19:18 / 20.12.2016
9 646

Ўзбекистонда ИИВ ходими қачон қурол қўллай олишга ҳақли?

Ўзбекистонда ИИВ ходими қачон қурол қўллай олишга ҳақли?

«2014 йилда АҚШда бир йил давомида 1100 нафар фуқаро полициячи томонидан отиб ўлдирилган. Бу расмий тан олинган маълумот. Бу нимадан далолат беради? Бу АҚШ полицияси ўз ишини яхши билмаслигини эмас, балки уларда қонунчилик миллий қонунчилигимизга нисбатан анча қаттиқлигини кўрсатувчи омилдир», — дейди ИИВ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Турғунов.

ИИВ мулозими бу фикрларни Бош прокуратура томонидан бошқа манфаатдор идоралар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил қилинган «Ҳуқуқий маданият – ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий шартларидан бири» мавзусидаги халқаро давра суҳбатида айтиб ўтган. Мазкур тадбирда маъруза қилган И.Турғунов бу борада Ўзбекистондаги аҳвол хусусида ҳам тўхталиб, ўттиз икки йилдан бери ИИВ тизимида ишлашини, ички ишлар идораларида қурол қўллаш ҳаддан ташқари либерал (яъни инсонпарварликка қаратилган)лигини айтиб ўтди, деб ёзади tafsilot.uz

Бизда (Ўзбекистон ИИВ тизимида) қуролни қўллашдан олдин, албатта бир неча хил усулда огоҳлантириш талаб этилади. Масалан, қаттиқ овозда «Тўхта, отаман!» деб айтиш, осмонга отиш, булар ҳам кор қилмаса, жиноятчининг оёғига отиш керак. Айрим ҳолатларда, жумладан, болаларга, аёлларга, ногиронларга нисбатан қурол қўллаш мутлақо тақиқланади. Бу қонунчилигимизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Яқинда қабул қилинган «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунда ҳам бу кўрсатиб ўтилган.

Илҳом Турғуновнинг маълум қилишича, ҳар бир қўлланилган қурол бўйича прокуратура органлари зудлик билан текширув ўтказиб, унинг тўғри қўлланганини текшириб кўришади. Агар бу жараёнда қонунбузарлик аломатлари аниқланса, жиноят иши қўзғатилади. Илҳом Турғуновнинг таъкидлашича, бу жуда мураккаб ва узоқ давом этадиган жараёндир.

Ўзим 32 йиллик фаолиятим давомида бир марта қурол қўллаганман. 1987 йилда қопоғон ит тишлаб олай деганда, шу итни отиб, икки ой тергов берганман. Бу билан нима демоқчиман: қуролдан фойдаланиш бизда қаттиқ тартибга солинган.


2016 йил 16 сентябрда қабул қилиниб, 2017 йил 17 июндан кучга кирадиган «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасига кўра, ички ишлар органи ходими қуйидаги ҳолларда ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига эга:

— фуқароларни ёхуд ўзини ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган, зўрлик ишлатиш билан қилинган ҳужумдан ҳимоя қилишда;

— гаровдагиларни озод қилишда;

— ўта оғир жиноятни содир этиш чоғида кўриб қолинган ва яширинишга уринаётган шахсни ушлашда, агар бошқа воситалар билан бу шахсни ушлаш имкони бўлмаса;

— ички ишлар органларининг ўқотар қуролларини, ўқ-дориларини, портловчи моддаларини, транспорт воситаларини, махсус ва жанговар техникасини эгаллаб олишга бўлган уринишларга чек қўйишда;

— фуқароларнинг уй-жойларига, давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг қўриқланадиган объектларига, ўта муҳим юкларига, транспорт воситаларига, биноларига гуруҳ бўлиб қилинган ҳужумни ёки қуролли ҳужумни даф этишда;

— қуролли қаршилик кўрсатаётган шахсни, шунингдек ёнидаги қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни, портлатиш қурилмаларини, заҳарли ёки радиоактив моддаларни топшириш тўғрисидаги қонуний талабни бажаришни рад этаётган шахсни ушлашда;

— жиноят содир этишда гумон қилиниб ушлаб турилган шахсларнинг, ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг қамоқдан қочиб кетишига чек қўйишда, шунингдек ушбу шахсларни куч ишлатиб озод қилишга бўлган уринишларга чек қўйишда;

— агар транспорт воситасининг ҳайдовчиси фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқий хавф туғдирса ҳамда ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қарамай, тўхташдан бош тортса, ушбу транспорт воситасини шикастлаш йўли билан тўхтатишда;

— инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солаётган ҳайвонни зарарсизлантиришда;

— қурол ишлатиш нияти ҳақида огоҳлантириш сифатида ўқ отишда, юқорига қарата ёки бошқа хавфсиз йўналишда ўқ отиш орқали хавф-хатар сигнали беришда ёки ёрдамга чақиришда.

Ички ишлар органининг ходими ўқотар қуролни қўллашдан олдин огоҳлантириши шарт, бундан унинг ҳаётига ёки фуқароларнинг ҳаётига бевосита хавф таҳдид солаётган ҳоллар мустасно.

Аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан ўқотар қуролни қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли ҳужум қилганлиги, қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд ички ишлар органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Ўқотар қурол қўлланилиши натижасида тасодифий шахслар жабрланиши мумкин бўлса, ички ишлар органи ходими кўп фуқаролар тўпланганда уни қўллаш ҳуқуқига эга эмас.

Ички ишлар органлари қуроллантириладиган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дорилари турларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Ушбу рўйхатга кирмайдиган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дорилари билан ички ишлар органларини қуроллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда ИИВ ходими қачон қурол қўллай олишга ҳақли?