Абдулла Орипов ҳаётлик вақтида ўз ўлими ҳақида ёзган шеъри эълон қилинди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
07-11-2016 | 12:35 ZAMIN.UZ / Жамият / 07 Ноябр 2016 года
1 858

Абдулла Орипов ҳаётлик вақтида ўз ўлими ҳақида ёзган шеъри эълон қилинди

Абдулла Орипов ҳаётлик вақтида ўз ўлими ҳақида ёзган шеъри эълон қилинди

6 ноябрь куни шоир Аҳад Қаюм ўзининг Instagram’даги саҳифаси орқали марҳум шоир Абдулла Орипов ҳаётлик чоғида ёзган шеърини омма эътиборига ҳавола қилди. Унинг маълум қилишича, бу шеърни эшитгач, шоирнинг дўстлари ва фарзандлари уни эълон қилмасликка аҳд қилишган. Ушбу шеърда шоир, ўз ўлими ҳақида ёзганди. Бу ҳақда Qalampir.uz хабар берди.

“Абдулла Орипов бу шеърни ёзиб, ўқиб берганларида ёнидаги дўстлари, болалари ҳўнг-ҳўнг йиғлаган эдилар. Ҳатто бу шеърни эълон қилмаймиз, деб туриб олгандик. Начора, мана, эълон ҳам қилдик. Минг афсус...” дея Аҳад Қаюм марҳум шоир Абдулла Ориповнинг “Чидайсан, болам” шеърини эълон қилган.

ЧИДАЙСАН, БОЛАМ

Жисмимни кўтариб турибди тупроқ,
Ернинг устидаман, йўқ зарра нолам.
Ўзи чорлар бир кун бағрига, бироқ,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

Ҳай дунё, ўзингни бир пулга сотдинг,
Калава топдинг-у, учин йўқотдинг.
Мен каби охири ғафлатда қотдинг,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

Инсон эзгуликдан топгай фароғат,
Нима зарур унга зулму қабоҳат.
Кимдир уриштириб, қилгайдир роҳат,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

Ерни ҳам, кўкни ҳам айладим тавоф,
Лекин ҳеч биридан чиқмади жавоб.
Бўғзимда “Нега?”, деб қотди бир хитоб,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

Дунёга боқмадим мен асло ёвдек,
Гоҳо тўсса ҳамки йўлимни ғовдек.
Ҳар ҳолда, гаплашдик икки соқовдек,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

Эслатиб ўтамиз, Абдулла Орипов 5 ноябрь куни АҚШнинг Хьюстон штатидаги шифохонада вафот этди. Унинг жасади ортилган самолёт бугун, 7 ноябрь куни АҚШдан Ўзбекистонга келиб қўнади. 8 ноябрь куни элимиз суйган шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, давлат ва жамоат арбоби, мамлакат мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов “Чиғатой” қабристонига дафн этилиши кутилмоқда.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru