Артур Таймазов РФ Давлат думаси депутатига айланиши мумкин » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Артур Таймазов РФ Давлат думаси депутатига айланиши мумкин

 Артур Таймазов РФ Давлат думаси депутатига айланиши мумкин

Эркин кураш тарихидаги энг совриндор спортчилардан бири Артур Таймазов «Единая Россия» партияси номидан Россия Давлат думаси депутатларни саралаш бўйича дастлабки овоз беришлар учун номзод сифатида ҳужжат топширди.

«Мен ҳозир жамиятдаги жараёнларга бефарқ қараб тура олмайман ва мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишни истайман. Дастлабки сайловларда иштирок этиш – бу менинг онгли равишда қабул қилган қарорим, мен ўз халқимга шу орқали фойда келтиришни истайман», – дея Таймазовнинг сўзларини келтиради партиянинг Шимолия Осетиядаги бўлими сайти.

Дастлабки овоз беришлар 22 май кунига белгиланган. 2 апрелдан номзодлар иштирокида дебатлар бошланади. Охирги дебатлар 15 май куни бўлиб ўтади.

Ўтган йилнинг октябрида Ўзбекистон номидан иштирок этиб эркин кураш бўйича 3 марта олимпиада чемпиони бўлган Артур Таймазов Рио-де-Жанейро олимпиадасида иштирок этмаслигини билдирди. У спортчилик фаолиятини якунлаш ҳақида Санкт-Петербургда ўтказилган VII «Спорт. Человек. Здоровье» номидаги халқаро илмий конгресси вақтида маълум қилганди.

Таймазов Россиянинг П. Ф. Лесгафт номидаги университети аспирантурасига ўқишга киргани, профессор Борис Тараканов раҳбарлиги остида олий синфдаги курашчиларнинг индивидуал тайёргарлигига бағишланган диссертация ёзишни режалаштираётгани ҳақида айтганди.

«Кўзимда ўтказилган жиддий операция туфайли жуда кўп вақтни йўқотдим. Шифокорлар машқ қилишни тақиқлаб қўйди. Қолган вақт ичида Олимпиадада муносиб равишда қатнашиш учун тайёргарлик кўришга улгурмайман. Сайёҳ сифатида боришдан эса маъни йўқ. Спортдаги карьерамни тугатиб, илм-фандагисини бошлашга қарор қилдим», — деганди Таймазов.

Асли осетиялик, Ўзбекистон номидан курашган Артур Таймазов мамлакат тарихидаги олтита Олимпиада олтин медалларининг учтасини олиб келган (2004, 2008, 2012). У 2000 йилги Олимпия ўйинларида кумуш медал олган, икки марта жаҳон чемпиони, 2 марта Осиё чемпиони, 3 марта Осиё ўйинлари чемпиони бўлганди.

У Ўзбекистон олдидаги хизматлари учун 2012 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган эди деб хабар беради "Кун" нашри.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru