17:01 / 05.11.2016
8 641

Фолчи холанинг найранглари

Фолчи холанинг найранглари

«Фолбинга ишонма, фолсиз юрма» деган гапни ўзига нақл қилиб олган Назира хола – қўлида тугунча, эрта тонгданоқ қаэргадир жўнаш учун ҳозирлик кўра бошлади. Хотинининг у хонадан бу хонага ўтавериб, ивирсишидан уйғониб кетган Фармон ака билдики, яна фолбинга боради.
Сўнгги пайтларда зўр фолбинлару нафаси пўстакни ҳам ҳавога учирадиган «куф-суф»чи эшонлар кўпайиб кетди. Бундайлар ҳар қишлоқда топилади. Фолбини, эшони йўқ қишлоқларга «гаст¬рольёр» эшонлар ҳам келиб кетишади. Ҳатто шаҳарлардаги маҳаллаларда ҳам ўшандайларни кўриб турибмиз.

– Эй, нодон хотин, нималар қиляпсан? – деди Фармон ака жиғибийрон бўлиб. Хотин парво қилмади. Бунга сабаб бор эди. Қўшниси Тоштемир анчадан буён Водариқ қишлоғида трактор ҳайдарди. Пешона тери билан меҳнатига яраша куни ўтарди. Бировдан бой ҳам, камбағал ҳам эмасди. Лекин охирги пайтларда соғлиғи туфайли тракторини ҳайдамай қўйди. Уйда ётаверишдан зерикиб, чойхонага чиқиб улфатлари билан чақчақлашиб ўтирадиган бўлиб қолди. Эрининг ишламаётгани, ўғлининг ўқишга кира олмагани Тоштемирнинг хотинини ташвишга солди. Аллақаэрларгадир бориб фол очириб, келиб юрди. Фолбинларнинг бари бир хил куйни «чалишади». Яъни ўғлининг ўқишга кира олмаслиги ва Тоштемирнинг ишлари орқага кетаётганининг сабаби ҳовлисида кўмильган ва кимдир овқатга қўшиб едирган дуо эмиш. Ўшакчи аёлларнинг миш-мишига қараганда мана шу «дуо»ларнинг нархи арзимаган ўн беш-йигирма минг сўм пул экан. Бунинг балоси эса кўтара ташвиш. Буни қарангки, овқатга қўшиб едирилган дуо одамни ўлдириш даражасига бораркан. Табиийки, савол туғилади: бу дуони кимлар қилади? Жавоби ҳам қизиқ. Булар мўмай даромад илинжида юрган аллақандай эшонлару отинойилардан чиққан қилиқлар. Қайси эшон, қайси отинойи – буниси номаълум.
Пул ўлсин-а, пул ўлсин. Одамни не кўйларга солмайди.
…Бу гапларга ишонган Тоштемирнинг хотини «кўп нима қилса, шуни қиламан», деб ҳаракатга тушиб қолди. Уйига нотаниш бир аёлни бошлаб келдида, кўмильган дуони олишга ўша фолбин аёллардан бирини ёрдамга чақирди. Фолчи қўлидаги ўқлов билан ерни қадам-бақадам айланиб, уч-тўрт жойга бориб келди. Дафъатан ғалати алфозда кекира бошлади. Гилос тагини кўрсатиб, «мана шу ерда бир нарса бор, кавланг», деб буйруқ берди. Ёрдамчи аёл шоша-пиша кавлай бошлади. Бу ерда тугун, сим ва суяк чиқади деб олдиндан башорат қилди. Ҳақиқатан ҳам, айтган нарсалари кавлаб олинди ва сув тўлатилган челакка солинди. Бошқа жойлардан ҳам шунга ўхшаш кичик суяклар, латтага ўралган тугунлар чиқди. Фолбин челакдаги суякларни олдида, булар оилангизга қилинган дуо, саломатлигингизга ёмон таъсир қилади, матога тугилган толали қора нарсаларни эса сеҳр-жодунинг энг каттаси дея, буни эрининг иши юришмаётганига ва ўғлининг ўқишга кира олмаслигига йўйди. Ниҳоят, «миссия» ҳам якунланди. Фолчи: «Уйингиз, топ-тоза бўлди. Ҳеч нарсадан хавотирланманг. Аканинг ишлари энди зап юришиб кетади, ўғлингиз ҳам ўқишга киради» дея ишонч билдириши билан «умрингиздан барака топинг», деган мақтовга мушарраф бўлди.
Ҳовлида яшайдиганлар яхши билишади. Суяк кемирмайдиган ит йўқ. Егани етмагандай қаэрдан нима топса, олиб келиб ўзига қулай жойга кўмиб кетади. Ҳозирги ҳолатда ҳам шундай бўлганди. Олапарнинг «иши» фолбинга қўл келганди. Хуллас, навбат ҳисоб-китобга келди. Уйнинг тўридан жой тайёрланиб, аввалдан фолбиннинг «заказ»и билан қозонга босилган оқ товуқ гўштидан шўрва сузилди. Ов-қатдан кейин, аёл бор-будини олиб чиқди. Икки кўйлакка етадиган мато, учта рўмол, ўғил уйлантирсам келинимга деб олиб қўйилган тилло узук ва икки юз минг сўм пул «халоскор»нинг олдига қўйилди. Фолбин шунда ҳам ранги бўзариб, қўйилган нарсаларга рози бўлар-бўлмас дастурхонга дуо айтдию, ўрнидан қўзғалди. Қишлоқда гап ётмайди. Бу гапларни эшитган Фармон аканинг хотини безовта. Қўшниси қилган ишни бажариб, ҳовлисини «тоза»латиб олмоқчи.
Бу каби ҳолатларнинг тобора омма¬лашиб бораётгани кишини ташвишга солиши билан бир қаторда огоҳликка ҳам чорлайди. Бир-бирини кўра олмаслик, ҳасад каби иллатларнинг тобора кучайиб бориши маънавий тубанлик натижасидир. Фармон ака шу ҳақда кўп ўйлайди. Ахир, ота-боболаримиз, момоларимиз ўзаро меҳр-оқибат, болажонлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат руҳида ҳаёт кечиришганку. Бу каби салбий ҳолатларнинг «урчиши» ҳақида жиддийроқ ўйлаш керакка ўхшайди.
Фармон ака йигирма йилдирки, ўқитувчилик билан машғул, ўқувчилар маънавиятини юксалтириш ҳақида қайғуради. Шу тобда аёлининг маънавиятдан бу қадар йироқлашуви уни ташвишга солиб қўйди. Набираси Аъзамжонни олдида, хотини топган фолчининг уйига йўл олди. Фолбин ҳам фол кўрар, ҳам томоқдан аллақандай сеҳр-жодуларни оларкан. Ҳар очган фолига арзимаган минг сўм оларкану, томоқ масаласига келганда «иштаҳаси» очилиб кетаркан. Беш минг сўмдан йигирма минг сўмгача нарх қўяркан. Фолчининг уйи шунчалик дабдабали, нақ қасрнинг ўзи! У ерда кўпчилик аёллар, болалар, ёш қиз-жувонлар, ҳаттоки эркаклар ҳам навбат кутиб турарди. Фармон ака буларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлади. «Одамларга бир бало бўлганми, фалончининг ҳўкизи туғди десаям ишонишса-я?!» Фолбин дарвозадан кириш жойида – оқ рангга бўялган кичкинагина хонада фол очаркан. Аъзамжон бориб бувисининг қўлидан тутиб «бобом чақиряпти» дея уларнинг орасидан етаклаб чиқди. Соат ўндан ўтибдики, каллаи саҳарлаб кетган Назира холага навбат келмапти. Эрининг жаҳлини биладиган хола индамай изига қайтди. Фармон ака эса уни тергашни ҳам, кулишни ҳам билмасди. Кечки овқат пайтида эса, келини, ўғли ва набираларини олдига олиб, айрим одамлар орасидаги бу каби ҳолатларга ўз муносабатини билдирди ва бундай иллатларга қарши курашда фақат юксак маънавият, ақл-идрок, кўп китоб ўқиш, ўзаро меҳр-оқибатли бўлиш фойдали эканини айтиб насиҳат қилди. Унинг фикрини набираси Аъзамжон давом эттирди. У бугун мутолаа қилган «Сариқ девни миниб» асаридаги Сора фолбиннинг қилмишларини гапириб берди. Назира хола эса ўзига тегишли хулоса чиқарди ва бош¬қа бундай ишларни қилмасликка сўз берди. Шундан сўнг дастурхон теграсида қадоқ қўллар очилиб, юртга тинч¬лик, ёшларга бахт-саодат, инсоф ва диё¬нат, одамлар орасида меҳр-оқибат йўқолмасин деб юзга фотиҳа тортилди.

Муҳаммадали МАМАДАЛИЕВ

Манба: Mulohaza.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фолчи холанинг найранглари