14:01 / 27.10.2016
8 944

Ҳомиладор аёл 58-автобус ҳайдовчиси устидан шикоят қилди

Ҳомиладор аёл 58-автобус ҳайдовчиси устидан шикоят қилди

Кеча, 26 октябрь куни, Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани, Ҳамид Олимжон бекатига катта тезликда келиб тўхтаётган автобус ҳайдовчиси она ва боланинг автобусга чиқиб олишини кутмай, қизалоқ автобусга чиққач, эшикларни ёпиб, ўз йўналишида давом этган.

Ҳомиладорликнинг 39 ҳафтасида бўлган аёл эса автобус ортидан югуриб, аранг уни тўхтатган ва қизини автобусдан тушириб олган. Ўзи билан содир бўлган кўнгилсиз воқеа ҳақида Facebook’нинг “Потребитель.уз” гуруҳи аъзоларидан бири Надежа Удовиченко ёзиб қолдирди.

Унинг хабарида шундай дейилади:

“Сизларга автобуслардаги тартибсизлик ҳақида айтиб бермоқчиман. Кеча, (26.10.2016) соат 18:20 да қизим билан Ҳамид Олимжон автобус бекатида 58-автобусни кутаётгандик. У катта тезликда келиб, бекатдан нарироқда тўхтади. Автобусга чиқишга шошилдик. Биз автобусга охирги йўловчилар сафида чиқаётгандик. Қизимнинг қўлидан ушлаб, унга автобусга чиқишга ёрдам бердим. Қизим иккинчи оёғини автобусга қўйиши билан автобус эшиклари ёпилди, мен эса кўчада қолиб кетдим. Автобус эса ўз йўлида кета бошлади.

Бу ҳолат шунчалар тез юз бердики, ҳатто, нима бўлаётганини тушунолмай қолдим. Ўша вақтда нимани ҳис қилганимни сўз билан таърифлаб бериш қийин. Ноилож автобуснинг ортидан югура бошладим ва тўхтатишни сўраб қичқирдим.

Айни дамда 39 ҳафталик ҳомилам бор. Шу ҳолатда анча масофага югуришимга тўғри келди. Ҳайдовчи қичқираётганимни эшитди шекилли автобус тўхтади. Автобус чиқишим билан ҳайдовчини койиб бердим. Чиптачи эса ҳайрат билан “Яхши қиз, нега жаҳлингиз чиқаяпти? Шунчаки автобуснинг ён ойнаси йўқ, шунинг учун ҳайдовчи автобусга ҳамма чиқаётганларни кўра олмайди”, деди. Мен эса автобуслар саройи ёки автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаларига бориб, ён ойнани ўрнатсин, деб айтдим.

Автобус бўлиб ўтган воқеадан кейин ҳам худди бирор жойга шошилаётгандек катта тезликда юра бошлади, қатор қоидаларни бузди. Қўрқинчли бу ҳолатдан бошим узоқ вақтгача оғриди, ўзимга кела олмадим. Ахир ҳомиладор ҳолатимда шундай ҳолатга учраш ҳазил гап эмас. Бугун тонгда “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилиб шикоят қолдирдим. Шикоятимга эътиборсиз қарашмайди ва чора кўришади, деган умиддаман”.

Гуруҳ аъзосининг ёзганларини ўқиб, бошқа фойдаланувчилар ҳам вазиятга ўз муносабатларини билдиришган. Айтиш керакки, кўпчиликнинг айнан автобус қатнови, ҳайдовчиларнинг бошқаруви, маданияти борасидаги фикрлари салбий:

“58-автобус катта тезликда юради. Баъзида эшикларини охиригача очмасдан туриб жойидан қўзғалади. Автобус саройларини назоратга олиш ва бундай тартибсизликларга чек қўйиш керак”.

“Мен Тез ёрдамда ишлайман. Кўпинча ЙТҲ ҳолатларини кузатаман. Одамлар, эътиборли ва тартибли бўлинглар. ЙТҲдан кейин шифохонага жабрланганларнинг қай аҳволда келишларини кўрганингизда эди...

Мазкур воқеадан ҳайдовчилар, хусусан, автобус ҳайдовчилари тўғри хулоса чиқарса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Биз ҳам фуқаронинг мурожаати инобатга олиниб, автобус саройи томонидан ҳайдовчига тегишли чоралар кўрилади, деган умиддамиз. Зотан, ҳайдовчилар кун давомида автобусга чиқаётган юзлаб, минглаб одамлар ҳаётига масъул эканларини унутишмасин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳомиладор аёл 58-автобус ҳайдовчиси устидан шикоят қилди