Ўзбекистон МСКга парламент сайлови якунларига таъсир қиладиган мурожаатлар келиб тушмади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Ўзбекистон МСКга парламент сайлови якунларига таъсир қиладиган мурожаатлар келиб тушмади

Ўзбекистон МСКга парламент сайлови якунларига таъсир қиладиган мурожаатлар келиб тушмади

Ўзбекистонда 21 декабрь куни бўлиб ўтган парламент сайловлари “миллий сайлов қонунчилиги талабларига, унда мустаҳкамлаб қўйилган очиқлик, ошкоралик ва муқобиллик каби демократик тамойилларга тўлиқ мос ҳолда ўтказилди”. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси ўринбосари Светлана Ортиқова 25 декабрь, пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Ортиқова хонимнинг сўзларига кўра, парламент сайловлари қонунчилик талаблари доирасида ўтказилганини МСК томонидан рўйхатга олинган 5 та халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти миссияларининг сайлов якунлари бўйича баҳолари, қолаверса, хорижий мамлакатлар кузатувчиларининг ОАВга берган интервьюларидаги эътирофи ҳам тасдиқлайди.

“Энг муҳими, сайловчиларимиз ўзларининг конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш учун барча шароитлар мукаммал яратилганини эътироф этишди”, – дейди Светлана Ортиқова.

“Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Марказий сайлов комиссиясига сайлов якунларига таъсир қилиши мумкин бўлган сайлов тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги юзасидан маълумот ва мурожаатлар тушмади”, -дея қўшимча қилди Светлана Ортиқова.

Манба ва фото: Kun.uz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru