Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида 10та масала, 4та қонун муҳокама қилинди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида 10та масала, 4та қонун муҳокама қилинди

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида 10та масала, 4та қонун муҳокама қилинди

Аввалроқ, 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтиши, унда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши ҳақида хабар берган эдик.

Кеча, 12 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев бошқарди.

Сенаторлар ўз ишини Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасининг 23-бандига мувофиқ парламентнинг юқори палатасига киритилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги масалани кўриб чиқишдан бошладилар.

Мажлис иштирокчилари таъкидлаганларидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши давлатимиз инсонпарварлигининг, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланишининг, олиб борилаётган демократик, ижтимоий-сиёсий ҳамда социал-иқтисодий ислоҳотлар унинг мазмун-моҳиятини акс эттиришининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Амнистия актининг айрим тоифадаги шахсларга нисбатан қўлланилиши катта ижтимоий ва тарбиявий аҳамият касб этади, суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштиришга қаратилган стратегик йўлнинг давоми саналади.

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорда аёлларни, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахсларни, 60 ёшдан ошган эркакларни, чет давлатлар фуқароларини, шунингдек, қонунда белгиланган тартибда I ёки II гуруҳ ногиронлари деб топилган шахсларни, бошқа тоифадаги қатор фуқароларни (айрим чекловларни ҳисобга олган ҳолда) жазодан озод этиш назарда тутилган. Шунингдек, амнистия тўғрисидаги қарор татбиқ этилмайдиган шахслар тоифалари ҳам белгиланган.

Сенат қарори қўлланилиши тартиби белгиланиб, унда амнистия ҳужжати бўйича жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод этилиши лозим бўлган шахсларга нисбатан ишлар ҳамда материалларни судда кўриб чиқиш тартиб-таомили белгилаб берилмоқда. Бунда сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари депутатлари амнистия тўғрисидаги қарорнинг қўлланилиши, шунингдек, қарорни ижро этиш тартиб-таомиллари очиқ-ошкоралигининг таъминланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда фаол иштирок этиши назарда тутилмоқда.

Муайян тоифадаги шахсларни жавобгарликдан ёки жазодан нафақат озод қилишни, балки уларни даволашни, ишга жойлаштиришни, шунингдек, жазодан озод этилаётган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ҳаётга мослаштиришни белгилаб берувчи бир қатор тадбирлар назарда тутилган.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан таклиф этилган “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурини ижро этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Ушбу қонун аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг умумий талаблари ва асосий йўналишларини аниқлаб олиш, шунингдек, давлат ташкилотлари, нодавлат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларининг ушбу соҳадаги роли ва жавобгарлигини ошириш мақсадида қабул қилинганлиги таъкидланди. Ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёни устидан мониторинг юритиш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари назарда тутилмоқда.

Қонун аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар сифати, даражаси ва самарадорлигини оширишга, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга доир кафолатларни мустаҳкамлаб қўйган яхлит ҳужжатдир.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда ижтимоий хизматлар кўрсатиш самарадорлигини ошириш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аниқ белгилаб қўйилган, ижтимоий хизматларга муҳтож аҳоли тоифалари аниқлаб берилган, уларни аниқлаш мезонлари ва тартиби белгиланган.

Қонунда, айниқса, таълим, ишга жойлаштириш ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ижтимоий хизматлар кўрсатиш шакллари ҳамда турлари муҳим ўрин эгаллайди, ушбу соҳадаги идоралараро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик масалалари тартибга солинмоқда.

Ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонун ҳужжатларини инобатга олган ҳолда аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларга хизматлар кўрсатиш борасидаги ваколатли органлар ва ташкилотларнинг, шу жумладан, фуқаролик жамияти институтларининг, тадбиркорлик субъектларининг вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун нормаларининг рўёбга чиқарилиши ижтимоий ҳимоя қилиш тизими жамоатчилик назорати учун очиқ бўлишини таъминлайди, нафақат аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёнини тартибга солишга, балки фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини янада яхшилашга, кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифати ва самарадорлигини оширишга, мамлакатда амалга оширилаётган кўламдор кучли ижтимоий сиёсат давом эттирилишини таъминлашга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган ва парламентга киритилган “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Амалдаги қонунга киритилиши назарда тутилган ўзгартиш ва қўшимчалар касаба уюшмалари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга, қонуннинг амалда қўлланиш амалиётини таҳлил қилиш натижасида аниқланган эскирган нормалар, қоидалар ва нуқсонларни бартараф этишга, фойдаланилаётган тушунчалар ва атамаларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлашга, қонуннинг айрим нормаларини янги қабул қилинган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштиришга қаратилганлиги қайд этилди. Ҳозирги замон талабларини инобатга олган ҳолда, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар ишлайдиган жойларда, шунингдек, тармоқлар ва ҳудудлар даражасида касаба уюшмалари ташкилотларини тузиш ва фаолиятини таъминлаш тартиби белгиланди. Касаба уюшмалари органларининг сайлаб қўйиладиган лавозимларига сайланиши муносабати билан ишдан озод этилган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя қилиш кафолатлари кучайтирилди. Ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг ролини оширишга қаратилган бошқа ташкилий-ҳуқуқий механизмлар мустаҳкамланди.

Олий Мажлис Сенати аъзоларининг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий-меҳнат соҳасида касаба уюшмалари фаолияти эркинлигининг кафолатланишини таъминлашга хизмат қилади, ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилашга, ижтимоий-меҳнат соҳасида қонунийликни таъминлашга ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Ушбу қонунга мувофиқ бир қатор қонун ҳужжатларига ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларида амал қилиб турган қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 февралда қабул қилинган “Аҳолининг ҳожатманд қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Меҳнат вазирлигига ўзгартирилди, унинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари белгилаб берилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқармалари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари зиммаларига ногиронлар, шу жумладан, ногирон болалар, уруш қатнашчилари, фахрийлар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа заиф қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам бериш, имкониятлари чекланган шахсларнинг касбга ўқитилишини ташкил этиш ва инклюзив касбга ўқитишни ривожлантириш, Молия вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари зиммаларига муҳтож оилаларга ҳамда фуқароларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинланиши ҳамда тўланиши устидан мониторинг олиб бориш вазифалари юклатилди. Шунингдек, ногиронлар ва кексалар учун мўлжалланган Мурувват ҳамда Саховат уй-интернатлари, Ногиронлар учун реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази, ногиронлар учун минтақавий реабилитация марказлари, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаториялар ҳамда пансионатлар, шунингдек, қатор таълим муассасалари Меҳнат вазирлиги тасарруфидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфига ўтказилди.

Қайд этилган фармон талабларидан келиб чиқиб, қонунда бир қатор қонун ҳужжатларига, жумладан, “Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонунларга, шунингдек, Солиқ кодексига ҳамда Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Парламент юқори палатаси вакиллари таъкидлаганларидек, киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа заиф қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам беришга, уларнинг турмуш даражаси ва сифатини оширишга, шунингдек, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини юксалтиришга кўмаклашади.

“Ветеринария тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига, хусусан, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги, “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги қонунларга, шунингдек, Жиноят кодексига, Солиқ кодексига, Бюджет кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар ветеринария тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ҳамда ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатларидаги номувофиқликларни бартараф этишга, қонун ҳужжатлари нормаларидаги атамалар ва тушунчаларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлашга хизмат қилади.

Жиноятлар таҳлилини, динамикасини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳисобга олган ҳолда Жиноят кодексига фирибгарлик ва транспорт воситасини олиб қочганлик учун жавобгарликни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар киритилди.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу тузатишлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга, жазолашда адолат принципини таъминлашга, шунингдек, ушбу соҳаларда жиноят содир этилишига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга кўмаклашади.

Шунингдек, Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бюджет ҳамда смета-штат интизоми соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни таснифлашда ҳуқуқни қўллаш амалиётида мавжуд бўлган номувофиқликларнинг бартараф этилишини ва бир хилда талқин этилишини таъминлашга, шунингдек, Бюджет кодексидаги айрим нормаларнинг ва жиноят тўғрисидаги ҳамда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг мазмунидаги тафовутларни бартараф этишга қаратилган ўзгартишлар киритилмоқда.

Ушбу ўзгартишлар ҳам бюджет ва смета-штат интизомини бузганлик учун жавобгарликни янада эркинлаштиришга ва мақбуллаштиришга қаратилган. Жумладан, шу соҳада фақат кўп миқдорда ёки жуда кўп миқдорда содир этилган қилмишлар жиноий жавобгарликка, унча кўп бўлмаган миқдорда ёки анча миқдорда содир этилган қилмишлар маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Сенаторлар ушбу ўзгартишларнинг киритилиши бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни янада мақбуллаштиришга ва бюджет интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этдилар. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра сенаторлар “Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли Конвенциясини ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Конвенция Халқаро меҳнат ташкилотининг 1948 йилги Бош Конференциясида қабул қилинган бўлиб, унда ходимлар ва иш берувчиларнинг ташкилотлар тузиш, шунингдек, бундай ташкилотларга аъзо бўлиш ҳуқуқи назарда тутилган. Конвенцияда ушбу ташкилотларнинг ўз уставлари ва маъмурий регламентларини ишлаб чиқиш, ўз фаолиятини ташкил этиш, ҳаракат дастурини тасдиқлаш ҳамда рўёбга чиқариш ҳуқуқлари назарда тутилмоқда. Бирлашиш ҳуқуқини чекловчи ёки унинг қонунчилик йўли билан амалга оширилишига тўсқинлик қилувчи давлат органлари аралашувидан ҳоли бўлиш кўзда тутилмоқда, ходимлар ва иш берувчиларнинг бирлашиш бўйича ўз ҳуқуқини эркин амалга оширишини кафолатловчи чора-тадбирлар ҳамда бошқа ҳуқуқлар қайд этилмоқда.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ушбу Конвенция қоидаларига тўлиқ мувофиқ келишини таъкидладилар. Хусусан, фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқларининг конституциявий кафолатлари белгиланган бўлиб, бундай кафолатлар Ўзбекистон Республикасининг 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатида, шу жумладан, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда ва Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида мустаҳкамлаб қўйилган.

Ҳозирги вақтда 14та тармоқ, 14та ҳудудий ва 37 мингдан ортиқ бирламчи касаба уюшмаси ташкилотини бирлаштирувчи Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси 6,3 миллиондан зиёд ходимнинг манфаатларини ифодалайди.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Конвенциянинг ратификация қилиниши ҳар бир кишининг ўзгалар билан эркин уюшма тузиш ҳуқуқини, шу жумладан, касаба уюшмаларини тузиш ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун касаба уюшмаларига аъзо бўлиш ҳуқуқини кафолатловчи 1948 йилги Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясида акс этган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг умумэътироф этилган нормаларига Ўзбекистон содиқ эканлигининг исботи бўлади, шунингдек, халқаро ташкилотлар, энг аввало, Халқаро меҳнат ташкилоти билан конструктив муносабатларни ривожлантиришда муҳим омил бўлади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди таркибларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Барча кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сенатнинг ялпи мажлиси давомида демократик ислоҳотларни босқичма-босқич чуқурлаштиришга ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган 10та масала, шу жумладан, 4та қонун кўриб чиқилди. Уларнинг амалга оширилиши аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш, мамлакатда барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш учун кучли омил бўлиб хизмат қилади.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru