Тарихнинг муқаддас саҳифаси: Ҳаж амали қандай пайдо бўлган? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Тарихнинг муқаддас саҳифаси: Ҳаж амали қандай пайдо бўлган?

 Тарихнинг муқаддас саҳифаси: Ҳаж амали қандай пайдо бўлган?

Аллоҳ таолонинг улулазм пайғамбарларидан бири Иброҳим (а.с) жуфти ҳалоллари Сора онамиз билан узоқ ҳаёт кечирдилар. Уларнинг ҳаёти Аллоҳ ва дин йўлида кураш билан ўтди. Фарзанд кўрмадилар. Қариб қолганларига қарамай, кофир қавмлар у зотни тинч қўймаганлари сабабли она ватанлари Фаластинни тарк этиб, аёллари билан бирга Мисрга кетишга мажбур бўлдилар. Ўша вақтдаги Миср подшоҳи у зот ҳақида турли гаплар борлигини эшитиб, ҳузурига чорлади.

Иброҳим (а.с) Сора онамиз билан подшоҳ ҳузурига келдилар. Подшоҳ Иброҳим (а.с) билан суҳбатлашаётганда Сора онамизга назари тушиб, ҳуснига маҳлиё бўлди ва кўнгли бузилди. Золим подшоҳ дарҳол бу гўзал мусофир аёл билан ёлғиз қолиш чораларини кўрди. Улар танҳо қолдилар. Аммо, не ажабки подшоҳ ёмон ният билан Сора онамиз томон қадам ташлаши билан қўл-оёғи ишламай қолди. Ёмон ниятидан қайтган эди, соғ ҳолига қайтди. Яна ёмон ният қилган эди, яна қўл оёғи ишламай қолди. Бу ҳолат бир неча бор такрорланди.Шунда подшоҳ меҳмонлар оддий одамлар эмаслигини тушуниб етиб, уларни рози қилиш пайига тушди. Иброҳим (а.с) ни яна ҳузурига чорлаб, ҳадялар тақдим этди. Ўша вақтнинг урф одатига кўра Ҳожар исмли бир қизни ҳам у зотга тортиқ қилди.

Иброҳим (а.с) совғаларни қабул қилиб, яна ўз юртларига қайтиб кетдилар. Ҳожарга уйланиб, Аллоҳнинг иродаси ила, тўқсон ёшларида ундан бир ўғил фарзанд кўрдилар. Фарзандга Исмоил деб исм қўйдилар. Тез орада инсон оиласида бўлиб турадиган гап-сўзлар бу оилада ҳам бўлди.

Бир куни Ибоҳим (а.с) Ҳожар онамизга гўдакни олиб сафарга отланишни буюрдилар. Учовлон сафарга чиқиб, чўлу биёбонларда узоқ юрдилар. Охири бир ерга келиб тўхтадилар. Иброҳим (а.с) Ҳожар онамизга Исмоил икковларини шу жойга ташлаб кетишга мажбур эканларини тушунтирдилар.

Ҳожар онамиз: “Эй Иброҳим, бу Аллоҳнинг буйруғими ёки ўзингизнинг ишингизми?-дедилар. Иброҳим (а.с)-“Аллоҳнинг буйруғидир”-дедилар. Шунда Ҳожар онамиз “Ундай бўлса, сиз хотиржам кетаверинг. Аллоҳ бизни ўзи муҳофаза қилиб олади”, дедилар. Иброҳим (а.с) ортларига қайтдилар. Бир жойга бориб, қақроқ чўлда ёлғиз қолаётган хотинлари Ҳожар онамиз билан ўғиллари Исмоилга яна бир бор назар ташладилар. Сўнг уларни ҳақларига Аллоҳ таолога ёлвориб дуо қилдилар.
Иброҳим (а.с) қайтиб кетганларидан сўнг ёлғиз қолган Ҳожар онамиз чанқай бошладилар. Атрофга назар солмоқчи бўлиб, ўзларига яқин турган тепаликка чиқдилар. Бу тепалик ҳозир Сафо тепалиги деб номланади. Қарши тарафдан ул муҳтарамнинг кўзларига сув кўринди, ўша тамонга югурдилар. Тепаликка чиқдилар. Бу иккинчи тепалик ҳозир Марва тепалиги деб номланади. Сув бўлиб кўринган нарса сароб экан. Ҳожар онамиз ортларига қарадилар, энди нариги томондан сув кўринди. Югуриб борсалар, у ҳам сароб бўлиб чиқди.

Шу тарзда Сафо ва Марва тепаликлари орасида етти марта югурдилар. Охири ҳолдан тойиб, чақалоқлари Исмоилни ётқизиб қўйган жойга қарадилар. У йиғлаб товонларини ерга урган жойдан сув чиқиб, қумда оқиб борарди. Ҳожар онамиз югуриб келиб: «Зам –зам» (тўхта-тўхта) дея сувнинг йўлини тўсдилар.

Бу фазилатли сув она-болага ҳам таом ҳамда ичимлик ўрнида ўтиб, улар тирикчиликларини ўтказа бошладилар.Ўшандан буён бу сувдан инсонлар тўйиб-тўйиб ичмоқдалар, юртларига олиб кетмоқдалар. Аммо бу сув заррача камаймай чиқиб турибди.

Ўша замонларда бир юртдан иккинчи юртга сафар қилиб бораётган карвонлар Ҳожар онамиз билан Исмоил яшаётган “Зам-зам” қудуғи атрофида ҳаёт борлигини узоқ яқиндан сезиб, шу томон буриладиган ва сув ичиб дам оладиган бўлдилар. Баъзилари эса хусусан Журҳум қабиласига бу жой ёқиб қолиб, доимий яшаш учун қолиб кетдилар. Шундай қилиб аста секин қишлоқ ва шаҳарлар пайдо бўлди.
Орада Иброҳим (а.с) хотинлари ва ўғилларидан хабар олгани келиб турдилар. Бир келганларида: “Исмоил ўғлим, Аллоҳ таоло мен билан сенга ўзи учун уй қуришга фармон қилди”, дедилар. Ота бола фаришта Жаброил (а.с) кўрсатиб берган пойдевор асосида тошдан Каъбани қуришга киришдилар.

Байтуллоҳнинг қурилиши битгач, Аллоҳ таоло Иброҳим (а.с) га одамларни ҳажга чақиришни буюрди. У зот чақирдилар, чақириққа «лаббай» деб жавоб берганлар ҳажга келдилар.
Ўшандан бери ҳаж ибодати давом этиб келмоқда.
Фақат Иброҳим (а.с) дан кейин, вақт ўтиши билан бу ибодатга жуда кўп бидъат ва хурофотлар аралашиб кетди. Пайғамбар (а.с) даврларига келиб, Каъбатуллоҳнинг ўзида уч юз олтмишта бут санамлар бўлган. Одамлар кийимларимизни кийиб гуноҳ ишлар қилганмиз, деб кийимларини ечиб Каъбани тавоф қилар эдилар.

Ислом дини Аллоҳ ирода қилмаган бу каби амалларни чиқариб ташлаб, ҳақиқий ибодатни йўлга қўйди. Ҳаж ибодатида улкан ҳикматлар бўлиб, бу ҳикматларнинг барчасини инсоннинг ожиз ақли тўла англаб олиши қийин. Шундай бўлсада уламолар ижтиҳод қилганлар. Ҳажда исломий бирлик ёрқин намоён бўлади. Ҳаж чоғи мусулмонларнинг ҳис-туйғулари, ибодатлари ва ҳатто сувратлари бир хил бўлади. Бу ерда ирқчилик, маҳаллийлик, табақачилик каби салбий ҳолатларга ўрин қолмайди. Ҳамма бир Аллоҳга иймон келтириб, бир Байтуллоҳни тавоф қилади.

Тинчлик исломнинг шиори экани ҳажда яна бир бор намоён бўлади. Ҳамма тинч, юрт тинч, ибодат тинч, халқ тинч. Ҳаж улкан исломий анжуман бўлиб, ҳар бир мусулмон дунёнинг турли бурчакларидан келган дин қардошлари билан учрашади. Турли масалаларни муҳокама қилади. Ислом ва иймон ришталари мустаҳкамланади.

Аллоҳ таолонинг ризолигига эришиш учун ҳамма нарсадан, ҳатто дунёвий кийимларданда холи бўлиб, ёлғиз унинг хизматига бел боғлаш зарур. Бошқа динларда Аллоҳнинг розилигини топиш учун тарки дунёчиликка бериладилар.
Ислом динида ҳаж, тарки дунёчиликнинг ўрнига жорий қилинган. Аллоҳ таоло ўз уйини улуғлаб шарафлади ва бандалари учун унга етишишни олий мақсад қилиб қўйди. Ана ўша уйни зиёрат қилган мусулмон қалби софланиб яхшилик қилишга интиладиган ва ёмонликдан нафратланадиган бўлиб қайтади. Ҳажда мусулмон банда омонлик юрти бўлмиш Маккаи мукаррамага сафар қилади. Макка улуғ муқаддас шаҳар. Аллоҳ таоло унинг номи билан Қуръони каримда қасам ичган. Ўзининг уйи бўлмиш Каъбанинг шу шуҳарда қарор топишини ирода қилган.

Охир замон пайғамбари Муҳаммад (а.с) нинг ҳам шу шаҳарда дунёга келишларини хоҳлаган. Охирги китоби Қуръони карим оятларини туширишни ҳам шу шаҳарда бошлаган. Бу шаҳарни Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Уммул қуро”- «Шаҳарларнинг онаси» деб атаган. Ҳар бир мусулмон учун азиз ва мукаррам бўлган бу муқаддас шаҳарга сафар қилиш, ҳар куни намозларида неча бор юзларини тўғирлаётган қиблани тавоф этиш чексиз бахтдир.
Ҳаж улуғ руҳий озуқа берадиган ибодат бўлиб, унда мусулмон банданинг вужуди Аллоҳ таолога тақво билан, унга тоат қилишга азму қарор билан, гуноҳларига надомат ҳисси билан тўлади. Бу сафарда Аллоҳга ва унинг расулига ва мўмин-мусулмонларга бўлган муҳаббати зиёда бўлади. Дунёнинг ҳамма тарафларидан дин қардошларига нисбатан дўстлик туйғулари уйғониб, мустаҳкамланади.

Ҳаж машаққатларни енгишни ўргатадиган машқ майдони ҳамдир. Ватандан, аҳли аёлдан, роҳат фароғатдан воз кечиб, турли қийинчиликларга ўзини урган одам, албатта, бошқа ҳар қандай машаққатларни осонлик билин енгишга малака ҳосил қилади.

Юсупов Авазбек
Muslim.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru