ЙТҲлар сонини камайтириш учун пиёдаларга ҳам жарима солинади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

ЙТҲлар сонини камайтириш учун пиёдаларга ҳам жарима солинади

ЙТҲлар сонини камайтириш учун пиёдаларга ҳам жарима солинади

Ўзбекистонда ҳуқуқий жамиятни барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш йўлида тинимсиз изланиш ва ислоҳотлар олиб борилмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш баробарида мажбуриятлари хусусида ҳам қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинаяпти. Шу йилнинг 1-мартидан бошлаб амалиётга татбиқ этилган, Республика йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳрири ҳам шулар жумласидандир.

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги сессияси эътиборига киритилаётган қонун лойиҳалардан бири, юқоридаги қоидалардан келиб чиққан ҳолда, фуқароларнинг маъмурий жавобгарлигига оид Қонунлар тўпламига ўзгартишлар киритишни назарда тутади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алия Юнусова Олий Мажлис Сенатининг VI сессияси муҳокамасига киритилаётган қонун ҳужжатларига берган шарҳи Норма.уз сайтида эълон қилинган.

Шундай қилиб, Олий Мажлис Сенати VI сессияси муҳокамасига киритилаётган ҳужжатлардан бири Қонунчилик палатасида тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасидир.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги қарори билан янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари тасдиқланди.

Унга кўра:

-мототранспорт воситаларини бошқариб бораётган шахс махсус бош кийимида бўлиши шарт;

- тун вақтида транспорт воситасини тузатиш учун машинадан тушувчи ҳайдовчи ёруғлик қайтаргичли нимчада бўлиши керак;

- йўлнинг қатнов қисмини кесиб ўтаётган пиёда, ўз диққатини чалғитиши мумкин бўлган телефондан фойдаланиши, мутоалаа қилиши, радио ёки аудиомаҳсулотларни тинглаши, бошқа турдаги электрон воситалардан фойдаланиши тақиқланади.

Таҳлилларнинг кўрсатишича, йўл-транспорт ҳодисаларининг 54 фоизи пиёдалар иштирокида содир бўлади. Бунинг асосий сабаблари – пиёдаларнинг йўл белгилари, чизиқларининг талабига бўйсунмаслиги, рухсат берилмаган қатнов қисмидан кесиб ўтишлари, эътиборсизлик ва хавфсизлик чораларига диққат қилмасликлари ҳисобланади. 2014-йилда транспорт воситаларининг пиёдаларни уриб кетиши билан боғлиқ 506та ҳодисада қонунбузарлик пиёда томонидан содир этилгани бўйича хулоса қилинган. Уларда 100дан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмган, 431 нафар инсон жабрланган. 2015-йилда ҳам шунга ўхшаш ҳолатни кузатиш мумкин. Фуқаролар орасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш чоралари кўрилаётган бугунги кунда, «автомобиль ҳайдовчиси ҳар доим ноҳақ, деган тушунчага барҳам бериш вақти келди». Ахир, ҳар ким ўз қилмишига яраша жазо олишини таъминлаш, ҳуқуқий давлатнинг асосий жиҳатларидан бири экани кундек равшан.

Олиб борилган кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, фуқаролар, айниқса, ёш авлоднинг йўлда юрган вақтларида телефон, компьютер, аудио-видео техника воситаларидан фойдаланиши йўл ҳаракати, инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф солувчи оддий ҳолга айланиб бормоқда.

Парламентнинг Қуйи палатаси депутатларидан бири гуруҳи янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидаларини эътиборга олган ҳолда, «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишган.

Унга мувофиқ, янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари талабларига бўйсинмаган йўл ҳаракатининг ҳар қандай иштирокчисига маъмурий жазо тайинлаш орқали таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш белгиланган. Эндиликда, пиёдаларга ҳам ўз мажбуриятларини бажармаганликлари учун маъмурий жазо тайинланиши мумкин бўлади.

Бундай меъёрларнинг амалиётга татбиқ этилиши, йўл ҳаракати иштирокчиларининг масъулиятини ошириш, йўллардаги қоидабузарликларнинг олдини олишга хизмат қилиши баробарида ЙТҲларининг сони ва жиддийлигини кескин камайтиришга имкон беради.

Манба: Кун.уз

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru