Абдулла Орипов Тошкентдаги Чиғатой қабристонида дафн этилади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
07-11-2016 | 12:33 ZAMIN.UZ / Жамият / 07 Ноябр 2016 года
1 464

Абдулла Орипов Тошкентдаги Чиғатой қабристонида дафн этилади

Абдулла Орипов Тошкентдаги Чиғатой қабристонида дафн этилади

“Бу жудоликка Қандай чидайин? Энди қандай нафас оламан? ...меҳрибоним, чиройли отажоним энди йўқлар, бу дунёда йўқлар. ...мени ташлаб кетдилар”. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг қизи Юлдуз Орипованинг ижтимоий тармоқда отасининг вафоти сабаб ёзган юқоридаги сўзлари инсон қалбини ларзага келтиради.

Шу йилнинг сентябрь ойида АҚШга даволаниш учун жўнаб кетган Абдулла Орипов 5 ноябрь куни АҚШнинг Хьюстон шаҳридаги шифохонада вафот этди. Маълумотларга кўра, у 3 ноябрь куни кома ҳолатига тушиб қолган, 5 ноябрь куни эрта тонгда эса унинг аҳволи оғирлашган.

6 ноябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Қаҳрамони ва Ўзбекистон халқ шоири, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси мадҳияси муаллифи Абдулла Ориповнинг вафоти ҳақида баёнот берди.

“Маҳаллий вақт билан 2016 йил 5 ноябрга ўтар кечаси Хьюстон шаҳридаги (АҚШ, Техас штати) касалхонада Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси матни муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов оғир касалликдан сўнг 75 ёшида вафот этди. Ташқи ишлар вазирлиги марҳумнинг оиласи ва яқинларига самимий ҳамдардлик изҳор этади. Марҳумнинг жасадини Ўзбекистонга олиб келишга ва ўз ватанида дафн қилишга қарор қилган Абдулла Ориповнинг оила аъзоларига ёрдам бериш учун Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги Элчихонасига консуллик ва бошқа масалаларни зудлик билан ҳал қилиш учун барча зарур чораларни кўриш тўғрисида кўрсатма берилди”, дейилади баёнотда.

Абдулла Ориповнинг жасади ортилган самолёт АҚШдан Ўзбекистонга 7 ноябрь куни кечки соат 20:00да қўнади. Бу ҳақда шоир Муҳаммад Исмоил ўзининг Facebook’даги саҳифаси орқали хабар берди.

“Бугун кун бўйи Дўрмонда, буюк устоз Абдулла Орипов хонадонида бўлдим. Келиб кетувчи биродарларимизни устознинг туғишган акаси Абдураззоқ ака, Абдулла аканинг синглиси Бибисора опа ва қизлари Шоирахон ва Юлдузхон кутиб олмоқда. Устознинг қариндош-уруғлари, дўсту-биродарлари мотам саросимасида. Қайғу аламдан барчанинг боши эгик. Ичкаридан Юлдузхоннинг фарёди эшитилади. Унсиз кўз ёш тўкканларнинг сукунатига чидаб бўлмайди. Оғриқдан дил ўртанади”, деб ёзади Муҳаммад Исмоил.

“Zamin.uz” сайти Абдулла Ориповнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдиради.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru