Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 33 нафар ҳуқуқшунос сайланди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 33 нафар ҳуқуқшунос сайланди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 33 нафар ҳуқуқшунос сайланди

Марказий сайлов комиссияси (МСК)нинг 25 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида парламент қуйи палатасига сайлов якунлари кўриб чиқилди ва сайлов округларида ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Конференциясида сайланган депутатлар рўйхатга олинди. Бу ҳақда МСК раиси ўринбосари Светлана Ортиқова маълум қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов бўйича тузилган 135 та сайлов округидан 127 тасида битта депутатлик мандати учун 4 нафардан номзод, 8 тасида 3 нафардан номзод кураш олиб борди. Ўзбекистон бўйича сайловчилар рўйхатига 20 миллион 789 минг 572 нафар сайловчининг фамилияси киритилиб, сайловда 18 миллион 490 минг 245 нафар ёки сайловчиларнинг 88,94 фоизи қатнашди.

Овоз бериш натижаларига кўра, 113 та сайлов округида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайланди. Уларнинг 47 нафари Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан, 28 нафари Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан, 21 нафари Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан ва 17 нафари Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, 21 декабрь куни Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Конференциясида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 15 нафар депутати сайланди.

Сайланган депутатлар орасида иқтисодиёт соҳаси вакиллари – 31 киши, таълим соҳаси вакиллари – 26 киши, ҳуқуқшунослар – 33, ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари – 21, тиббиёт соҳаси – 7, жамоат ташкилотлари – 3, бошқа соҳа вакиллари – 7. Ёш бўйича 29 ёшгача – 6 нафар, 30-39 ёшдагилар – 39 нафар, 40-49 ёшдагилар – 44 киши, 50 ва ундан катта ёшдагилар – 39 киши.

Депутатларнинг 43 нафари магистр, фан номзоди ва фан доктори илмий даражаларига эга. Депутатлар таркибида ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, корейс миллатларининг вакиллари бор. Сайланган 128 нафар депутатнинг 21 нафари хотин-қизлардир. Депутатларнинг 38 нафари олдинги чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари бўлган.

Foto: UzA
Манба: Kun.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru