20:06 / 09.01.2017
6 816

Бухорода эркин туристик ҳудуд яратиш масаласи муҳокама қилинди

Бухорода эркин туристик ҳудуд яратиш масаласи муҳокама қилинди

Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев вилоят олимлари билан учрашди. Бу ҳақда "Дарё" хабар бермоқда.

Мажлисда таъкидланишича, бугунги кунда Бухоро вилоятидаги олий таълим муассасаларида 50 дан зийод фан доктори, 318 нафар фан номзоди, кўплаб ёш тадқиқотчилар фаолият юритмоқда. Вилоятнинг олий таълим муассасаларида мутахассис кадрлар тайёрлаш билан бирга, фан ва ишлаб чиқаришнинг долзарб масалаларида илмий, жумладан, фундаментал тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бунда давлат томонидан ажратилаётган грантлар, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тузилмалари ҳамда хорижий университет ва институтлар билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда.

Учрашувда илм-фанни янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Соҳа инфратузилмасини ривожлантириш, яратилаётган янгилик, ихтиро ва ишланмалар ижодкорларини рағбатлантириш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш масалалари муҳокама қилинди. Вилоятда шу мақсадда илмий-техникавий лойиҳалар жамғармасини ташкил этиш, олий таълим муассасалари ҳузурида замонавий лабораториялар ва конструкторлик бюролари тузиш, уларнинг ишлаб чиқариш корхоналари билан манфаатли алоқаларини кенгайтириш хусусида фикр алмашилди.

“Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотини 2030-йилга бориб икки баробар ошириш режалаштирилган, — деди Бухоро давлат университети ректори А. Тўлаганов. — Бунда фан ва техника ютуқларидан кенг ва самарали фойдаланиш ҳисобига моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бухоро вилояти катта ерости фойдали қазилмалари захирасига эга эканини таъкидлаш лозим. Масалан, қурилишбоп гипс, оҳактош, бўёқли минераллар, графит конлари етарли. Лекин уларни қайта ишлаш талаб даражасида эмас. Вилоятда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари ҳудудий саноат маҳсулотлари таркибида 7–7,5 фоизни ташкил этмоқда. Бу масалани самарали ҳал этишда илмий ишланмаларнинг алоҳида ўрни бор. Бугунги кунда муқобил энергия ишлаб чиқаришга эҳтиёж катта. Мамлакатимиз, хусусан, Бухоро вилоятида қуёшли кунлар 310–320 кун экани, ҳар квадрат метр майдон юзасига ўртача 750–800 киловатт/соат қувватига тенг қуёш энергияси тушиши инобатга олинса, гелиотехникани ривожлантиришда катта имкониятлар мавжудлиги аён бўлади. Университетимиз бу борада илмий изланишлар олиб борилаётган Бухоро муҳандислик-технология институти, Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг Бухоро филиали билан ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда”.

Учрашувда археологик қазишмалар олиб бориш орқали Бухоро тарихини янада кенг ўрганиш мақсадида қурилиш муҳандислари, реставратор кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди.

Бухорода эркин туристик ҳудуд яратиш, вилоятнинг сайёҳлик брендини ишлаб чиқиш, экология, суғоришда сувни тежашга хизмат қиладиган замонавий технологияларни жорий этиш каби кўплаб масалаларга ҳам эътибор қаратилди.

Вилоят ҳокими кўтарилган масалалар ечими бўйича аниқ таклиф ишлаб чиқиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Бухорода эркин туристик ҳудуд яратиш масаласи муҳокама қилинди