Бир ҳафтада озишнинг 17 усули » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
28-04-2016 | 22:46 ZAMIN.UZ / Жамият / 28 Апрел 2016 года
2 398

Бир ҳафтада озишнинг 17 усули

Бир ҳафтада озишнинг 17 усули

Фойдали одатлар туфайли озишга ҳаракат қиламиз.

Озиш учун парҳез қилар эканмиз, тезроқ унинг натижасини кўришга ҳаракат қиламиз. Аксига олиб озиш жараёни жуда секин кечади ва кўзланган натижага эришиш осон бўлмайди. “Еlle.ru” нашри бир ҳафта давомида тезроқ озиш сирлари билан сизни таништиради, дейилади "Даракчи" нашрида.

1. Овқатланиш тартибини режалаштиринг

Кунлик, иложи борича ҳафталик таомномангизни режалаштириб олсангиз, фастфудларга камроқ мурожаат қиласиз. Якшанба куни бир ҳафталик озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиб, ҳафталик овқатингизни тайёрлаб, музлаткичга солиб қўйинг. Тайёр овқатни тушлик қилиш учун ўзингиз билан олиб кетсангиз ҳам бўлади.

2. Албатта нонушта қилинг

Нонушта — овқатланиш жараёнидаги энг муҳим пайтдир. Айнан нонушта кундалик кайфиятни, куч-қувватни, иштаҳани белгилайди. Донли маҳсулотлар, оқсиллар, фойдали ёғлар уйғонгандан кейин истеъмол қилинса, тушликка бориб иштаҳа очилиб кетади.

3. Ҳар доим фойдали маҳсулотлар олиб юринг

Ҳали овқатланиш пайти келмаган бўлса, қорнингиз оч қоладиган бўлса, уни алдаш учун қўл остингизда бирор мева, сабзавот ёки қуритилган мева бўлсин. Ҳеч қачон шоколад истеъмол қилишга шошилманг. Қовурилган ерёнғоқ ҳам қоринни тўқ тутади.

4. Кўпроқ сув ичинг

Керакли миқдордаги сув организм фаолиятини юқори даражада ушлаб туради. Овқатланишдан ярим соат олдин ва овқатлангандан кейин 45 дақиқадан кейин ичилган сув метаболизмни яхшилайди. Овқатланиш жараёнида сув ичиш ошқозон ширасини эритиб юборганлиги туфайли ҳазм қилиш жараёнини секинлаштиради.

5. Тушликдан олдин бироз пиёда сайр қилинг

Иш жойида тушлик қилиш бир неча сабабларга кўра зарарлидир. Биринчидан ишга андармон бўлиб, кўп овқат еб қўйишингиз мумкин. Иккинчидан тушлик учун берилган танаффусдан унумли фойдалана олмайсиз. Яхшиси овқатланиш учун ошхонага, бирор қаҳвахонага чиққанингиз маъқул ёки тушлик олдидан бироз пиёда сабр қилинг. Бу сизни хотиржам қилиб, камроқ овқат ейишинигизга сабаб бўлади.

6. Тузни камроқ истеъмол қилинг

Туз шакар каби семиртирмаса ҳам, аммо унинг такибидаги натрий моддаси организмдан сувнинг чиқиб кетишига тўсқинлик қилиб, қориннинг дам бўлишига сабаб бўлади. Бундай ҳолга тушмаслик учун камроқ туз истеъмол қилиш лозим. Агар салатга туз солиш керак бўлса, унинг ўрнига лимон шарбатидан фойдаланишингиз мумкин. Тузни “оқ ажал” ҳам деб аташади. Ресторанга борганда официантдан овқатга туз солмасликни сўранг. Иродангиз етса, тузсиз овқат истеъмол қилишга ҳаракат қилинг.

7. Тушлик ва кечки овқатни мева тановул қилишдан бошланг

Асосий овқатни истеъмол қилишдан илгари сабзавотли салат ёки енгил шўрва ичишни унутманг. Агар шундай қилсангиз, ошқозонингизни фойдали тўқималар билан тўлдирасиз, ортиқча битта бургер ейишдан халос бўласиз. Салатни овқатдан олдин истеъмол қилсангиз, уни ейиш “эсингиздан чиқиб қолмайди”.

8. Кўпроқ ҳаракатда бўлинг

Автомобиль, метро, компьютер, кинотеатр, қаҳвахона, яна транспорт, телевизор олдидаги кечки овқат, кейин уйқу. Бу нарсаларни ҳисоблаб, қанчалик дангаса эканлигимизни билиб олишимиз мумкин. Ҳаракат учун спортзалдан, пиёда юришдан, офисдаги ҳар қандай жисмоний машқлардан фойдаланинг. Эскалаторнинг ўрнига зинапоядан пиёда чиқинг. Кунига 10 минг қадам ташлашга ҳаракат қилинг. Реал рақамларни кўргандан кейин, натижани янада яхшилашни истаб қоласиз.

9. Қаҳва ичинг

Бу ғалати эшитилади, тўғрими? Чунки қаҳва ҳар қандай десертнинг ўрнини босади ва соғлик учун у даражада хавфли эмас. Аммо уни ичишнинг ҳам чегараси бор.

10. Уйда овқатланинг

Уйда ўзингиз овқат тайёрласангиз, унинг калориясидан хавотирланмай, хотиржам овқатланишингизга сабаб бўлади.

11. Диққатингизни овқатга қаратинг

Компьютер, телевизор олдида ўтириб, китоб ўқиб, овқат ейиш одатини ташланг. Бу нарсалар сизни овқатни таъмини билишдан чалғитади, ошқозоннинг мияга тўйганлиги ҳақидаги сигнали етиб бормайди. Бунинг оқибатида кўп овқат еб қўясиз, қорнингизда оғирлик ҳиссини туясиз.

12. Оқ рангли маҳсулотлардан воз кечинг

Оқ рангли маҳсулотга туз ва шакардан ташқари, оқ нон, картошка, ёғли сут маҳсулотлари киради. Озишни истасангиз, уларнинг ўрнига мева ва сабзавотларни, протеинга бой ёрмаларни истеъмол қилинг.

13. Сувли мева ва сабзавотларни истеъмол қилинг

Мева ва сабзавотлар қанчалик сувли бўлса, калорияси шунча паст бўлади. Буни ўзингиз таққослаб кўришингиз мумкин: Банан (89 ккал), яшил олма (52 ккал), бодринг (14 ккал), ширин лавлаги (40 ккал). Мева ва сабзавотлар таркибидаги фойдали шарбатлар тўқлик ҳиссини беради. Бундан ташқари улар терини яхши намлантиради. Уларнинг орасида помидор, тарвуз, қовун, цитрус мевалари етакчилик қилади.

14. Терланг

Қандай ҳаракат қилишингиздан қатъи назар, терлашга ҳаракат қилинг. Кунига 15 дақиқа фаол жисмоний ҳаракат қилинг: Арқонда сакранг, югуринг, велосипед ҳайданг, ойна олдида севимли мусиқангизга рақсга тушинг.

15. Қад-қоматингизга эътиборли бўлинг

Қад-қоматни тик тутиш, осилиб тушмаган қорин инсон қоматини расо қилиб кўрсатади. Бундан ташқари қоматни тик тутиш овқат ҳазм қилишни яхшилаб, ортиқча калорияни йўқотади.

16. Медитация қилинг

Медитация ҳамда йога тана ва руҳ уйғунлигини юзага келтиради. Бу нарсалар одамни хотиржам қилиб, хаёлини бир жойга тўплайди. “Бугун уйқу олдидан музлаткични очмайман” ёки “Эртага супермаркетнинг қандолатчилик бўлими ёнидан беэътибор ўтиб кетаман” деган фикрларни амалга оширишда ёрдам беради.

17. Олдингизга аниқ мақсад қўйинг

Агар ишдан кеч қайтадиган бўлсангиз, ўзингизга соат 10 гача фитнес-марказга боришга ваъда берманг. Яхшиси спорт билан эрталаб ишга кетгунга қадар ёки дам олиш кунлари шуғулланинг. Олдингизга реал ва аниқ мақсад қўйсангиз уни бажариш енгилроқ кечади. Бу парҳезга ҳам тааллуқли. Очлик ҳисобига, ўзингизни қийнаб, ҳафтасига 7 кг озишингиз шарт эмас. Бундай аҳволда ҳолдан тойиб қолишингиз ёки очликдан кейин бўкиб овқат ейиш оқибатида мазангиз қочиши мумкин. Мақсад аниқ бўлса, уни бажариш ҳам осон бўлади.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru