидек, у маълум бир замон ва маконга хос бўлганида, аллақачон бошқа динларга ўхшаб шариат аҳкомлари бекор қилинар эди. Хулоса шуки, ҳозирги замонда ҳам шариатимиз аҳкомларига амал қилиб, тақвони ўзига шиор қилиб, унга мувофиқ ҳолатда ҳаёт кечираётганлар оз эмас. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун икки замондошимизнинг ҳаётида бўлган ҳодисаларни ибрат тариқасида келтириб ўтсак.

Биринчи воқеа: яқиндагина бир ёшгина йигитча келиб: «Устоз, дуо қилинг, имтиҳон натижалари эълон қилиниш арафасида турибмиз. Аллоҳ таоло ўзи шарманда қилмасин, яхши баҳо чиқсин», деб дуо сўради. Дуо қилиб бўлганимдан кейин эса: «Устоз, бир нарсадан ниҳоятда ҳижолатдаман. Ёшлик қилдим, имтиҳонга кираётганимда бир йигит қўлимга ручка берди. Бу ручка билан хато ёзилган жойларни бемалол ўчириб, бошқатдан ёзиш имконияти бор экан. Имтиҳонга кираётганимизда текширувчилар ўша ручкани ҳам кўришди, лекин ҳеч қандай эътироз билдиришмади. Мен ҳам нафсимга берилиб, у ручкадан имтиҳон давомида бир неча маротаба фойдаландим, яъни хатоларимни ўчириб, тўғирладим. Энди эса қилган ишимдан ниҳоятда пушаймонман, хиёнат қилдимми, деб қўрқаяпман. Ўзи бошида ота-онам: «Пул бермасанг барибир кира олмайсан», деган эдилар. Лекин мен агар пора бериш йўли билан кирадиган бўлсам, ўқимай қўяқоламан, деб жавоб берган эдим. Бир ҳаромдан қочиб, ўзим билмаган ҳолда иккинчи бир ҳаромни қилиб қўймадимми, дея ҳижолатдаман» – деди.

Аслида ўзининг қилган хатосини ўша жойнинг ўзидаёқ тушуниб етиб, тўғрилашнинг ҳеч қандай айби йўқ. Мен у йигитчанинг саволига жавоб бериб, кўнглини кўтардим. Ичини кемираётган хиёнат тўғрисидаги фикрлардан холос бўлган йигит ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетди.

Умид қиламизки, талабалик учун имтиҳон топширганларнинг ичида бундай ҳалол, пок, адолатли, мухлис, тақволи йигит-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Чунки бунга ўхшаган воқеаларни биринчи маротаба кўриб турганимиз йўқ.

Иккинчи воқеа: бугун бир йигит саволи борлигини айтиб, қабулимга киришга изн сўради. Киргандан кейин эса гап бошлади:

«Менинг бир дўстим бор, охирги пайтларда жуда ҳам катта қарзга ботди. Қайси ишга қўл урса тескарисига кетди. Менинг ўзимдан ҳам анчагина қарзи бор, мен-ку ҳозир берасан, деб қистаб турганим йўқ. Лекин бошқа бир киши: «Тезлик билан қарзни бер», деб талаб қилавериб ҳол-жонига қўймаётган экан. Биз дўстлар унга закот берайлик, деб таклиф қилсак, у: «Мен Пайғамбар авлодлариданман, менга закот олиш мумкин эмас», деб кўнмаяпти. «Қарздорсанку, аҳволинг ҳам оғир бўлса, олсанг бўлаверади», десак ҳам олмаяпти. Ҳаттоки, қавм-қариндошларидан ҳам суриштириб кўрдик – уларнинг қўлларидаги Пайғамбар авлодларидан эканлигига далолат қиладиган «шажарада» узилиш бор экан. Биз унга: «Пайғамбар авлоди эканлигинг ҳам аниқ эмас экан, закот олиб, қарзингни тўлай қолмайсанми?» десак ҳам кўнмаяпти. «Мен барибир Пайғамбар авлодиман, менга мумкин эмас», деб турибди. Шунга нима дейсиз, қори ака», дея сўради.

Мен унга: «Бир инсон ўзини Пайғамбар авлодиман, менга закот олиш ҳаром, деяётган бўлса, унга сизлар мажбурлаб закот бермайсизлар-ку. Ёки ўзи ҳаром деб турган нарсани мажбурлаб оғзига тиқасизларми? Бу мумкин эмас ахир! Аксинча, дўстингизга закот ҳаром бўлса, эҳсон ва ҳадя қилиш йўли билан ёрдам беринглар. Ахир дўстингиз ниҳоятда тақводор, ўз иффатини ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг наслу насабларига тегишли бўлган алоҳида ҳурмат ва эҳтиромни сақлайман, бу йўлда қийналсам ҳам майли, деб турса, сизлар уни бошқача йўлга бошлайсизларми?», деб тушунтирдим. Кейин у йигит ҳам: «Ҳа майли, унда бир нарса дея олмайман, лекин анчагина қарзи бор-да», деб чиқиб кетди.

Ҳа азизлар, ҳозирги кунда арзимас мол-дунё учун обрў-эътибори, ғурур-иффати, миллату юрти, иймону эътиқодини сотишга тайёр турганлар қанчадан-қанча. Ҳаттоки, Пайғамбар авлодиман, деб даъво қилиб юрганларнинг қанчаси закот олиш учун мазкур даъвосидан воз кечганига ўзимиз гувоҳ бўлганмиз. Бу йигитга эса осонгина закот олиш йўли билан бутун қарзларидан қутилиб олиш учун шундай имкониятлар бўлиб турганда, у ўзининг тақвоси туфайли шубҳали ёки ҳаром бўлган имкониятдан юз ўгираяпти.

Юртимизда Пайғамбар авлодиман деяётганлар анча-мунча миқдорни ташкил этади. Аллоҳдан илтижолар қилиб сўраймизки, уларнинг барчаси ҳам буюк шараф бўлмиш Пайғамбар авлоди эканликларига муносиб ҳаёт кечирсинлар. Аллоҳ таоло эса уларнинг сон-саноғини кўпайтирсин.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда Муҳаммад (с.а.в.) авлодлари борми?